Главная » 2017 » Февраль » 6 » Садди Искандарий сабоқлари
18:31
Садди Искандарий сабоқлари

Навоий асар­лари­даги мавзулар аба­дийлиги, ҳамма давр­­ларда ҳам за­мон ва кишилар би­лан боғлиқ ма­­сала­лар­дан баҳс юри­ти­ши билан қадр­ли­дир. Бу йил "Халқ би­­лан мулоқот ва ин­­сон манфаатлари йили" деб эълон қи­линди. Зеро, ҳеч бир шоир ўз ҳаёти ва асарлари билан халқ, унинг бахту камолоти учун Навоийчалик қай­ғурмаган, хизмат қилмаган бўлса ке­рак. Шоир умри давомида халқ дарди билан яша­­ди. Ўз ишлари билан уни ҳаётда кўрсатиб бер­­ди. Асарлари орқали авлодларга панд-на­сиҳат қилди. Барчани яхшилик қилиш, яхши ном қолдиришга чақирди. Шоирнинг бу бо­радаги баъзи фикрлари "Садди Ис­кан­да­рий"­да ўз ифодасини топган.

Навоий "Хам­са"си ўзига хос ҳик­­матлар ха­зинаси. Унда ҳаёт, ин­сон, ти­рик­лик, умр билан боғ­лиқ бирор бир жиҳат йўқки, қа­ламга олинмаган бўлса. "Хам­са"­нинг бешинчи ва ҳажман энг кат­та достони ҳисобланган "Садди Ис­кандарий"да бу нарса янада кенг­роқ ва кўпроқ кўзга ташла­на­ди. Искандар ҳаёти, унинг сар­гу­зашт­­­лари жараёнида буюк олим Арасту билан бўл­­ган савол-жавоблар, достон воқеалари баё­­ни­да Шарқда машҳур ақлу до­ниш тимсоллари Аф­лотун, Суқ­рот, Балинос, Буқрот, Хурмус, Фар­­­фунюс кабилар томонидан билди­рилган фикрлар На­­воий­нинг ўзига хос ўгитлари, панду на­­сиҳат­лари­­­дир. Искандар атро­фи­даги бу етти ҳаким илму ҳик­мат асосида ҳар қандай мушку­лот­ларни еча ола­диган олимлар сифатида на­моён бўлади. Дос­тон­нинг охирида Навоий укаси Дарвешалига ҳам насиҳатлар қи­ладики, бу ҳам асар­даги ҳик­мат­ли байтлар салмо­ғи­ни янада оширган.

"Садди Искандарий" 7215 байт — 14430 мис­ра­­­­дан иборат. Ундаги ҳар бир байт, ҳар бир сўз ўзи­­­га хос ўрни, мавқеи, мазмунига эга. Аммо ана шу катта ҳажмли асардан Навоий фикрларининг мағзи, шоҳбайтлар деса бўладиган 15-20 байтлар саралаб олиндики, бу ҳар бир кишига ибрат, умр маз­мунини англатувчи ҳикмат даражасидадир.

Навоий инсон ҳақида юксак мулоҳазаларни баён этади. Шоир талқинича, инсон барча мавжу­дот­лар­­нинг сарвари, "буким ашрафи халқ инсон эрур", "бу оламда мақсуд анга одаме". Инсон ум­ри ғоятда қисқа. Бу дунёда ҳеч ким абадий қол­май­­­ди. Ҳамма охир-оқибат "адам" — йўқлик сари юз тутади. Узоқ умр кўриш яхши истак. Аммо бу ҳаёт ҳеч ким­га абадий берилган эмас:

Кишига эрур гарчи уммид умр,

Бировга эшиттингму жовид умр? (279-бет.)

Шоир дунёнинг омонатлиги, у денгиз ичида тур­ган улуғ кесакка ўхшашлиги, не-не улуғ зотлар: дунё­­­ни ларзага солган шоҳу саркардалар, бит­мас-туганмас хазина соҳиблари, олиму дониш­манд­­­­­лар — ҳеч ким аба­дий умр топмаганини  так­рор-такрор қайд эта­ди. Бу — тушкунлик, яшаш­дан воз кечиш, умрнинг арзимас нарса эканлигига ча­қириқ эмас. Аксинча, умр­ни қандай ўтказиш му­ҳим­лигига ишора. Ти­риклик ғанимат, ҳаёт қадр­ли. Ҳамма бу олам­да меҳ­мон. Биров келиб, бош­қа­лар кетади. Шу са­баб умрни ғанимат би­либ, ҳар дам­ни маз­мун­ли ўт­казиш муҳим:

Чу охир бўлурмиз адам, эй рафиқ,

Fанимат тутоли бу дам, эй рафиқ. (468-бет.)

Инсон умрини яхши си­­фатлар безайди. Шоир ях­­­шилик ва ёмон­лик, ростлик ва ёлғон­чилик, меҳр ва зулм, са­хийлик ва ха­сислик, тама ва тама­сиз­­лик, ҳим­мат ва ба­хил­лик, фойда ва зарар, яхши ва ёмон ном қол­дириш каби тушунча­ларни қиёс­­лай­ди. Улар­дан ке­ла­ди­ган мукофот ва офат­­ларга доир му­ло­ҳа­за­ларини баён эта­ди. Дос­тонда Арас­ту то­мо­нидан Искандарга ай­тилган мана бу на­си­ҳат­лар бугуну эртанинг, ҳар бир инсофли ин­сон­нинг шиори бўл­са ажаб­мас:

Халойиққа кўрма қилиб бенаво,

Ўзунгга раво кўрмаганни раво. (548-бет.)

