Главная » 2017 » Март » 27 » СЕЛНИ ҚАЙТАРГАН АВЛИЁ!
15:50
СЕЛНИ ҚАЙТАРГАН АВЛИЁ!

Қуйи зарафшон воҳасининг тасаввуф илми асосчиларидан бири бўлмиш пурҳикмат авлиё Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбандийнинг устозларидан бири Мавлоно Ориф Деггароний Мовароуннаҳр даврида ўз илми билан даврнинг улуғ кишиларидан саналган. Тарихий манбаларга кўра Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний 1313 йил Навоий вилояти Кармана туманига қарашли Ҳазора қишлоғида тавваллуд топган. У киши туғилган даҳа қозонсозлар яъни “Даҳайи деггарон” номи билан аталгани боис кейинчалик бу ҳазратнинг табаррук номларига қўшиб улуғланган. Ул зот IX-XII асрлар тасаввуф институтини орифона моҳирлик билан янги фалсафий, тасаввуфий ғоялар билан бойита олган пири шарифдир. Шунингдек халқ орасида ижтимоий, маънавий муҳит яратиб ўз илми орқали инсонларни комилликка бошлаган ҳамда аҳоли орасида фаол тарғиб қила олган. Бу эса даврнинг таҳликали вазиятида ижобий натижасини кўрсатган. Кишилар онггу шуурида кўтаринкилик кайфиятини бахш этиб, олдинга олға интилишга даъват этган. Жамиятнинг қайта юксалиши учун иқтисодий, сиёсий жиҳатларни шакллантирган. Ул зотнинг: “Ҳар доим одамларга, хусусан камбағал, бечора, дардман кишиларга моддий, маънавий ёрдам қил, Ватан, халқ йўлида доимо фидоий ва саховатли бўл, қилган яхшилигингни миннат қилма”, йўсинидаги даъватона ҳикматлари инсонларни сахийликка чорлайди. Шу нуқтаи назардан замон ноёб ақл-заковат соҳиби Мавлоно Ориф Деггароний таълимотини умри боқий, ҳаётий эканлигини тан олди. Қолаверса, юрт кишиларида у киши ҳақида ҳақиқатга йўғрилган ривоятлар ётади. Айтишларича, қишлоққа кучли сув тошқини бостириб келаётган бир паллада унинг олдидан чиқиб “халққа тегма, нимайики офатинг бўлса менга кўрсат” деганларида хавф ортга чекинган. Айнан шу хақида батафсил Мавлоно Ориф Деггароний масжиди имом-нойиби Саъдулла бобо Ўсаров сўзларига қулоқ тутдик.

 – Бу манбаларда ҳам батафсил келтирилган. Деггарон қишлоғига сел келиб, Кўҳак дарёсида тошқин содир бўлади. Ундан барча қочиб, ташқарига отилади. Инсонларнинг яшаш жойи, биноларни оқизиб юбориш хавфи туғилганда, ҳазрат Мавлоно Ориф ўзларини селнинг энг кучли оқимига ташлаб, “агар қувватинг етса, мени оқизгил” деганларида сел батамом ортга чекинган, ва халқ балои-офатдан халос бўлган. Шу боисдан ҳам у киши кучли каромат ва хислат соҳиби бўлган, валийлик даражасига етган зотдир, дея эътироф этилади.

Шундай қилиб, бу зот ҳақидаги кўплаб ривоятлар замирида, энг аввало, эл манфаати кишилар фаровон турмуши акс эттирилган. Эзгу амални рўёб бўлишида фақатгина меҳнат қилиш лозимлигини халққа уқтирилган. Алломадан ниҳоятда бой маънавий мерос қолдики, бугунга келиб ёш қалб эгаларини комиллик сари етаклашга хизмат қилмоқда.

