Главная » 2019 » Октябрь » 20 » Қизилтепа гавҳари
13:29
Қизилтепа гавҳари

Қизилтепа тумани Ванғози қишлоғи марказида Тошмачит меъморий мажмуаси мавжуд. Бу гўзал ва қадимий мажмуа XVI асрга аниқроғи 1583-1585 йилларда бунёд этилган. Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II даврида Хўжагон тариқатининг пешвоси Хўжа Саъд Жўйборий ташаббуси билан қурилган. Хўжа Саъд Жўйборий ўз даврининг машҳур намояндаси, Бухоро шайх-ул-исломи ҳисобланган. Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институтида Бадридин Камирийнинг “Равзат ар-Ризвон ва Ҳақиқат ал-ғилмон” асарида Тошмачит ҳақида маълумотлар учрайди. Тошмачит даставвал ёғочдан тикланган. Сўнгра у пишиқ ғиштдан қайта қурилган. Тошдан қурилганлиги учун халқ орасида Тошмасжид номини олгн. Бино тўғри бурчак шаклида бўлиб баландлиги 70 см супага қурилган, ҳажми 27-24 метр, икки хона меҳроб, икки қаватли гумбазлардан иборат. Гумбазлар 2 та йирик ва икки томонлама қатор жойлашган 8 тадан 16 та кичик гумбазлари мавжуд. Марказий гумбаз диаметри 6 метр. Масжид тўрт бурчакли пишиқ ғишт ва ганч аралашмаси билан ёпилган. Ташқи деворларидаги 17 та майда туйнук ва икки ён томонидан 9 та эшиклар бино ичини ёритиб туради. Масжиднинг бош қисми шарққа қаратилган бўлиб, кириш жойи баланд пештоқлидир. Ушбу пештоқнинг икки томонини унча чуқур бўлмаган равоқсимон тоқчалар, пештоқ тепа сатҳини эса эпиграфик нақшли горизонтал панно-китоба безаб туради. Бинонинг тўрттала тарз деворлари ғиштин сатҳга эга. Ғарбий орқа тарз девори бурчакларида гулдаста шаклидаги минорачалар ўрнатилган. Ушбу тарзнинг марказида меҳроб чуқурлиги даражасида бўртма ҳажм, унинг ики томонида эса, чўққили равоқсимон туйнуклар жойлашган. 1970 йилларда ҳам бино деворидаги мозаик паннолар, ички қисмида эса, хусусан “меҳробнинг муқарнасли безаклари, шунингдек, ганч ўймакорлиги ва қирма усулидаги безаклар мавжуд бўлган. Мустаҳкам устунлар билан бўлинган бинонинг ички қисми деворлари ва тоқлари ганч билан сувалган. Масжид зали катта гумбазнинг баланд пойигумбазидаги туйнуклар орқали яхши ёритилган. Бу эса хонанинг ички қисмида ёруғлик ва соя ўйинини ҳосил қилади.Туйнукларга ганч панжаралар ўрнатилган. Эшиклар ўйма безаклар билан, меҳроб токчаси нақшлар билан безатилган. Бино 29х29х5 см ўлчовли тўртбурчак пишиқ ғиштдан қурилган. Полларига ғишт ётқизиб териб чиқилган. Масжид ёнида гўзал услубда қурилган кўркам минора бор. Унинг баландлиги 24 метр бўлиб, пойдеворининг диаметри 3,65 метр. Миноранинг тепа қисми 8 та равоқли туйнук ва шарафалар билан тугайди. Мажмуа дейилишига сабаб минора, мадраса ва ҳаммом биноси биргаликда гўзал тарихий ёдгорлик намунаси бўлган. Афсуски бугунги кунда ҳаммом биноси бузилиб кетган. Миноралар қадимдан жомеъ масжидларнинг ажралмас қисмларидан саналган  ва азон чақириш учун мўлжалланган. Шу билан бирга шаҳарсозлик аҳамиятига ҳам эга бўлган. Миноранинг ич қисми айланма тарзида юқорига қараб кўтарилиб борувчи тахминан 60 зинадан иборат. Тошмачит мажмуаси минора билан биргаликда санъат меъморчилиги нуқтаи назаридан Марказий Осиёдагина эмас, балки мусулмон мамлакатлари учун ҳам ката аҳамиятга эга. Тошмасжид обидаси бир неча бор таъмирланган. Обиданинг пештоқига XIX-XX асрларда сайқал берилган. Охирги марта 1913 йилда таъмирланганлиги ҳақида маълумотлар бор. Бироқ шўролар тузуми даврида бу ноёб обидадан омборхона сифатида фойдаланилган.

Истиқлол шабадалари кўҳна Тошмасжид обидасини ҳам ёшартирди. Айниқса биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг халқ депутатлари Навоий вилоят кенгашининг навбатдан ташқари 2002 йил 31 майда ўтказилган сессиясидан сўнг таъмирлаш ишлари бошланди ва шу мақсадда жамғарма тузилди. 2003 йил май сентябрь ойларида тарихий меъморий ёдгорлик янгича қиёфада намоён бўлди, атрофи ободонлаштирилиб, бугунги кунда Ванғозининг сўлим ва қадимий номига муносиб, савлат тўкиб турган чиройли зиёратгоҳга айланди. Ҳозирги кунда зиёратчилар ва маҳаллий аҳолининг севимли манзили бўлган Тошмасжид ёнида алоҳида “Маънавият хонаси-кутубхона” ҳам фаолият кўрсатмоқда. Унга 100 га яқин диний-маърифий мавзудаги китоблар сақланмоқда. Масжиднинг бош биносига бугунги кунда 600 нафар кишига мўлжалланган жойнамоз тўшалган бўлиб бу шунча инсонларнинг ҳайит кунларида бир хонада туриб ибодат қилишларини, юртимизга тинчлик-омонлик тилаб дуо қилишларининг имконияти демакдир. XVI асрга мансуб бўлган қадимий ёдгорлик бугунги кунда ўтмиши қадим келажаги нурли диёр навқирон Навоийнинг тепаликларга макон бўлган Қизилтепанинг асл гавҳарига айланган.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 42 | Добавил: ngmk | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]