Одамзод ўзига ёмон­ликни, зулм ва ҳақо­рат­ни, ҳақсизлик ва хор­лик­ни — умуман вужуди ва ру­ҳия­тига озор бе­­рувчи ҳар қандай нарсаларни раво кўрмайди. Ана шу кечинмаларни ўзга­лар­га — бегоналарга ҳам му­носиб кўрмаслик юк­сак ин­со­нийлик бел­гиси. Мана бу байтда ҳам ай­нан шу фикрлар акс эттирилган:

Неким ўз қошингда эрур нораво,

Улусқа ани кўрма асло раво. (316-бет.)

Навоий инсон табиати, сифатлари, ундан кела­ди­ган оқибатларни теран шарҳлайди. Агар би­ров­нинг табиатида ёмонлик бўлса, ўзгаларга озор етказиш доимий одати бўлса, ўзи ҳам ундан қо­чиб қутулолмайди. Халқимизда: "Ёмонлик жазосиз қолмайди", "Ёмоннинг жазосини худо беради", "Нима қилсанг, шуни кўрасан", "Нима эксанг, шуни ўрасан", "Арпа экиб, буғдой ололмайсан" маз­­­­­­мунидаги ҳикматлар бор. Навоий шу руҳдаги фикрларнинг барчасини умумлаштириб, икки-уч байтда айтиб қўя қолган. Шоир фикрича, ҳар ким "ҳанзал" (итқовун) экса, шунга  яраша бемаза ҳо­сил олади. Найшакар экса, шакар топади. Ёмон киши нимаики ёмонликлар қилса, шуни кўради:

Не феълеки келди бировдин ёмон,

Ёмонлиқ кўрардин анга йўқ омон. (322-бет.)

Аксинча, кимнинг табиатида яхши сифатлар жам бўл­­са, ўзгаларга фақат яхшилик қилиш билан умр ўтказса, ўзи ҳам шуларга сазовор бўлади:

Ки, ҳар ким аён этса яхши қилиғ,

Етар яхшилиқдин анга яхшилиғ. (324-бет.)

Яхши хулқли одам "ганжу иқбол" — бойлик ва сао­­­­датга эришади.

Зулм, зулмкорлик — мумтоз шоирларимиз энг кўп қо­ралаган иллатлардан бири. Ноҳақ зулм, ға­рибу бечораларга етказиладиган ситам жазосиз қолмайди. Кимки зулмкор бўлиб, бошқаларга озор етказишдан роҳатланса, у "мардуду бад­ном­дур", яъни номақбул ,одамлар орасидан қувилган, ёмон отлиқ кишидир. Элга етказилган бесабаб зулм жа­зосиз қолмайди:

Неча зулмким элга золим қилур,

Ўз-ўзига кўпрак қилур — ҳақ билур. (118-бет.)

Золимнинг қилмиши, халққа етказадиган жабр­лари яширин қолмайди. Аллоҳ шоҳидки, у жазо­сини олади.

Инсонийликнинг юксак белгиларидан бири са­хо­ват, ҳиммат. Агар инсон ғаний — бой бўлсаю ҳим­­матдан йироқ бўлса, у ҳурматга сазовор бў­лол­­­майди. Чунки бахил, хасис кимса ҳеч қачон эъ­­­тибор тополмайди:

Бировким, анинг ҳиммати йўқтурур,

Fаний бўлса ҳам ҳурмати йўқтурур. (96-бет.)

Навоий барча асарларида тўғрилик, ростгўй­лик­ни инсондаги юксак сифат дея баҳолайди. "Ҳай­рат ул-аброр"да бу тушунчалар алоҳида бир ма­­қолатда шарҳланса, "Садди Искандарий"да бир неча байт ва ҳикоятларда кўзга ташланади. Дос­тондаги ёлғончи киши, шу сабаб уйи ёниб кет­гани, кампир ва тўғри ўсган дарахти билан боғ­лиқ ҳикоятни эсга олиш кифоя. Шоир тал­қи­нича, ким­ки ёлғончилик билан ном чиқарса, Қуръ­они ка­римдан далил келтирса ҳам ҳеч ким унинг сўз­ларига ишонмайди. Навоийнинг бу борадаги қатъ­ий ҳукми мана бу байтда ифодалангандек:

Бировким эрур ростлиқдин йироқ,

Анингдек киши бўлмағон яхшироқ. (361-бет.)

Ёлғончи одамнинг бўлганидан бўлмагани ях­­широқ.

Навоий ҳикматлари мазмунан ранг-баранг. Аммо шоир асарларида, хусусан, "Хамса"дан чи­қа­ди­ган энг катта хулоса битта: яхши ном қол­ди­риш. На­воий фикрича, Аллоҳ эвазига — ундан ета­диган мар­ҳаматлар кифоя қилмаса ҳам, оламда яхши от қолдиришнинг ўзи етарли. Бу энг катта илтифот:

Эвазга доғи қилмаса илтифот,

Бас эрмасмудур даҳр аро яхши от. (318-бет.)

Шарқ донишмандлари яхши ном қолдиришни ик­кинчи умр ҳисоблайдилар. Навоий асарлари ҳар бир китобхонни ана шундай умр кечиришга чор­­лайди.

Категория: Культура | Просмотров: 96 | Добавил: admin-1 | Теги: Алишер Навоий, Хамса | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]