Главная » 2017 » Март » 27 » Ҳаво кемаларида ёрқин манзиллар сари
17:51
Ҳаво кемаларида ёрқин манзиллар сари

Бугун мамлакатимизда ҳаво йўллари орқали хизмат кўрсатишнинг сифат ва самарадорлиги ошиб бораётганлиги, аэропортларнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий техника ва аппаратлар билан жиҳозланганлиги ҳамда йўловчи хизмати кўрсатиш тизимининг энг сўнгги русумдаги ҳаво кемалари билан тўлдирилаётганлигида ўз аксини топмоқда. Нуфузли хорижий ташкилотлар томонидан "Навоий" халқаро аэропорти хизмати ҳам юқори сифати ва маданияти билан алоҳида эътироф этилмоқда.

Мустақиллик йилларида амалга оширилган изчил ис­лоҳотлар натижасида бу ерда туб ижобий ўзгариш­лар, янгиликлар амалга оширилди. Республикамиз ви­­лоятлари, Тошкент ва Москва шаҳарларига қат­новлар йўлга қўйилди. Муҳими, йўловчи ва юклар­нинг хавфсизлиги ишончли таъминланди. Аэропорт биноси ва барча хизмат кўрсатиш бўлимлари энг сез­гир, ишончли ва замонавий техникалар билан жиҳозланди. Таркиб ёш кадрлар билан тўлдирилди. Уларнинг тажриба ва малакасини ошириш мақса­ди­да қўшимча ўқувлар ташкил этилиб, "Устоз-шогирд" анъ­анасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аэропортда барча хизмат кўрсатиш бўлимлари хо­димлари зиммаларидаги юксак масъулиятни ҳис эт­­ган ҳолда меҳнат қилишади. Бу эса нафақат аэро­порт биноси, балки йўловчилар ва юклари хавфсиз­лигини ҳам таъминлайди. Йўловчилар ердаги хиз­матлардан бепул фойдаланиш билан бирга, қат­нов­лар жадвали, чипта олиш, қайтариш ва олдиндан жой банд қилиб қўйиш каби масалалар юзасидан ишонч­ли маълумотлар олишлари мумкин.

Бу ерда имконияти чекланган йўловчилар учун ҳам бир қатор қулайликлар яратилган. Улар ҳам барча йў­лов­чилар каби назорат пунктидан ўтказилади. Ўтиш жараёнида ёнларида тиббиёт препаратлари, турли дори воситалари бўлса, махсус сертификат ёки шифокор кўрсатмасини тақдим этишлари талаб этилади. Шахсий заруриятлари ҳақида эса олдиндан авиакомпания маъмуриятига маълумот беришлари лозим. Албатта, буларнинг барчаси замирида хавф­сизлик чоралари кафолатланган.

Аэропорт ҳудудида тез келиб кетувчи ва узоқ муд­датга келиб кетадиган меҳмонлар учун 150 ўринли авто­тураргоҳ сайёҳлар хизматида.

Бир йўла 120 нафар мижозга хизмат кўрсатиш им­кониятига эга бўлган "Буюк Ипак йўли" меҳмонхона­сида яратилган шароитлардан чет эллик сайёҳлар ҳам мамнун. Жаҳон талабларига жавоб берадиган 66 та хонанинг 4 таси люкс тоифасидан. Бу ерда спорт-соғломлаштириш маркази, сузиш ҳавзаси, му­зо­каралар маркази, гўзаллик салони ва валюта айирбошлаш шохобчалари ҳам меҳмонлар хиз­матида.

"Polyot" қаҳвахонаси, "Олтин водий" ресторанида тайёрланадиган Европа ва миллий таомлар ҳам бар­чага манзур бўлаётир.

Аэропорт маъмурияти томонидан шунчалик қулай­лик ва имкониятлар яратиб берилишига қарамасдан, аксарият ҳолатларда йўловчилар белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя этишмайди. Тақиқланган юк ва буюмларни олиб ўтишга ҳаракат қилишади. Аэро­порт биносида тақиқланган юклар ва буюмлар рўй­хати белгиланган жойларга қўйилган бўлса-да, нега­дир лоқайдликми ёки қонун-қоидага амал қилишни хоҳлашмайдими, тартиббузарлар учраб туради. Ўтган йил давомида 339 та ана шундай ҳолат қайд этилди. Яъни, самолёт бортига олиб чиқишга уринган енгил аланга олувчи суюқликлар, ўткир тиғли буюмлар, ичи тўла очиқ ҳолдаги пакетлар, ҳажми 100 милли­граммдан катта идишлар (идиш қисман тўлдирилган бўлса ҳам) Авиация хавфсизлик хизмати махсус на­зорат бўлинмаси ходимлари томонидан ушланиб, белгиланган тартибда чора кўрилди. Албатта, айрим йўловчиларнинг бундай ножўя ҳаракатлари нафақат ўзлари, балки юзлаб бошқа йўловчилар ҳаётини ҳам хавф остида қолдириш мумкин. Шунинг учун, аввало, йўловчилардан ҳаво йўллари тартиб-қоида­ларига амал қилишлари талаб этилса, аэропорт ходимлари зийраклик ва қатъиятликни янада оши­ришлари зарур.

"Навоий" халқаро аэропорти бир йилда қарийб 550 минг йўловчига хизмат кўрсатиб, 100 минг тонна­дан ортиқ юкни белгиланган манзилларга етказади.

Жамоанинг асосий мақсади, "Навоий" халқаро аэропорти негизида ҳаво, темир йўл ва қуруқлик­да­ги транспорт қатновларини ягона жойда ке­сиш­тирадиган Евроосиё марказида ягона мультимодал логистик марказга айлантиришдир. Ана шу эзгу мақ­сад йўлида меҳнат қилаётган жамоа ёрқин манзиллар сари дадил одимламоқда.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 100 | Добавил: admin-1 | Теги: Навоий халқаро аэропорти | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]