Главная » 2017 » Январь » 21 » Пирларга бой макон
12:05
Пирларга бой макон

Кармана — Буюк Ипак йўли ёқасида жойлашган, жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг қадимий ва навқирон шаҳарларидан бири, Ислом оламида ҳурмат ила эътироф этилган мўътабар шаҳар — Бухорои шарифнинг қадимий кентларидан ҳисобланади. Бу азим диёрда не-не алломалар, машойихлар, валийлар яшаб ўтганларки, уларнинг ижоди, қолдирган маданий-маънавий мероси дунё халқларининг бебаҳо бойлигига айланган.

Юртимизда туғилиб камол топган, етук илм соҳиблари қаторидан жой олган алломаларимиз, тариқат пеш­воларининг хизматлари Ислом ола­ми­да беқиёсдир. Жумладан, Сул­тонул муҳаддисин Имом Муҳаммад ал-Бухорий, Имом Ҳафзи Кабир, Хожа Юсуф Ҳамадоний, Хожа Абду­л­холиқ Fиждувоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Шайх Баҳоуддин Нақш­банд Бухорий, Мавлоно Ориф Дег­гароний, Имом ат-Термизий, Имом Мотуридий сингари ўнлаб тариқат пирларининг илмий мерослари на­фақат Ватанимизда, балки дунё­нинг барча маърифатчи, зиёли олим­ла­ри томонидан қайта-қайта ўргани­либ, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ҳар бир ҳудудда ва даврда инсон­ларни комилликка етакловчи пир­ла­ри, улуғ авлиёлари бўлгани каби қадимий Кармана ҳам улуғ пирлар­га бой макондир. Кармана тарихида буюк алломалар, олиму фузалолар, шайху валийлар, хону амирлар кўп бўлган. Улардан бири, Кармана туп­роғида абадий қўним топган машҳур валий Хожа Собир ибн Амир Воҳид ал-Карминий ал-Жалойирийдир.

Хожа Собир ота XVI асрнинг охи­ри ва XVII асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтганлар. Умрини Кармана ва унинг атрофидаги аҳоли тарбия­сига бағишлаб, уларни эзгулик ва комилликка даъват этганлар.

Саййид Муҳаммад Носирнинг "Туҳфат аз-зоирин" асарида бу улуғ зот ҳақида шундай фикрлар бор: "Бу зот (Хожа Собир) Хожа Исҳоқ­нинг машҳур халифаларидан эди­лар. Ҳазрат Хожа Исҳоқ ўз оталари Махдуми Аъзам раҳимаҳуллоҳу алайҳнинг муридлари (шогирдла­ри) эдилар. Олий қадр оталари ва­фотларидан кейин Мавлоно Лут­фуллоҳга мутобаат қилдилар. Хожа Собир Амир Воҳиднинг фарзанди­дурлар. Амир Воҳиднинг Бухоро шаҳри ичкарисида Арк баста кўча­сида масжидлари бор. Собир хўжа ибтидода ҳарамайн (ҳаж) зиёратига бориб, ўша жойда 25 йил яшайди­лар. Кейин ғайбул илҳом бўлиб, Мовароуннаҳрга келиб, Ҳазрат Хожа Исҳоққа байъат қилиб, неча йиллар хизматларини қилдилар. У зотдан иршод олиб, комиллик даражасига етиб, халқ хизматида толибларга йўл кўрсатдилар. Муборак қабрла­ри Кармананинг Жалойир мавзе­си­дадир. Вафотлари 1051 ҳижрий санада (милодий 1642 йил)".

Мазкур китобда Хожа Собирнинг авлодлари ҳақида ҳам айрим қайд­лар бор: "Ўғли Ҳазрат Хожа Зариф ибн Хожа Собир раҳимаҳул­лоҳу алайҳ ўз отасининг ўринбосаридир. Қабри Бухоро Ҳайдарободининг Жўй да­ҳа­си­да. Ва унинг ўғли Ҳазрат Ла­тиф­­хў­жа ибн Зариф Хожа раҳи­ма­ҳул­лоҳу алайҳ. Ўз оталарининг ха­лифаси эди. Қабри отасининг ёнида".

Юқорида эслатилганидек, Хожа Собир отанинг қабри Жалойир қиш­лоғининг "Маданият" мавзеси­дадир. Афсус билан шуни қайд этиш мумкинки, мустабид тузум даврида, барча авлиёларга бўлгани каби, Хожа Собирга ҳам эътибор бе­рилмади. Номаълум кимсалар томонидан унинг қабр тошлари йў­қотиб юборилган. Жалойирлик кек­са авлод вакилларининг айтишла­ри­га қараганда, "Собир хўжа ав­лиё" қабристони ёнидаги "Жало­йир" масжиди Ҳазрат Хожа Собир томонидан қурилган ва бугунги кун­гача фойдаланиб келинмоқда.

Юқоридаги далиллар Хожа Собир отанинг пиру комил, валийуллоҳ, Нақшбандия тариқатининг муносиб давомчиси, Кармана заминида Ҳазрат Қосим Шайх Азизондан кейин­ги улуғ пиру муршид эканли­гини кўрсатади.

Машҳур авлиё Хожа Собир ибн Амир Воҳид ал-Карминий ал-Жало­йирийнинг қабри устига муносиб айвон қурилса, кўп савоб иш бўлар эди. Қабристон номи ҳам "Хожа Со­бир ота" деб аталса, ҳурматлироқ бўлармиди?!

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 109 | Добавил: admin-1 | Теги: Хожа Собир ота, Хожа Собир ибн Амир Воҳид ал-Кармин | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]