Главная » 2018 » Июль » 21 » Нурота боғларга бурканади
15:24
Нурота боғларга бурканади

Маълумки, ўлкамиз иқлим шароитига мос, тоғ ва тоғолди ҳудудларда етиштириладиган писта меваси хуштаъмлиги билан ажралиб туради. Маълумотларга кўра, писта дарахти минг йилгача ҳосил беради. Унинг қурғоқчи­ликка чидамлилиги ҳам қулай. Айниқса, сув чиқиш қийин бўлган ҳудудларда писта боғлари яратиш мақсадга мувофиқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2 мартида вилоятимизга ташрифи чоғида бу ҳақида сўз борган булиб, унга кура 2018-2021 йиллар давомида Нурота туманида 10 минг гектар лалми ерда интенсив писта плантациялари ташкил этилиши лойиҳаси режалаштирилган. Бу "Чуя" ва "Сентоб" ҳудудларининг Навоий давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги ерлари­ни қамраб олади. Эътирофлиси, қийма­ти 21 мил­лиард сўмлик ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 850 киши дои­мий иш билан таъминланади.

Қайд этиш жоизки, бизда мавжуд тех­но­логиялар асосида экилган писта 11-12 йилда ҳосилга киради. Бир туп дарахтдан 200-300 грамм ҳосил олиш мумкин. Янги планта­цияларни такомиллашган технологиялар асосида барпо этиш кўзда тутилган. Яъни, кўчатхонада ўсти­рилган ниҳол­га иккинчи йил навдор писталардан куртак пайванд қилинади. Учинчи йилдан уни очиқ майдонга экиш мумкин. Ушбу технологияда экилган писта 7-8 йилда ҳосилга киради. Унинг бир тупидан 1,5-2 килограмм ҳосил олиш мумкин.

Жо­рий йил­да 2400 гектар майдонга писта экиш ре­жалаштирилган. Ҳозирга қадар "Чуя"­даги 850 гектар ерга экдик. Шундан 600 гек­тар майдонга уруғ, 250 гектарига эса кў­чат ўтқазилди. Ок­тябрь-ноябрь ой­ларида яна экиш ишлари олиб бори­лади. Баҳорда ўтқа­зил­ган кўчатларни 2020 йил­да пайванд қиламиз. Плантациялар бо­ши­да сув насоси ўр­нат­дик. Пис­тазор йи­лида икки марта суғорилса, етар­ли. У кўп сув та­лаб қилмаслиги билан ҳам ша­рои­тимизга мос. Шу­нингдек, 50 даражагача ис­сиққа ва 41 да­ражагача совуққа чидайди. Ҳо­силдор нав бўлса ва тўлиқ ҳо­силга кирса битта дарахт 100 килограммдан ортиқ мева беради.

"Чуя"даги ҳар бир писта кўчати остига гид­рогель моддаси қу­йилиб, у билан суғори­лаёт­гани эътиборга молик. Чунки бу мод­даси ўсим­лик ўсиши ва ривожланишини жадал­лаш­ти­риш­га хиз­мат қилади, ёмғир сувини, ўсимликка берилган ўғитни сақ­лайди, сувни 50 фоизгача тежашга ёрдам беради.

Кузга қадар барча экинлар гидрогель билан су­ғорилади. Олти-етти йилда ҳосилга кирадиган пистанинг ўзидан йи­лига 21 миллиард сўм соф даромад олиниши кутилмоқда. Бундан ташқари, писта кў­чатлари орасига қурғоқчиликка чидамли бўлган экс­порт­боп коврак ўсимлиги экилди. Унинг илди­зи­дан 3-4 йилда шира олинади ва бу тиббиётда дори-дармон сифатида кенг фой­даланилади.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, писта дарахти тоғ ён­ба­ғирларини емирилишдан сақ­лайди, сувсиз жойларда ҳам мева бе­ради, бар­гидан илдизига қадар инсон са­ломатлиги учун фойдалидир. Шу билан бирга хандон писта юқо­ри диетик маҳ­сулот бўлиб, мағзида 49 фоиздан 60 фоиз­гача мой, 15-20 фоиз оқсил, 3-8 фоиз қанд ва бошқа мик­роэлементлар мавжуд. Шу са­бабдан ҳам меваси нафақат ички, балки жа­ҳон бо­зорида юқо­ри баҳоланади. Демак, яхши парвариш, меҳнат би­лан Нурота тумани адир­ларида бўй чўзаётган ниҳоллар бир неча йил­лар­дан сўнг серҳосил да­рахтга айланиб, меваси жа­ҳон бозорига чиқи­шига шубҳа йўқ.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 19 | Добавил: admin-1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]