Главная » 2017 » Январь » 21 » “Япроқ умри”
13:33
“Япроқ умри”

Китобни қўлга олгану ҳали ўқиш учун улгурмагандик. Яқинда бўлиб ўтган тақдимот маросимида сўз олган юртдошимиз, мазкур китобнинг чоп этилишида астойдил хизмати билан иштирок этган, иқтидорли ёзувчи Ашурали Жўраев "Шойим шеър билан манзара чизади, яна ҳар бир ёзганида ҳикматмағизли жумлалар бўртиб туради, қайси шеъри ҳақида гапирай, деб ёзганларидан маъно-мазмун қидириб китобини вароқламайсан", деди. Шу жумланинг ўзиёқ ўқувчи қалбида мазкур тўпламни ўқишга ёрқин иштиёқ уйғотиш учун кифоя эди.

Китоб мутолаасини бошлар эканмиз, пойтахтда ижод қила­ёт­ган яна бир  юртдошимиз, гў­зал қалб ва қалам соҳиби Вафо Файзуллоҳнинг тўпламга ёзган "Навқирон айём" номли дил­сў­зини ўқий бошладигу эн­ди ҳар бир шеър кўз олдимиз­да ҳик­мат­лар жамланган руҳий манзума бўлиб жилваланавер­ди.

Дарҳақиқат, кўҳна Кармана­нинг Дўрмон қишлоғида кўп йиллардан бери ибратли умр­гузаронлик баробарида меҳру заҳматни қориштириб ижод қилиб келаётган Шойим Шер­на­зар (Шойиқул Бебитов)нинг 2016 йилда "Ўзбекистон"  наш­риётида  босмадан чиққан "Япроқ умри" номли китоби  ҳар бир ўқувчини ўзига соме этиши рост гап. Буни мунда­ри­жада номи акс этган ҳар бир шеърини ўқирканмиз, чин дил­дан ҳис қилавердик. "Толлар қуш ухлатар" тебраниб, "Хаёл қанотли отларда учади", "Тил бесуяк... Бари бекор гап. Бир парчаси ботди юрагимга!", "Қувлашмачоқ ўйнар шамол­лар, япроқчалар чалади чапак. Мижжа қоқмас бу кеч хаёллар, Деразамда ёришар фалак". "Fийбатчининг сўзи кетиб бо­ра­яп­ти олдинда, бойваччанинг пули кетиб бораяпти олдинда. Аттанг бир шоирнинг сўзи эмас, ўзи кетиб бораяпти ол­дин­да" каби қатор-қатор мис­ралар кишини шеъриятгина кашф этиб, айта оладиган бо­кира, тоза, ростсўзли ёрқин бир оламга етаклайди.

Ўрикларни шамоллар қитиқлайди кулдириб,

Қушлар келар баҳорни елкасига миндириб,

мисраларидаги метафора­дан эса дил яйраб кетади. Вафо­жоннинг "ушбу мисралар борасидаги "ўрикларни ша­мол­­лар "қитиқ"лаши ила икки наботот олами вакили — ша­молни шабнамдай шўх болакай қиёфасида, қушларни эса елка­сида ажиб бир малак ўтирган учоқ тарзида тасаввур этиб мароқланамиз", деган шарҳи нақадар ҳақрост гапдир.

Тўплам ичида шоирнинг бағишловлари ҳам жуда кўп. Юрагида пайдо бўлган ҳар бир оғриқ ёки қувончли лаҳза шеър бўлиб қоғозга тўкилган ижод­кор ҳар бир меҳр қўйган киши­сига, айниқса, ижодкорларга бағиш­лаб шеър битади, улар­нинг кўнглини шу йўл билан ар­­доқ­ламоқнинг уддасидан чи­қади.

Бироқ барча қиз ўстирган ва уни турмушга узатган оталар­нинг кўнгил кечинмаларини изҳорлайдиган яна бир шеъри борки, унинг ифори бўлак, руҳи-ранги янаям бошқача.

...Қизи кетди қишлоғини ҳувиллатиб,

Хўрсинади ота ушлаб тизларини.

Кечагина тўла эди уйи ахир.

Келин қилиб кетди бугун қизларини.

Ҳаммасига кўникамиз, азал тақдир,

Яширамиз юрагимиз бўзларини.

Айвонига қалдирғочлар келар қайтиб,

Райҳонлари эслатади қизларини...

Шойимжоннинг мазкур тўп­ламга кирган яна бир шеъри бор. Сарлавҳаси "Жумбоқ". Ўзи тўрт сатр.

Ҳаёт жумбоқ, тийиғи йўқ,

Бел бўлгулик қийиғи йўқ.

Сал бўлмаса чўктиради,

Дарёсида қайиғи йўқ.

Сиртдан қарасанг, ҳақрост гап. Чунки қанчалаб Одаму Ҳавво фарзандлари борки, бу тириклик дунёсидан "қайиқ" тополмай, лангар тополмасдан ароқхўрлик, гиёҳвандлик ва бош­қа нобакорликлар ботқоғи­га "чўкиб кетишган, чўкиб кети­ша­япти". Аниқроғи, дунёга ни­ма учун келиб, нега яшаётга­нини билмай, бир алпозда яшаб ўтишаётир. Лекин кўпин­ча кўриниб-кўринмагани билан бу тириклик дунёсининг пўрта­нали тўфонларидан омон олиб чиқувчи "қайиқ" бор. У — иймо­нимиз, ихлосимиз; Ватанимизу оиламизга, инсонлару инсо­ний­ликка бўлган муҳаббатимиз. 

Сирасини олганда, шиор инимиз Шойим Шерназар ҳам "Жумбоқ" шеърини ёзса-да, бундай "қайиқ"дан бенасиб эмас. Шунинг учун ҳам минг бир муаммоли дунё эврилиш­лари ичидан йўл топиб, бугун­ги кунга етиб келди. Шукр. Олдинда эса янада ёрқинроқ чироқлар бор. Хуллас, "Япроқ умри" китоби, унинг ичидан шун­доққина кўриниб турган қалбининг ранги  бундан да­ло­лат бериб турибди.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 101 | Добавил: admin-1 | Теги: Вафо Файзуллоҳ, китоб, Адабиёт | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]