Главная » 2018 » Июнь » 7 » Қизилтепалик таниқли астроном олим
14:08
Қизилтепалик таниқли астроном олим

Дунёда шундай инсонлар борки, уларнинг илм-фанга бахшида умри, ҳаёти ва фаолияти кўпчилик учун ибрат намунаси бўлади. Қизилтепалик астроном олим, физика-математика фанлари доктори, профессор Исроил Сатторов ана шундай илм фидойиси эди.

У 1938 йилда "Fардиён" қишлоғида оддий деҳқон оила­сида туғилган. Тумандаги умумий ўрта таълим мактабини битириб, 1956 йилда Самарқанд давлат университетининг физика-ма­те­матика факультетига ўқишга кирди. Билим олишга иштиёқи баландлиги, иқтидори туфайли 1958 йил­да аъло ўқийдиган талабалар қатори Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) дав­лат университетининг матема­тика-механика факультетида ўқишни давом эттира бошлади. 1962 йили университетни битириб, ЎзФА Астрономик обсер­ва­ториясига ишга кирди.

И. Сатторов Қуёш юзидаги қора доғлар­нинг физик хусу­сиятлари мавзуси бўйича 1969 йилда номзод­лик диссерта­циясини ёқлади. Ўша йилдан бошлаб ЎзФА Астрономия институтида катта илмий ходим, бўлим бошлиғи лавозим­ларида ишлади.

Олим Қуёш доғларининг табиати, Қуёш фаоллиги қонун­ла­рини текшириш устида иш олиб борди. Бу унга катта шуҳрат келтирди. Хусусан, АҚШ, Германия, Италияда унинг илмий ишларига юқори баҳо берилди. Чет давлат­ларга илмий кон­фе­ренцияларда маърузалар билан қатнашди.

Ўтган аср 80-йилларининг иккинчи ярми ва 90-йиллари бош­ларида И.Сатторов Қуёш юзидаги магнит майдонлари табиатини текширади. Бу унга фан доктори унвонини кел­тир­ди. 1994 йилда Россия Фанлар Академиясининг махсус илмий кенгашида физика-математика фанлари доктори унвонини ҳимоя қилди. У дунёда биринчи бўлиб доғларнинг ички тузи­ли­шини ва фаоллик комплекслари­нинг физик хусусиятларини ўрганди. Унинг 35 та илмий мақоласи АҚШ­даги "Астрофи­зика", Европадаги "Астроно­мия", Осиё­да­ги "SOHO" каби нуфузли халқаро журналлар­да босилган ҳамда халқаро илмий анжуманларда муҳокама қилинган.

Таниқли олим 2016 йил, ҳаётининг сўнгги кунларига қа­дар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика универ­сите­тида (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўз­бек тили ва адабиёти университети) талабаларга астрономия ва астрофизикадан сабоқ берди. У моҳир педагог бўлиб, астро­номияни ўқитишда замона­вий ахборот технологияла­рини қўллашни биринчилар қаторида йўлга қўйганди. Олим­нинг "Астрофизик прак­тикум" ўқув қўлланмаси республикамиз олий таълим муассасаларига татбиқ қилинган бўлиб, ҳозирги кунда кенг қўлланилмоқда.

Категория: Новости Навои | Просмотров: 32 | Добавил: admin-1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]