Главная » 2017 » Май » 2 » Ҳазрат Боязид Бастомий зиёратгоҳи
18:33
Ҳазрат Боязид Бастомий зиёратгоҳи

“Қайси миллат равнақу тараққиётни истаса, тарихини билиши лозим бўлади. Зеро, тарих бир кўзгуга ўхшайди, ҳар бир миллат ўзининг аҳволи ва ижтимоий ҳаёт қоидаларини унда кўриб, яхшини ёмондан фарқ қиладиган бўлади” – деган эди маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат.
Юртимиз мустақилликка эришгач жаҳолатнинг қора қумлари босган асл тарихимиз қайта жонланди, муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар, зиёратгоҳлар кўрки қайта тикланди, миллатимизга қайтарилди. Ана шундай зиёратгоҳлардан бири вилоятимизнинг Қизилтепа туманидаги Ҳазрат Боязид Бастомий зиёратгоҳидир. Ҳазрат Боязид Бастомий 801-йилда Эроннинг Бистом шаҳрида таваллуд топган. Султон Боязид кучли билим соҳиби бўлиб, халқ орасида ўзининг маърифатпарварлиги ҳамда хуш ахлоқи билан алоҳида алоҳида обрў-эътибор қозонган. Қизилтепа туманининг ҳозирги Бўстон ҳудудида Ҳазрат Боязид Бастомий яшаганликлари, ҳамда ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашдаги меҳнатларини элимиз алоҳида қадрлайди. Бу улуғ зот ўзи туғилган Эронда вафот этади. Маълумотларга қараганда Қизилтепа туманидаги бу зиёратгоҳ тарихи ХI асрга бориб тақалади. Ушбу табаррук жойда 1925 йилгача маҳобатли масжид бўлиб, совет даврида у бузиб ташланган. Вайрон этилган масжид ўрнида 1990-йилда шимоли ва шарқи айвонли масжид туман ташкилотлари ва аҳоли бирдамлиги билан бунёд этилди. Ҳазрат Боязид Бастомийнинг  рамзий қабри устида маҳобатли гумбаз қурилди. Зиёратгоҳдаги шифобахш сув чиқиб турадиган қудуқ қайта таъмирланди. Ҳозирги вақтда зиёратгоҳ сўлим гўшага айланган, ён  атрофлар гулзорга айлантирилган. Бу муқаддас гўшага турли давлатлар юртимизнинг бошқа вилоятлардан меҳмонлар келиб Боязид Бастомийнинг қабрини зиёрат қилиб кетишади. Айни вақтда ҳудудда 1500 кишига мўлжалланган янги жомеъ масжиди қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Қурилиш ниҳоясига етгач ҳудуд аҳолиси муқаддас динимиз амалларини янги масжидда бажаришлари мумкин бўлади.
Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг ушбу сўзлари ёдга тушади :“Қудратли тарихга ворис бўлган, ўз ўтмишидан ғурурланишга ҳақли ўғил-қизлар улуғвор маънавий булоқлардан тафаккур чанқоқларини қондириб, буюк қаҳрамонликка юз буришади. Бундай камолотга эришган авлодларнинг эртанги куни ёруғ, манглайи ярқироқ, келажаги, албатта, буюк бўлади”. Ҳақиқатда миллатимизнинг тарихи буюк. Ана шу тарихни чуқурроқ ўрганиш ва келгуси авлодга соф ҳолатда етказиш энг улкан мақсадимиз бўлиши лозим.

 

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 57 | Добавил: admin-1 | Теги: Ҳазрат Боязид Бастомий зиёратгоҳи | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]