Главная » 2017 » Апрель » 15 » Амир Темур ҳақида қозиғи бўш "ҳақиқат"лар
17:07
Амир Темур ҳақида қозиғи бўш "ҳақиқат"лар

Буюк бобокалонимиз — амир ва саркарда Амир Темурнинг шахсияти, тарихи, ҳарбий салоҳияти, халқлар ҳамда давлатлар ўртасида тутган ўрни, дипломатик алоқалар, муносабатларни жорий этишдаги фаоллиги тўғрисида жуда кўплаб тарихий, бадиий, илмий асарлар, рисолалар, публицистик мақолалар ёзилган. Шубҳасизки, Темур ҳақида ёзилган катта асар ёки кичик мақола бўлсин, ҳар бирида даҳонинг шахсиятига Искандар Зулқарнайн, Юлий Цезарь, Хорун ар-Рашид, Мамун сингари тарихда ўчмас из қолдирган йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан, маданият ҳомийси сифатида баҳо берилади ва шу нуқтаи назардан шахсий фикрлар билдирилган.

Мамлакатимизда "Шарқ" нашриёт-матбаа акциядор­лик компанияси бош таҳри­рияти томонидан 2001 йилда "Амир Темур сабоқлари" ном­ли рисола чоп этилиб, унда 1999 йил 23 декабрда ўтка­зил­ган "Амир Темур ва унинг марказлашган давлат тузиш йўлидаги буюк хизматлари" мавзусидаги илмий-амалий анжуман материаллари эълон қилинган эди. Рисола­нинг охирги саҳифасида Буюк Соҳибқирон ҳақида чоп этилган асарларнинг биб­лиографияси берилиб, 1999 йилнинг охиригача бу кўрсат­кич 8950 тага етганлиги ҳақи­да қизиқарли маълумот бор эди. Ушбу ахборотга тиниқ манба сифатида таянадиган бўлсак, ўтган 17 йил мобай­нида Темурийлар тарихига оид ёзилган асарларнинг со­ни мингдан ортиб кетганини тахмин қилиш қийинчилик туғ­дирмайди. Азалдан Амир Темур ва Темурийлар шах­сия­тига кўплаб муаррихлар, темуршунослар, шарқшунос­лар, ёзувчи ва шоирлар му­ро­жаат қилишган. Улар ора­си­да нафақат туркийзабон, форсийзабон, балки европа­лик­лар ҳам бор эди.

Бироқ гуруч курмаксиз бўл­маганидек, кейинроқ ёзилган тарихий, бадиий, тадқиқий асарларда айрим ўқувчини иккилантириб қўядиган маъ­лу­мотларга ҳам дуч келамиз. Узоққа бормай, бошқа тари­хий воқеликларни солиштир­май, бевосита Темурнинг ша­жараси, яъни бобосидан бош­лай қолайлик. Амир Турағай­нинг отаси Баркул баҳодир­нинг исмини манбаларда Бур­қул, Беркул, Барғилой шакл­ларида аталганини кў­рамиз. Турағайнинг ўзини эса Тарағай баҳодир, Муҳам­мад Тарағай, амир Турағай каби сифатлар билан қўл­ланганига гувоҳ бўламиз. Бу ерда Тарағай атамасини темуршунослар топоним ёки уруғ, улус, аймоқ номи билан изоҳлагани кўзга чалинмай­ди. (Назаримиз тушмаган бўл­са, газетхонлардан маъ­зур тутишини сўраймиз). Ту­ра­ғай эса отанинг ёлғиз ўғли бўлган. Туркийлар урфига кўра ёлғиз ўғил фарзанд кўр­ганлар солувлик учун (тура­қол, турағай, яшайқол маъно­ларида) исмлар қўйишган, деган маълумотлар манба­лар­да қайд этилган. (С. Тош­кандий, "Темурнома"; П. Рав­шанов, "Темурнинг ёшлиги") каби асарларда. Темурнинг онаси Тегинабегим Моҳ ҳам манбаларда турлича: Текина, Такина хотун, ҳатто Е. Берези­ков­нинг "Темурўғлоннинг туғилиши" рисоласида Некия деб номланганига шоҳидмиз. Унинг отаси Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд Маҳбубийни акса­рият китобларда Бухорода "шариат қозиси" бўлган дейилса, айрим муаллифлар садр-аш шариа(ат) шаҳар­нинг бир даҳасида муллалик қилган, деб ёзади.

