Главная » 2017 » Февраль » 14 » Бобур қисматидаги ҳайрат
14:56
Бобур қисматидаги ҳайрат

Дунё саҳнида ҳам шоҳлик, ҳам шоирлик унвони билан Заҳириддин Муҳаммад Бобур муносиб шуҳратга эгадир. У Амир Темурга бешинчи авлод бўлади. Бобур Алишер Навоий ижодидан баҳраманд бўлиб ўсади. Тақдир тақозоси билан шу улуғ даҳолар бошлаган уйғониш — ренессанс ҳодисаларига жуда мураккаб тарихий шароитларда иштирок этиш Бобур Мирзонинг зиммасига тушди.

Бобур Мирзо бу сулола­нинг Марказий Осиёда ўза­ро урушлар туфайли инқи­розга учраган ва Дашти Қип­чоқдан келган хон ва сул­тон­лар томонидан мағлуб этила бошлаган ҳалокатли даврда тарих саҳнасига чиқди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ мада­нияти, адабиёти ва шеъ­ри­я­тида ўзига хос ўрин эгал­лаган адиб, шоир, олим бў­лиши билан бирга, йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. У кенг дунёқа­раши ва мукаммал ақл-за­ковати билан Ҳиндистонда Бобу­рий­лар сулоласига асос со­либ, сержило ўзбек тили­да ёзилган "Бобурнома" аса­ри билан жаҳоннинг маш­­ҳур тарихнавис олим­лари қато­ри­дан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва ру­бо­ийлари туркий шеъ­рия­ти­нинг энг нодир дурдо­на­лари бўлиб, "Мубаййин", "Хатти Бобу­рий", "Ҳарб иши" каби асар­лари ислом қонуншу­нос­­лиги, шеърият ва тил на­за­рияси соҳала­рига му­но­сиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Бобур Мирзо бобокалони Амир Темурнинг авлодлар­га мерос тарзда батафсил ёзиб кетган эсдаликлари­дан хабардор бўлган, деб тахмин қилиш мумкин. Бу ҳақда манбаларда аниқ маълумот йўқ. Аммо Амир Темурнинг саргузаштлари оғзаки ҳи­коялар тарзида бўл­са ҳам авлоддан-ав­лодга ўтиб келган ва Бобур Мирзога маъ­лум бўлган. Чунки "Бо­бур­нома"ни "Те­мур тузукла­ри"га қиёслаб ўқиганингиз­да уларнинг ора­сида маз­мун, тил ва услуб жиҳатидан кўпгина яқинликлар борлиги кўзга ташланади.

Бобур ўзбек адабиётида ўзининг нозик лирик асар­лари билан ҳам маш­ҳур­дир. Унинг ҳаёти ва адабий фаолияти Мовароуннаҳрда сиёсий ҳаёт ниҳоят мурак­каблашган, турли гуруҳ­лар­нинг бошбошдоқлик ҳа­ра­кат­лари авжига чиққан ва Темурийлар давлатининг инқирози давом этаётган бир даврга тўғри келган эди. Бундай мураккаб­лик­лар инъикосини "Бобурно­ма"да кўрган бўлсак, шоир руҳиятида қандай акс этга­ни эса унинг шеърларида намоён бўлади. Мовароун­наҳрни бирлаштириш ури­нишлари натижа бер­магач, Бобур руҳан қийнал­ган, амалдорларнинг хиё­нат­лари таъсирида умид­сиз­ликка тушган кезларда­ги кайфия­ти шеърларида акс этган. Кейинчалик ўз юрти­ни тарк этиб, Афғо­нис­тон ва Ҳиндис­тонга юз тутган­да унинг шеърияти­да Ватан туйғуси, Ватан со­ғинчи, унга қайтиш умиди мавж ура бошлади.

Толе йўқи, жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники, айладим — хатолиғ бўлди,

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Шу билан бирга, Бобур ли­рикасида шеъриятнинг асосий мазмуни бўлган инсоний фазилатлар, ёр вас­­ли, унинг гўзаллиги, ун­га чексиз муҳаббат, ҳиж­рон азоби, айрилиқ аламла­ри ва висол қувончлари ни­ҳоят­да гўзал ва моҳирона ифода этилган.

У ўзининг маълум ва маш­ҳур асарлари билан тарих­навис адиб, лирик шо­ир ва ижтимоий маса­лалар ечи­мига ўз ҳисса­си­ни қўшган олим сифатида халқимиз мада­ния­ти тари­хида муно­сиб ўрин эгал­лайди.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 90 | Добавил: admin-1 | Теги: Заҳириддин Муҳаммад Бобур | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]