Главная » 2017 » Февраль » 7 » Лирик кечинма тасвири
14:28
Лирик кечинма тасвири

Навоий ғазалиётининг лирик қаҳрамонлари ҳақида сўз кетганда, асосан, ошиқ ва маъшуқа образлари тилга олинади. Ҳақиқатан ҳам, шоирнинг ишқий мавзудаги ғазалларида ошиқ ва маъшуқанинг турли ҳолатлари ёрқин бўёқларда тасвирланган. Адабиётшунос олим А. Ҳайитметов таъкидлаганидек, "Навоий ишқий ғазалларининг ярмидан кўпи ошиқнинг ички кечинмаларини, унинг ҳижрон азобларини, дард-аламларини, орзу-армонларини куйлашга бағишланган".

Навоий тасвирида ошиқ изти­роб­лардан қийналган, ҳижрондан азоб тортган, айрилиқлардан зада бўлган "телба кўнгил" эгаси­дир. Шоир шеъриятида ақл ишқ маскани бўлмиш кўнгилга қара­ма-қарши қўйилади. Чунки инсон­ни изтиробга соладиган, бошига турли балоларни келтирадиган, уни турфа қийноқларга гирифтор қиладиган кўнгилдир. Кўнгил  ақл йўриғига юрмайди. 

Кўнгулни қайди жунундин чиқар дединг, эй ақл,

Кетурса бошингга юз минг бало кўнгул, нетайин.

Ҳақ ошиқлари балони нафақат азоб, мусибат, фалокат деб бал­ки буюк бир имтиҳон деб ҳам бил­ганлар. Уларнинг назарида бало ошиқнинг яхши ҳолларга соҳиб, яхши феъллар эгаси бўлиши ва шу йўл билан мақсад сари инти­лишини синовдан ўтка­зиш учун бериладиган азоблар­дир. Ҳаққа  яқинлик, ундан келган азоб ва жафоларга самимий муносабатда бўлишдир. Шунинг учун ҳам ошиқ­лар ҳар қандай қи­йин­чилик, азоб ва изтироблардан чўчимаганлар. Ҳатто бундай қи­йин­чиликларни хуш қабул қилган­лар. Шу ўринда Шиблийнинг қуйидаги сўзлари­ни келтириш ўринлидир: "Эй, Оллоҳим! Халқ сени ҳимматинг учун, мен эса ба­лонг учун севар­ман". Дарҳақиқат, ҳақиқий ошиқ­лар бир он балосиз қолсалар, илоҳий неъматдан маҳ­рум бўлган каби оҳ урадилар,  фарёд чека­дилар:

Жонға ҳар дам ишқидин юз минг бало кам истамон,

Ўзгага минг йил ўтуб, юздин бирин ҳам истамон. 

Ҳар дамда юз минг бало келса ҳам лирик қаҳрамон буни кам деб билмоқда.  

Халқда "Садақа радди бало" — садақа балоларни рад этади", деган ибора бор. Аммо шоир ли­рик қаҳрамони изтироб ва синов­ларни истар экан, ҳатто энг азиз нарсаси — жонини садақа қи­либ бўлса ҳам балоларни тилаб олиш ниятидадир:

Садақа чунки балоларни рад айлар, ё раб,

Жон анга садқа қилай манга бағишла они. 

Муқаддас китобларда қайд қи­ли­нишича, Яратганнинг севган бан­даларини ғам-андуҳ ва бало­лар билан имтиҳон қилишининг сабаби бор. Бунинг бир сабаби: бу бало ва ғам-андуҳлар баъзи валий ва набилар учун қалблари­нинг жилоланиши ва истеъдодла­рининг юзага чиқиши учун юбо­рилади. Уларнинг бундай ғам-ташвишларга дуч келишлари эриш­ган мақомларини тамом­лаш­лари ва бунинг натижасида яна­да юксалишларини таъмин­лайди.  Шунинг учун ҳадисда: "Энг шиддатли балоларга дучор бўл­ганлар пайғамбарлардир, ундан сўнгра валийлардир", дейилган.

Балоларга сабр айлаш, қийин­чиликларга бўйсунишнинг энг оддий усули юзага келган машақ­қатларга ризоликдир. Зеро, ризо ҳам ҳақ ошиқларига хос бўлган ҳол тури бўлиб, баъзилар уни мақом деб атайдилар.

Шоир лирик қаҳрамонига хос бўлган хусусиятлардан бири сабр­дир. Сабр  ҳар қандай қийин­чилик ва азобларга бардош бе­риш, мақсад йўлидаги ҳар қандай тўсиқларни мардонавор енгиб ўтиш ва натижада муродга эри­шишдир. Ишқнинг  азоблари, ай­рилиқ изтиробларига чидам бе­риш ҳам сабр орқалидир. Шоир лирик қаҳрамони изтироб­лару сўнгсиз айрилиқлардан но­ли­май­ди, балки сабрнинг озидан ши­коят қилади:

Дам-бадам шавқум санга кўпракдур, аммо сабрим оз,

Гарчи сен бедодни кўп, меҳрни оз эткасен.  

Ёки:

Сабр озидин азоб, андуҳ кўпидин кўнглума юз минг бало,

Ашкдин сайли бало, оҳ ўтидин ҳар дам алам.   

Маъшуқанинг меҳрсизлиги, бе­додлиги, ғам-андуҳнинг кўплиги­дан эмас, ошиқ ўз сабрининг озлигидан шикоят қилишининг сабаби бор. "Чунки тасаввуфда сабр­нинг тамали нафсга қарши бориш"дир. Сабр нафснинг зўр­лик­ларига қарши курашдир. Сў­фий бутун балоларни, жумладан ёр васлига етишиш йўлидаги қийинчиликларни ҳам Илоҳий бир имтиҳон деб билади. Сабр-тоқат ва матонат билан йўлда илгарила­ганларнинг сармояси, мукофоти­дир. Қуръони каримда номлари келтирилган барча пайғамбарлар бир қанча мусибатларга дучор бўлганлар, бошларига келган ҳар балога сабрни қарши қўйиб, за­фар­га эришганлар. Жумладан, Иброҳим (а.с.)нинг оташга оти­лиши, Аюб пайғамбарнинг хаста­ликка учраши сабр билан боғлиқ қиссалардир. Ишқ йўлига кирган солик ана шу пайғамбарлар каби балоларга учраб, бу ба­лоларга сабрни қарши қўя­ди. Зеро, сабр му­ҳаб­батнинг калитидир.

Навоий лирик қаҳра­монига хос бўлган бун­дай хусусиятлар комил­лик даражасига юксалиш йўли­даги ҳаракатлардандир.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 91 | Добавил: admin-1 | Теги: Алишер Навоий | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]