Главная » 2017 » Февраль » 26 » ТАРИХ КЎЗГУСИ
08:23
ТАРИХ КЎЗГУСИ

Мамлакатимз мустақиллика эришгач, музейлар фаолиятини замон талаблари даражасига кўтариш, уларни янги, ноёб топилмалар билан бойитиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Музейлар фаолиятига тааллуқли меъёрий ҳужжатлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги қонуни соҳани янги босқичга кўтаришда асоий омил бўлиб хизмат қилаётир.
Ҳар бир халқнинг маданий кўзгуси бўлмиш музей юртнинг тарихий, моддий ва маънавий ёдгорликлари тўпланган ҳамда уларни сақлаш, ўрганиш ва ташвиқ қилиш сингари ишлар амалга ошириладиган илмий, маърифий-маънавий маскан ҳисобланади. Бугун вилоятимизда 12 та давлат, еттита соҳа, учта жамоатчилик ва 27 та мактаб жами 49 та музей фаолият кўрсатади. Шулардан бири 1981 йил 9 майда ташкил этилган Қизилтепа ўлкашунослик музейидир. Айни пайтда музейда 1350 та экспонат мавжуд бўлиб, археология, қишлоқ хўжалиги, этнография, табиат ва мустақиллик экспозицияси каби олтита бўлимдан иборат.
Мустақиллик йилларида вилоятимизда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда эришилган ютуқларни ифодаловчи янги коллекцияларни тўплаш ишлари бошлаб юборилган. Албатта, бу энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида муносиб совға бўлади.
Музей кўркига кўрк қўшиб турган чориқ яъни теридан ишланган оёқ кийим ХIII асрга оид ҳисобланади. Қолаверса, ХV асрга оид Темурийлар даврида зарб этилган мис тангалар, Тош масжид жоме масжидидан келтирилган ХVI асрда нақш бериб ишланган устун, ХVII-ХIХ аср чарх, тўқиш дастгоҳи ва анжомлар, ХVIII-ХХ асрларда ясалган ва фойдаланилган қишлоқ хўжалиги буюмлари, кўза, чўмич, хумча, сопол идишлар, миллий либослар каби экспонатлар кишини ўзига мафтун этади.
Туманда яшаб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшган, юртимизнинг қатор мукофотларига сазавор бўлган инсонларнинг фаолиятига доир бурчак ҳам ташкил қилинган. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Ирригатор” – Ашур Ҳабибов, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор”лар – Обиддин Жиянов, Қувват Зоиров, Адизбой Хирочев, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлар, турли танловлар ғолиблари ушбу бурчакдан жой олган. – Қизилтепа туман ўлкашунослик музейимиз 2015-2016-йилларда қайта реконстуруксия қилинди – дейди ўлкашунослик музейи директори Олим Муҳаммедов. – Музейнинг ташқи ва ички кўриниши ўзгартирилшарт-шароитлар яратилди. Биз бундан бениҳоя мамнунмиз.
Мустақиллигимиз асосчиси, юртимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов: “Ўз тарихини билган, ундан руҳий қувват оладиган, халқни енгиб бўлмас экан, биз ҳаққоний тарихимизни тиклашимиз, халқимизни, миллатимизни ана шу тарих билан қуроллантиришимиз зарур”, – деган эдилар. Ҳа, собиқ шўролар даврида ўтмишимиз бузиб талқин қилиниб келган бўлса, мустақиллик туфайли аждодларимиз тарихи, бетакрор маданияти акс этиб турувчи қадимий нодир буюмлар музейларимиз кўркига кўрк қўшиб турибди. Уларда сақланаётган ҳар бир нодир қадимий ашё тарихни ва улар орқали бутун Ватанимиз тарихини илмий асослаган ҳолда чуқур ўрганиш, уни кенг омма ва саёҳатчиларимиз онгига сингдириш билан бирга бу бебаҳо бойлигимизни кўз қорачиғидай асраб, келажак авлодларга қолдириш муқаддас, шарафли бурчимиз ва инсоний вазифамиздир.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 104 | Добавил: admin-1 | Теги: Ўзбекистон, Тарих | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]