Главная » 2017 » Апрель » 14 » АМИР ТЕМУР – АДОЛАТЛИ ҲУКМДОР
14:06
АМИР ТЕМУР – АДОЛАТЛИ ҲУКМДОР

Ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси Амир Темур 1336 йил апрель ойининг 9 санасида Кеш (Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келди. Етти ёшида отаси уни ўқишга берди. Шунинг билан бир пайтда махсус мураббийлар назорати асосида чавандозлик, овчилик, камондан нишонга ўқ узиш каби турли машғулотлар ва ҳарбий ўйинларда фаол қатнашди. Моҳир чавандоз ва довюрак баҳодир бўлиб вояга етди. Кейинчалик эса буюк давлат асосчисига айланди. У Ҳиндистон ва Хитойдан Қора денгизга қадар, Сирдарё ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар ғоят катта ҳудудни қамраб олган марказлашган улкан салтанатга асос солди. Амир Темур давлатига Кичик Осиё, Сурия, Миср ва шимолий-ғарбда Қуйи Волга, Дон бўйлари, шимолий-шарқда Балхаш кўли ва Или дарёсигача, жанубий-шарқда эса Шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатлар бўйсундирилди. Амир Темур давлатни ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг “... давлат ишларининг тўққиз фоизини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим”, деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.
Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқ­иёс. У умр бўйи бунёдкорлик би­лан машғул бўлган. Унинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт 
кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим” деган сўзлари ҳам шундан далолат беради.
Салтанат пойтахти Самарқанд Амир Темур даврида айниқса гуллаб яшнади. Шаҳарда Исфаҳон, Ше­роз, Ҳалаб, Хоразм, Бухоро, Қар­ши ва Кеш шаҳарларининг меъмору бинокорлари қўли билан саройлар, масжидлар, мадрасалар, мақбаралар қурилди. Шаҳар таш­қа­ри­сида эса боғ-роғ­лар ва бўстонлар барпо этилди. Мова­ро­ун­наҳрнинг деҳқончилик воҳаларида, хусусан Зарафшон водийсида ўн­лаб 
су­ғориш тармоқлари чиқарилиб, экин майдонлари кенгайтирилди. Янги қиш­лоқ­лар барпо этилди. Амир Темурнинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди.
Бу даврда Амир Темур ва унинг жойлардаги ноиблари Хитой ва Ҳиндистондан Ўрта Осиё орқали Яқин Шарқ ва Европа мамлакатларига йўналган асосий халқаро савдо йўли – “Буюк ипак йўли”ни назорат қилиб, савдо карвонлари қатнови хавфсизлигини таъминлашда, работлар, қалъалар, кўприклар қуриш йўлида муҳим чоралар кўрдилар ва Шарқ билан Ғарб ўртасида савдо-сотиқ ва элчилик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга ғоят катта эътибор бердилар. Амир Темур, энг муҳими, Эрон, Озарбайжон ва Ироқдаги майда ҳукмдорлар ўртасидаги тарқоқлик ва бош­бош­доқликка барҳам бериб, бу билан нафақат Мовароуннаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг иқтисодий ва маданий тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Амир Темур Европанинг Франция, Англия ва Кастилия каби йирик қиролликлари билан бевосита савдо ва дипломатик алоқалар ўрнатди.
Шўролар тузуми даврида Амир Темур шахси ва фаолиятига адолатсизлик билан ёндошилиб, бир ёқлама баҳо берилди. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг бундай қарашлар барҳам топди. Ўзбекистонда унинг фаолиятини ўрганишга ва оммалаштиришга кенг йўл очилди. Номи абадийлаштирилди. Мам­лакатимизнинг кўплаб шаҳар ва қишлоқларидаги кўча­лар, майдонлар, мактаблар унинг номи билан аталади. 
Биринчи Президентимиз 
Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида Тошкент, Са­мар­қанд ва Шаҳрисабз шаҳар­ла­рида Амир Темурга ҳайкал ўрна­тилди. Пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида Темурийлар тарихи музейи барпо этилди. “Амир Темур” ордени таъсис этилди ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилин­ди. Тошкент, Са­марқанд шаҳарлари ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО раҳ­бар­лигида Ҳазрат Соҳибқи­рон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди. У ҳақда ҳужжатли фильм­лар, спектакллар, насрий ҳамда назмий асарлар яратилди ва яратилмоқда. Буларнинг барчаси халқимизнинг буюк аждодимизга бўлган юксак ҳурмату эҳтироми, абадий миннатдорлигининг ёрқин ифодасидир.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган оламшумул ўз­г­а­ришлар унинг руҳи покларини қувонтираётганлиги шуб­ҳа­сиздир.

 

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 142 | Добавил: admin-1 | Теги: Амир Темур | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]