Главная » 2017 » Март » 14 » Шоирага эҳтиром
12:46
Шоирага эҳтиром

Ҳар баҳор келиши ўзбекнинг атоқли шоираси, серқирра ижодкор, вафо ва садоқат куйчиси бўлган Зулфияхонимни ёдга солади. Ҳеч бир китобхон йўқки, юракларга кўкламнинг илиқ нафасидек кириб келадиган шоира ижодига қизиқмаса, ўтли мисраларидан ёд олмаган бўлса.
Унинг "Хотирам синиқлари" достони ҳажман ихчам, фикран кўламлидир. Асар муаллифнинг йиллар бўйи қал­бида чўкиб ётган дардлари, оғриқла­ри, бунинг сабаблари моҳиятидаги аламлари асосига қурилган. Шоира бу­ни хотирасида тиклар экан, гўё син­ган кўзгунинг синиқларини бир-бири­га улаганда нарсанинг аксини кўрсат­гандай, бу хотира синиқларини орти­да ўзининг сиймоси пайдо бўлади. Биз бу синиқларда шоира юрагидаги чандиқларни кўрамиз. Бу чан­диқлар пайдо бўлиш сабаб­ларини англаш бароба­рида тоталитар ту­зум пайтида­ги адо­латсизлик, тузум­ни душманлар­дан тозалаш ниқоби остида ҳаётни англаш, ундан тегишли хулоса чиқа­риш иқтидорига эга бўлган фикрларни одамларни "овлаш ва йўқ қилиш" жараёнини бутун мураккаб­лиги билан ҳис этамиз ва шоира иро­даси олдида бўйин эгамиз.
Бу жараён шоиранинг оиласини ҳам четлаб ўтмади, балки таниқли давлат арбоби бўлган акаси Нормат Исро­илов­ни ҳам домига тортиб кетди. Ма­на шундай кунларни содир қилган ки­ши­лар ҳақида шоира куйиниб ёзади:
Сизни-да қора тун олармикин,
Қўлингизга кишан солармикан,
Юкиниш, ялинчимас — ғурурни кўриб,
Ваҳший ғазабларда ёндирармикан?!
Иккинчи жаҳон уруши халқ бошига солган қайғу, йўқотишларда юраги сад­пора бўлган шоира ғалаба кун яқин­лашганда бахт қасри қулади, яъни Ҳамид Олимжондан жудо бўлди. Шоира 29 ёшида икки бола билан бева қолди:
Бахт қасримга кириб мени топди дард,
Уруш, ёзда ёққан қор каби ўлим.
Ўттизга етмаёқ сочим қор ялаб,
Кўз ёшим сойига тўкилди гулим.
Лекин шоира тақдир, қисматнинг шаф­қатсиз довул, шамолларида сарғайган баргдай учмади, хазондай тў­зиб, иродасини ҳаёт оқимига топшир­мади, маҳзунликка берилмади. Балки ҳаётдан эрта кетган укаси, ноҳақ ўлим­га маҳкум этилган акаси, севимли ёри, тузум қабоҳатларидан озор топган ота-онаси, фарзандлари, халқи учун, қолаверса, адабиёт-шеърият, ҳақиқат учун барча ғам-андуҳларни енгишга, ундан устун чиқишга интилди, муяссар бўлди. Оқибатда иродали қалб нима­ларга қодир эканлигини намоён қилиш билан инсонийликдан сабоқ берди, вафо тимсолига айланди.
Зулфия опа қўлига қалам олгандан то сўнгги кунигача бир армон, яъни халқ­нинг мустақиллигини кўриш армони билан яшади. Шундай армони ушал­ганидан — истиқлолдан беҳад қувонди, бу ёниқ шеърларида ҳам акс этди.
Шоиранинг Ҳамид Олимжон хотира­си­га бағишлаб ёзган шеърлари, ай­ниқса, ҳаяжонли, дардчан. Табиат тас­ви­рига сингдирилган майин оҳанглар оқ бўёқларда гавдаланади. Инсоний дард­га йўғрилган фарёд, нолалари, дарду алам, армону изтироб туйғулари аста-секин сарғиш ранглар ёки тўқ ранг­ларга кўчади. Лирик қаҳрамон қўлидаги даста гул, ёруғликни тўсиб келган қора булут, аёл изтиробларига чидолмасдан дув ёш тўккан осмон, оқ булутлар — бари рам­зий маъноларни ташийди.
Биз йиғладик тепангда шу кун
Келдингми, деб кўтармадинг бош,
мисралари лирик кечинма якунини таш­кил этади. Демак, Зулфия шеър­ларида ҳаётнинг мураккаб синовлари­дан ўтиб бораётган инсон қиёфаси, унинг ўй-кечинмалари, ҳис-туйғулари, дарду изтироблари тасвирланади ва китобхонни аёл, она, ёр қалбининг муш­тарак туйғулари замиридаги маъ­но­ларни англашга ундайди.
 

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 92 | Добавил: admin-1 | Теги: Зулфия, шоир | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]