Главная » 2017 » Май » 4 » ҚОСИМ ШАЙХ АЗИЗОН – ЯССАВИЯ ТАРИҚАТИ ШАЙХИ!
09:31
ҚОСИМ ШАЙХ АЗИЗОН – ЯССАВИЯ ТАРИҚАТИ ШАЙХИ!

Кармана тарихида шундай алломалар ўтганки уларнинг маънавий қарашлари, тариқат сирлари тарих зарварақларида абадий мухрланган. Яссавия тариқати шайхларидан Қосим Шайх Азизон шундай буюк шахслардандир. У тахминан 16 асрларда яшаб ўтган буюк алломалардан. Кармананинг Миржонхотун қишлоғида таваллуд топганлар. Дастлабки таълимни Карманада олган. Кейинчалик Бухоро ва Самарқанд мадрасаларига бориб таҳсил олганлар. Самарқандлик Ҳожи Мавлоно Азизондан тариқат сирларини ўрганади. Бухоролик Шайх Абдулатиф устозларидан эса кубровия тариқати илмларини ўзлаштиради.

Тахминан ҳижрий 986 йил милодий 1578 йилларда яшаб ўтган аллома 1551 йилда Туркистон ва Тошкент амири Бароқхон яъни Наврўз Аҳмадхоннинг катта қўшин билан Миёнқол ва Офаринкентни босиб олиш мақсадида қамал ҳаракатларини бошлаган бир пайтида 17 ёшли Абдуллахонга йўл-йўриқ кўрсатган Қосим Шайх ҳазратлари Кармина қалъасини биргаликда ҳимоя қилган муршидлардан бўлган. Уларнинг доно маслаҳатлари ва кучли илми қирғинбарот урушни олдини олади. Наврўз Аҳмадхон сулҳ шартномасини тузишга мажбур бўлади ва юртига қайтиб кетади. Бу каби хайрли ишларда Қосим Шайх ҳазратларининг ҳиссаси беқиёс бўлган. Абдуллахон Шайхнинг беминнат ёрдами билан кейинчалик ҳам давлат ишларидаги низо ва урушларни бартараф эта олади. Давлат амирининг сиёсий ва ижтимоий фаолиятида Қосим Шайх ҳазратларининг улкан ёрдами мамлакатда кўплаб юксак марраларни забт этишга асос бўлади. Шу боисдан кейинчалик Абдуллахон Қосим Шайх ҳазратларига чуқур ҳурмат бажо келтириб, ҳар бир юришида у кишидан маслаҳат ва кўрсатмалар олиб киришадиган бўлган. 1558 йилда амир унинг учун Карманада хонақоҳ барпо эттирган. Мазкур бинода Қосим Шайх карманаликларга таълим-тарбия сабоқларини олиб боради. Устозларидан эгаллаган билимларини уларга ҳам ўргатиб, маънавий, маърифий илмлардан дарс берган.

Қосим Шайх Азизон ҳаёти давомида кишиларга ёрдам қўлини чўза олган, беназир ҳиммат кўрсатган муршидлардан саналган. Шу боисдан бугунга қадар маънавий ҳаётимизда ўчмаз из қолдирган аллома сифатида тилга олинади. Абдуллахон II ул зотни Азизон яъни “Азизлардан”, “Улуғлардан”, “азиз устозлардан” дея эъзоз этган. Маълумотларга қараганда, маърифатпарвар аллома 80 ёшида вабо касаллиги билан вафот этган.

1579 йилда Абдуллахон II Қосим Шайх қабрини зиёрат этиб, хонақоҳда ободонлаштириш ишларини бошлаб юборади. Мазкур ҳудудда зиёратхона, меҳмонхона, ҳужра ва бошқа қурилишларни бажартиради. Қабрини сайқалланган мармар тошлар билан безатиб, устига 2-2,5 метр баландликда сағана ўрнатади. Унинг сатҳи 9 х10 метрни ташкил этади. Буюк ипак йўли ёнида барпо этилган мақбарага давлат арбоблари, савдогарлар, мусофирлар ташриф буюришиб масканни зиёрат қиладилар. Бино минора шаклидаги баланд гумбаз кўринишида қад ростлаган.

Масжид бугунги кунда асл кўринишини тиклаб, азим Кармана ҳудудида салобатли муқаддас қадамжо сифатида бўй кўрсатган. Бинонинг бугунки кўриниши, чиройи кўзларни қувнатади. Унинг шимол, жануб ва ғарб томонлари кунгурадор қилиб безатилган қурилмадан иборат. Хонақоҳнинг эни ва бўйи 25 м ўлчамда бўлиб, 6 хонадан ташкил топган. Ўрта қисмида катта намозхона, қибла тарафда меҳроб ўрнатилган. Мазкур масканда кишилар жума намозини адо этиш учун ташриф буюрадилар.Хонақоҳнинг тўрт бурчагида 6х6 м ўлчамдаги уч бурчак ҳужралар мавжуд. Шарқ томонига асосан чиллахона жойлашган. Ҳар бир хонанинг усти ғиштин гумбаз билан қопланган. Бино ичи 5 та гумбаздан ташкил топган бўлиб, уларнинг ички қисми ганчкорлик нақшлари билан безатилган.

Эски тузим даврида мазкур ҳудуд харобага айланиб, Қосим Шайх қабридаги мармар тошлар нураб, аксарияти ўғирланиб кетилган эди. Истиқлол шамоли барча жабҳаларни тубдан янгилаш баробарида тарихий жойларни ҳам асл қиёфасига қайтарди. 2001 йилдан бошлаб масжид ўз кўринишини янгилаб, қадим қиёфасини тиклади. 2014 йилда бу саъй-ҳаракатлар мукаммал тарзда йўлга қўйилиб, бинонинг пастки иситиш тизими қайта таъмирланди. Масжид емирилишини олдини олиш мақсадида 30м узоқликда 14х14 чуқурлиги 3,5м ҳовуз қурилмоқда. Зиёратгоҳдаги ички йўлаклар ҳам қайта таъмирланиб, мустаҳкам кўринишни касб этди. Бугунки кунда инсонлар қадами узилмайдиган муқаддас қадамжолардан бирига айланган.

Зиёратга келган ҳар бир инсон бу ердан ўзини енгил ҳис қилган ҳолда чиқишини кўп таъкидлашади. Бу табиий. Чунки, зиёратга киришингиз билан қалбингиз ором топади. Фикратингиз сизни олис ўтмишга ва эртанги осуда кунларга элтади. Бу ҳаёт фақат ва фақат яхшиликлар қилиб яшаганлар учун умрбоқийликни ҳадя этишини яна бир бор англатади.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 39 | Добавил: admin-1 | Теги: Қосим Шайх, Кармана тарихи | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]