Главная » 2017 » Январь » 21 » Карманадаги табаррук маскан
16:07
Карманадаги табаррук маскан

Мустақиллик шарофати билан халқимизнинг кўп асрлик тарихи, улуғ аждодларимиз ва уларнинг бой меросини чуқур ўрганиш имкониятига эга бўлдик. Республикамизнинг турли ҳудудларида, жумладан, вилоятимизда ҳам қадимда бунёд этилган кўплаб тарихий ёдгорликлар, меъморий обидалар, аллома ва уламоларимизнинг муборак қадамжолари ободонлаштирилиб, зиёратгоҳларга айлантирилди. Шубҳасиз, бу каби хайрли ишлар халқимизнинг маънавий юксалишига, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод дунёқарашини бойитишга, уларни ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашга, қалбида Ватан туйғусини шакллантиришга хизмат қилаётир.

Ўтган давр мобайнида улуғ ис­­ло­ҳот­ларни амалга ошириш мақ­са­дида, ҳукуматимиз томонидан кўплаб Фар­мон, қарор ва қонунлар қабул қилин­ди. Жумладан, 1999 йил 27 май­даги На­воий вилоятининг Навоий шаҳ­ри таркибида Кармана туманини ташкил этиш тўғрисидаги Президент Фар­мони тарихий аҳамиятга эгалиги би­лан ажралиб туради. Унда Респуб­лика комиссияси зиммасига қуйида­ги ва­зифалар юклатилган эди: "На­воий ви­лояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Рес­­публикаси Маданият ишлари ва­зир­лиги билан биргаликда ҳомийлар ва бюджет маблағларини жалб этган ҳол­да, Мир Саид Баҳром мақбараси, Ҳазрат Қосим Шайх мақбараси маж­муи, Шайх Хўжа Хисрав мақбараси, Мир­за-чорбоғ ёдгорликларини қайта таъмирлаш дастурини икки ой муд­дат­­да ишлаб чиқсин ва тасдиқласин".

Ушбу Фармонга мувофиқ, вилоя­ти­миз ҳудудидаги кўплаб меъморий оби­да­лар ҳукуматимиз томонидан асл ҳо­­ли­да таъмирланиб, обод этилди. Қу­во­­нарлиси, бу эзгу иш­лар ҳукумати­миз ва хал­қи­миз томонидан бу­гунги кун­­да ҳам мамну­ният би­лан да­вом эт­тирил­моқ­да. Жум­ла­дан, шу кун­ларда Кар­мана туманидаги Мир Саид Баҳ­ром мақба­ра­сини қайта таъ­мирлаш ва унинг ҳудудини ободон­лаш­­ти­риш иш­лари олиб бори­ла­япти.

Шу муносабат билан жо­рий йил 20 ян­варда ёдгор­лик ҳудудида вилоят ҳо­кими иш­тирокида халқ ҳа­шарини пух­та таш­кил этиш­­га ба­ғиш­­лан­ган мас­лаҳат йиғини бўлиб ўт­ди. Унда Кар­мана тумани ҳо­кими, ви­лоят ва туман ҳо­кимлари ўринбо­сар­лари, қурилиш ва лойи­ҳа­лаш таш­килотлари мутахас­сис­лари, ма­даний мерос объект­лари­ни таъ­мир­лаш ва муҳофаза қилишга масъул мутасадди ходимлар ҳамда кенг жа­моатчилик қатнашди. Улар то­монидан ёдгор­лик­ни таъмирлаш, қу­ри­лиш ва ободон­лаш­тириш, кўча йўл­ларига ас­фальт ётқизиш, ёриткичлар ўр­натиш, зиё­рат­чиларга хизмат кўр­сатиш тизи­мини барпо этиш бўйича тайёрланган ло­йиҳалар таҳлил этил­ди. Тадбирда маъ­­навий-маърифий соҳа мутахас­сис­лари зиммасига Мир Саид Баҳ­ром ота фаолиятини ва меъ­­морий оби­даси та­рихини илмий ўр­ганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш иш­ларини амалга оши­риш вазифаси юкла­тилди.

Мир Саид Баҳром ота ҳақидаги даст­­­лабки маълумотлар XVIII-XIX аср­ларда яшаган тарихчи Абу Тоҳир Хожи Самарқандийнинг "Самария" аса­­рида келтирилган. Унда Мир Саид Баҳром етук уламо, дин арбоби, тақ­водор, кароматлар соҳиби, комил­лик­ка эришган авлиё бўлиб, силсиласи бў­йича Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га бориб тақалади, дейилган. Асар­да у билими, донишмандлиги ва мўъжиза ярата олиш қобилияти ту­фай­ли халқ орасида ҳурмат ва эъти­бор­га эга инсон сифатида тилга олинади.

Мир Саид Баҳром мақбараси Кар­мана шаҳридаги Охунбобоев (ҳо­зирги Фарғона) номли кўчаси билан Мир Саид Баҳром номли кўча­нинг ке­сишган қисмида жойлашган. Ёдгорлик Ўрта Осиё ар­хитектураси тарихида муҳим ўрин эгал­лайди. Ташқи кўри­ни­­шидан кичик иншоотни эслатади­ган бу мўъ­жаз мақ­бара ўн асрдан бери тарих­нинг жонли гувоҳи си­фа­тида қад кў­та­риб турибди. Мақбарада бир неча марта турли тарихий экс­педициялар то­мо­нидан текширишлар ўтказилди. Жум­ладан, 1934 йилда За­рафшон ар­хеология экспедицияси олим­лари тадқиқот олиб борди. Экс­пе­диция иш­ти­рокчиларидан бири, ар­хеолог олим В.А.Шишкин мақбара ташқи кўрини­ши­нинг ён томонидан схемали расм­ларини тушириб олган. Афсуски, экс­педиция бу ёдгорлик ус­тида мукам­мал тадқиқот ўтказмади.

1942 йилга келиб, мақбара қу­ри­лиши услуби тарихчи олим А.К.Пи­сар­­­чик томонидан ўрганиб чи­қилган. Писарчик Кармана ёдгор­ликларига бағишлаб рисола ёзган илк тад­қи­қот­чи олимлардан биридир.

 Республикамиздаги ноёб маданий мерос объектларидан бири сифати­да Мир Саид Баҳром мақбараси Буюк Ипак йўли бўйидаги трансчегаравий маданият ёдгорликлари номина­ция­си бўйича ЮНЕСКОнинг рўйхатига ки­­­ритилиши учун меъёрий ҳужжат­лар тақдим этилган.

 Ҳозирги даврда бу тарихий мажмуа ат­рофида Кармана туманининг мада­ният ва истироҳат боғи барпо этилган ва Наврўз ҳамда ҳосил байрамлари айни шу жойда ўтказилиши анъанага ай­ланиб бормоқда.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 105 | Добавил: admin-1 | Теги: Навоий вилоят, кармана, Мир Саид Баҳром мақбараси | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]