Бугун мазкур зот яшаб ўтган ҳудудда тарихий иншоот масжид мавжуд. Кармананинг кўрки ҳисобланади. Мавлоно Ориф Деггароний сағанаси Карманадан 40 километр шимоли-ғарбдаги Ҳазора қишлоғида жойлашган. Сағана атрофи пишиқ ғишт билан ўралган табаррук зиёратгоҳга айлантирилган. Жануб томонида баландлиги 2 м бўлган гумбазли чиллахона мавжуд. Шимол қисмида эса 2м узоқликда 23 м бўлган қудуқ мавжуд. Унинг суви шифобахш саналганлиги боиз, зиёратга келгувчилар ундан ичиб тилаклар билдиришади. Унинг ён қисмида яъни кунчиқар томонида Ҳазора қабристони жойлашган тарафида Деггарон қабрлари бўлиб, у мармар тошлар билан маҳорат билан сайқалланган. Ташриф буюрувчиларнинг таъкидига кўра унинг атрофидан яхши ниятлар қилиб уч бора айланиш истаклар ижобати гарови саналар экан. Ёнма-ён қисмида ҳомийлик йўли билан вилоят тарихий ўлкашунослик музейининг бўлими жойлашган. Унда 11-15 аср буюмлари, қадимий қўлёзма намуналари ҳамда рўзғор ашёлари жой олган. 1990 йилда сағананинг 6м масофада 12х12 м ўлчамдаги намозхона қурилган. 6 дераза ва 2 эшикдан иборат намозхона марказий қисмига ёғоч гумбаз ўрнатилган.
Мақбаранинг шимоий-ғарбий томонида қадимий “Деггарон”мачити мавжуд. У пахса ва ғиштдан қурилган бўлиб, ички қисмидаги хонақоҳ кубсимон, ўрта қисмини тўртта пишиқ ғиштин устун тиклаб туради. Мачитнинг марказий гумбази тўртта устуннинг устидан чиқарилган ва ўн икки бурчакли безак шаклини ҳосил қилган равоқлар устидан кўтарилган.

Мачитнинг ички саҳни математик ҳисобларга кўра 15 метрга 15 метр бўлиб, пишиқ ғиштдан кўтарилган тўрт устунларнинг устидан ёйсимон қасқонлар, улар устидан эса гумбазлар ўрнатилган. Мачитнинг тепа қисми ҳам гумбазлар билан безатилган. Мачитнинг кунботар тмонида меҳроб, шарқ ва жануб томонида 18 устунли айвон ҳам бўлган. Маълумотларга қараганда мазкур айвон ХХ асрларда мачитдан алоҳида қурилган деган тахминлар мавжуд.

Мустақиллик йилларида яъни 2007 йилда ҳомийлик маблағлари ҳисобига тўлиқ таъмирланиб, қадим қиёфасини тиклаб, ўзига хос бетакрор кўринишга, гўзал ва обод масканга айлантирилди. Айни кунларда таъмирлаш ишлари якунланиб гўзал қиёфада намоён бўлган. Бугунга келиб тарихий меъморий обида инсонлар қадами узилмайдиган заминга айланган.

Юксак Фахр ва ифтихор туйғулари ила айтиш мумкинки, Қуйи Зарафшон воҳасининг ўз давридаги ижтимоий, маънавий муҳитида ҳикматнамо, пуркаромат, авлиё-ҳазрат Мавлоно Ориф Деггаронийнинг илмий салоҳияти, ўрни беқиёс. Юртимиз озодлиги Мавлоно Ориф Деггароний каби алломаларимиз таълимотини ўрганишга ва улар тариқатидаги маънавий булоқдан баҳраманд бўлишга имкон яратди. Бу эса ўз ўрнида ёшларимизнинг маънавий камолотини бойитишда дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур табаррук масканни азиз тутиш, келажак авлодга обод ҳолда етказиш барчамиз олдидаги фарздир.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 95 | Добавил: admin-1 | Теги: Мавлоно Ориф Деггароний, Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанди | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]