Главная » 2017 » Апрель » 25 » Мавлоно Ориф Деггароний ёдгорлиги
10:48
Мавлоно Ориф Деггароний ёдгорлиги

Саййид Муҳаммад Носирнинг "Туҳфат аз-зоирин" ("Зиёратчиларга совға") асарида Бухоро ва Тошкент оралиғида яшаб ўтган пиру муршидлар тўғрисида гап кетганда, биринчи навбатда Ҳазрати Саййид Амир Кулол тилга олинади. Унда Мавлоно Орифга қуйидагича таъриф берилади: "Мавлоно Ориф аввал ўтган халифалардан бўлиб, Саййид Амир Кулолнинг энг яқин шогирдларидан биридир. У Бухородан 9 фарсанг нарида Кўҳак (Зарафшон) дарёсининг бўйида, Ҳазора қасабаси (қишлоғи), Деггарон даҳасида Хожа Аҳмад Мисгар оиласида туғилган.

Ёшлигидан исломга бўлган эъти­қоди туфайли Қуръони каримни ёд олган. Етти йил мобайнида Ҳазрат Саййид Амир Кулолдан шариат, тариқат сабоқларини олиб, унинг ижозати билан хал­қига сидқидилдан хизмат қилган. Бир неча бор Ҳаж зиёратига бо­риб келган".

"Деггарон" — форсча сўз, у "Қозон қуювчи ёки қозон ус­таси", деган маънони билди­ра­ди. Шу жойдаги эски қўр­ғон атрофлари­да археологик қазишма ишлари даврида, ҳақиқатан ҳам бу ерда кулол­чилик, мисгарлик ривожлан­ган­ли­гининг излари топилди. Мавлоно Орифнинг отаси ҳам мисгарлик, ҳам кулолчилик, ҳам деҳқончилик, ҳам чорва­чилик билан шуғулланган. Чунки бу жой деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулла­ниш учун жуда қулайдир.

...Мавлоно Ориф устози Сай­йид Амир Кулолнинг ўғли Амир Ҳамзани тарбиялаш дав­рида унга қуйидаги ҳик­матни айтган эди: "Агар юким­ни кўтарсин, де­санг, юкинг­ни кўтаргувчи дўст топмоқ ниҳоятда мушкулдир. Агар юкини кўтармоқчи бўлсанг, бутун жаҳон­дагилар сенга дўст бўлгай".

Ривоят қилишларича, бир йили Зарафшон дарёси то­шиб, Дегга­рон қишлоғига сел келади. Бу вақт­да ҳамма фи­ғон қилиб, кўчага чиқ­қан бўл­ган. Шу пайт Мавлоно Ориф йўлга чиқиб, Аллоҳга ёлво­риб, ушбу балодан асрашини сў­раб, дуо қиладилар. Сел шу дақи­қадаёқ жиловланиб, ўза­нига оқиб кетади. Халқ бир офатдан қуту­лади.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақш­банд дейдиларки: "Биз икки бор Ҳаж зиё­ратига бордик, кўп мамлакат­ларда бўлдик, бисёр азизлар суҳ­батига етишдик, лекин агар Мав­лоно Орифдек кишини ўша ерлар­да топгани­мизда эди, ҳаргиз бу ерларга қайтиб келмас эдик".

Республикамиз мустақилли­ги шарофати билан 2006-2007 йил­ларда Мавлоно Ориф Деггароний ёдгорликлар маж­муаси тубдан таъмирланди... Мажмуа тарки­бига Мавлоно Ориф ҳазратлари­нинг мубо­рак қабри, қабр ёни­даги чу­қур­лиги 22-23 метр бўлган қу­дуқ, чиллахона, музей бино­си, қадимий Деггарон масжи­ди ва масжид имоматининг за­мо­навий биноси киради. Ёд­горлик маж­муа­си­нинг атроф­лари қабристон­дан ажрати­либ, тахминан 1000 метр узун­ликда, 3 метр баланд­ликдаги ғиштин девор билан ўрал­­ди. Мавлоно Ориф ҳазрат­лари­нинг қабри устига янгидан қабр тошлари ўрнатилди, қабр­нинг ўзи сайқалланган мармар тошлар билан ўралди. Зиёратхо­нага олиб борувчи йўлакларга бетон қопламалар ётқизилди. Чиллахона янгидан қурилди. Ёни­даги музей, шу­нингдек, Деггаро­ний масжи­ди қадимий ҳолида тубдан таъ­мирланди. Йўлаклар ат­роф­ларига манзарали дарахтлар ва анвойи гуллар экилди. Маж­муага тегишли барча сангта­рош­лик ишларини ғозғонлик моҳир уста сангтарош Тоҳир ҳожи Раҳи­мов ўз шогирдла­ри билан бирга бажарган. 2016 йилда эса Дегга­роний масжидининг шарқ ва жануб томонларини ўраб турувчи асл ҳолидаги пешайвон қай­та­дан тикланди. Унинг устун­лари қади­мий ҳолида, жуда усталик билан нақшинкор қи­либ ишланган. Пе­шайвон қу­рилишини Фарғона вилояти Бувайда туманидан бўл­ган уста Аббос Нишонов, ўғли Абдушукур, жияни Муҳрид­дин ва шогирди Жалолиддин­лар билан 2 ой ичида бажар­дилар... Маж­муа­ни обод зиёратгоҳга айланти­ришда бутун Ҳазора қишлоғи аҳли­нинг хизматлари беқиёс бўл­ди... Юртдошларимиз ота-бо­болардан мерос қадриятлар­ни тиклаш, ўтмишда ўтган улуғ аж­дод­ларимиз маънавий меросини асраб-авайлаш ва келажак авлод­лар­га қолди­риш мақсадида шун­дай савоб иш­ларга қўл уришмоқ­да. Энг му­ҳими, Мавлоно Ориф Деггаро­ний ёдгорликлар мажмуа­си қадимий ҳолатида қайтадан таъмирланиб, обод зиёрат­гоҳга айлантирилди.

Категория: Культура | Просмотров: 45 | Добавил: admin-1 | Теги: Мавлоно Ориф Деггароний, Деггарон | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]