Главная » 2017 » Январь » 23 » Туроннинг баҳодир қизлари
12:37
Туроннинг баҳодир қизлари

Тарихий тараққиётнинг қайси даврини олманг, аёллар жамиятнинг маиший, сиёсий ва маданий ҳаётида доимо ўз ўрнига эга бўлишган. Халқнинг буюклиги, юртнинг тинчлиги, бутлиги унинг элпарвар, ватанпарвар аёлларига ҳам боғлиқ  бўлган. Ўзбек халқ достонларидаги Тўмарис, Барчин, Ойсулув каби эпик образлар фикримизнинг далилидир. Ҳар қандай афсонанинг тагида ҳақиқат ётади. Ўзбек халқи жуда қадим даврлардан буён дунёвий тижорат борасида донг таратган. Ўрта Осиёни Александр Македонский босиб олмай туриб, бу ерлик халқлар Юнон ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан иқтисодий-маданий алоқалар олиб боришган. Юнон ва араб тарихчилари Моварауннаҳрнинг бой маданияти, иқтисодий жиҳатдан фаровон яшовчи одамлари, уларнинг урф-одатлари, ижтимоий ҳаётда хотин- қизлар фаолияти ҳақида ёзиб қолдирдилар. Эрон шоҳлари Кир ва Дорога қарши курашган массагетлар ва шу қабила ҳукмрони Тўмарис, шак халқининг қизлари Зарина ва Одатида ҳақида қиссалар бутун дунёга тарқалган.

         Бундай қабилалар эркаклари ҳам, аёллари ҳам пишиқ, чидамли ва чиниққан бўлиши, жами офат ва кулфатларга мардонавор туриб бериши шарт эди. Марказий Осиё худудларида кўчиб юрган қабилалар ҳозирги ўзбек, турк, тожик, туркман, уйғурларнинг ота-болалари эди. Туркий халқлар аёллари шижоати улар тарбиялаб ўстирган халқнинг турмуш –тарзи ва характеридан келиб чиқади.Улар мардлик ва жасурлик, инсонни юқори даражага кўтарувчи поклик, самимийлик, инсонпарварликни қадрлар эдилар. Қабила бошлиқлари ана шундай паҳлавон ва адолатпарвар бўлиши керак эди. Жасур аёллар кўпинча қабила ва бутун халқни бошқарар, ўз халқининг мустақиллиги учун жонини ҳам беришга тайёр эдилар.

         Машҳур Тўмарис ва Зариналарга ўхшаш ғайратли  ўтюрак аёллардан бири Самарқанд ҳокими Қора - гурунинг қизи эди. Тарихчи Рашидиддиннинг хабарига қараганда, Бухор – Худод вафотидан кейин унинг хотини узоқ йиллар давомида Бухорони араб босқинчиларидан мудофаа қилиб турди.

          Қадимги туркий миллатларда хотин-қизларнинг мустақил ҳаракатлари темурийлар даврида ҳам давом этди. Амир Темур замонида аёллар ижтимоий ҳаётда муайян мавқе эгаллаган. Европалик элчиларнинг ёзишича, Темур чопарларни қабул қилиш маросимида  бир томонга бек ва амалдорларни ўтқазган, иккинчи томонга эса хотинлари, аёл давлат маслаҳатчилари бўлишган.  Унинг хотини Бибихоним, Шоҳруҳнинг хотини  Гавҳаршодбегим, Бобурнинг онаси Кутлуғ Нигорхоним, катта онаси Эшон Давлатбегим, Бобурнинг қизи Гулбаданбегим, опаси Хонзодабегим, Шоҳжаҳоннинг хотини Мумтоз Аржумандбону, Аврангзебнинг қизи Зебуннисобегим ва кейин яшаб ижод этган шоиралар ва давлат арбобларини етиштирган халқнинг юксак савияли, маданиятли бўлганлиги исботталаб эмас. Ўша замонлардан бери аёллар, айниқса оналар ўз болалари тақдирини белгилаш, хатти-ҳаракатларини, фаолиятларини тўғри йўлга солиш орқали тарихий тараққиётга муайян таъсир кўрсатишга муваффақ бўлганлар. Бунинг ёрқин намунаси сифатида  Шоҳруҳ Мирзонинг рафиқаси Гавҳаршодбегим фаолиятини эслаш мумкин. Унинг сиймосини яратар экан, ёзувчи Пиримқул Кодиров “Она Лочин видоси” романида жуда кўп далилларга, тарихий ҳақиқатга суянган ҳолда Гавҳаршодбегимнинг деярли бутун умр фарзандлари, айниқса, улуғбек билан Абдулатифни тўғри йўлга солиш изтиробида қийналган аёл сифатида кўрсатади. Гавҳаршодбегим фарзандлар орасида тинчлик, тотувлик, ҳамжиҳатлик ўрнатиш учун ҳормай-толмай курашган.  Етук маънавият ва билим асоси, ўзлик ва миллат туйғуси шаклланмоғи Ватан равнақи учун ягона йўл эканлигини англаган ҳолда баҳодир аёлларнинг етишиб чиқиши табиий эди. Улар меҳрибон оналар, содиқ ёр, доно оила бошлиғи. Шунинг билан бирга, адолатли ҳукмрон, жасур овчи ва жанговар аскар.  

        Қадимги туркий халқлар қиз бола 14 ёшга еткач, мустақил саналар, ўз ҳаёт йўлини ўзи танлар эди.  Улар турмушга чиқадиган йигит эса ҳар томонлама билимдон, жасоратли бўлиши, ўз жуфти ҳалоли олдида боши тик, кўкси тоғ бўлмоғи зарур эди. Бу ватан ва халқнинг обрўси, шону шавкати. Шунинг учун ҳам қадимги достонларда садоқатли миллатпарвар, эркакона фазилатларни юрт ишқида юракка жамлаган ботир аёллар образлари пайдо бўлган. Буларнинг бари бугун бизга мутлақо афсона бўлиб туюлиши мумкин. Аммо бизнинг момоларимиз аждодларимизнинг ажойиб фазилатлар эгалари бўлганлиги ҳақиқатдир. 

Категория: Культура | Просмотров: 86 | Добавил: admin-1 | Теги: узбекистон, Тарих | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]