Амир Темурнинг туғилиши тўғрисидаги фактларда ҳам баҳсли маълумотлар мавжуд. Айрим адабиётларда учрай­ди­ган баёнларда илмийлик­дан кўра бадиий муболаға­лар, ривоятомуз фикрлар мўл­лигини кўрамиз. "Зафар­нома", "Темурнома", "Темур ўғлоннинг туғилиши" каби асарларда Тегинабегим Моҳ кундоши Йўқун хотуннинг суи­қасдидан омон қолиб, Жоку бар­лоснинг хонадонида фар­зандли бўлади дейилса, Дониш Насафий "Буюк Те­мур" романида Ҳожи Барлос­нинг хиёнатидан чўчиб, қочиб кетаётганда далада — шоли­кор деҳқоннинг овлоқ кулба­сида жорияси кўмагида юм­шоқ кул устида кўз ёрийди, деган фикр илгари сурила­ди. Ҳ. Сатторийнинг "Ҳазрат Соҳибқирон", F. Жўранинг "Туронлик Соҳибқирон Амир Темур" сингари қатор асар­ларда Кешдан 15 чақирим на­ридаги Хўжа Илғор қишло­ғида туғилганлиги эътироф этилади. Таниқли тарихчилар Шарафуддин Али Яздий: "Каши дилкаш вилоятида..." деса, Ибн Арабшоҳ: "Кешга қарашли Хўжа Илғор (Хўжаи илғор бўлиши ҳам мумкин)да туғилди", деган маълумотни кел­тиради. Заҳириддин Му­ҳам­мад Бо­бур эса "Темурбек­нинг зоду-буду кешлик", дея аниқ нуқта қўяди. Туғилган санасида ҳам хилма-хиллик мавжуд. Рус муаррихи М. Ива­нин 1333 йил 7 май, фран­цуз шарқшуноси Л. Лянглэ 1336 йил 7 май, "Зафарно­ма"­ни 1997 йилги нашрида академик Р. Рах­мон­алиев 1336 йил 8 ап­рель, академик В. Бар­­тольд ҳамда рус профес­сори Т. Гра­новский­­лар 1336 йил 9 апрел­да туғил­ган, деган маълумот­лар­­ни келтиради. Мамлакати­миз­да Ўрта Осиё тарихининг билим­донлари ҳисобланган акаде­миклар: В. Бартольд, И. Мў­ми­нов, Б. Аҳ­медовлар кел­тир­ган далил­лар­га асосла­ниб бўлса керак, 9 апрелда Ҳаз­рат Соҳибқи­рон­нинг ту­ғилган ку­нини нишонлаш урф­га кирган.

Яна бир "қизиқ" маълумот: Турағай баҳодир дастлаб Қадақ хотунга ("Зафарнома"), Йўқун хотунга ("Темурнома". Аслида иккиси бир аёл) уй­лан­гани рост. Лекин Турағай баҳодир бу никоҳдан фар­занд кўрмаганлиги ҳақида манбаларда қайдлар учрай­ди. Иккинчи аёли Тегинабе­гим Моҳдан Темур дунёга ке­лади. Бироқ, баъзи манба­ларда "Тегинабегим Темур 2 ёшлигида, бошқаларида 22 ёшида вафот этади", дейи­лади. Лекин Ҳофизу Абру ва бошқа бир қатор тарихчи-ю, адиблар Турағай баҳодир­нинг Суюрғатмиш, Олам­шайх, Жўғи исмли ўғиллари, Қутлуғ Туркон оқа, Ширинбика оқа исмли қизлари бўлгани­ни эслатишади.

Хуллас, қайд этилгани каби маълумотлар Темур ва Темурийлар ҳаёти акс этти­рилган манбаларда етарлича учрайди. Бундай "хилма-хил­лик"нинг моҳиятини бизнинг­ча икки хил изоҳлаш мумкин: биринчиси, китоб муаллиф­ла­ри Соҳибқирон тўғрисида­ги маълумотларни тиниқ ман­­баларга солиштирмасдан мустақил фикр баён этган бўлиши мумкин. Иккинчиси, юқорида таъкидланганидек, асарларни бир тилдан иккин­чисига ўгиришда йўл қўйил­ган эътиборсизлик туфайли рўй берган бўлса ажабмас, деган фикр хаёлимизга кела­ди. Нима бўлгандаям, Соҳиб­қирон тўғрисида ёзилган сон-саноқсиз китобларни у шахс­га бўлган кенг жамоатчилик­нинг эҳтироми, деб тушунмоқ керак. Гап шундаки, бу китоб­ларнинг аксарияти ўқувчи­лар­нинг қўлида. Китоблар эса — миллатнинг маънавий бойлиги ҳисобланади.

Фикримиз интиҳосида рус мутафаккири Николай Берд­я­ев­нинг: "Тарих том маъно­даги афсонадир", деган эъти­­­рофини эслаб, мухтасар қил­моқчимиз. Бизга қарийб етти юз йил наридан бўйлаётган Ҳазратнинг сурат ва сийра­тига доир чизгилар неча бор сайқалланиб, неча бор "ғи­жим"лангани рост. Шу жи­ҳат­дан бир таскин ила овуна­миз. Соҳибқирон ҳақида ёзилган минглаб асарларни ҳар қан­дай ақли комил шахс ҳам тўла таҳлилий мутолаа қилиб чи­қишга эҳтимол вақти етмас. Шундай экан, бошқа улуғлар каби Ҳазрат Амир Темурнинг шахсини ёрита­ман, деб ай­рим муаллифлар асли қозиғи бўш "ҳақиқат"­ларга таяниб иш тутганини табиий ҳол, деб қабул қила­миз, холос. Лоақал, мамлака­тимизда Темур ва Темурий­лар тарихига оид ёзилаётган асарлар Респуб­лика Ёзувчи­лар уюшмаси ёки бошқа масъул маҳкамалар қошида­ги бадиий кенгашлар­нинг на­заридан ўтказилиб чоп этилганида, баъзи бир ға­лиз­ликларга барҳам берил­ган бўлармиди?..
 

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 110 | Добавил: admin-1 | Теги: Амир Темур | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]