Главная » 2017 » Январь » 6 » Тараққиётимизнинг юксак парвози
18:23
Тараққиётимизнинг юксак парвози

Жорий йилда "Навоий" халқаро аэропорти ташкил топганига 55 йил тўлади. Қарийб чорак аср муқаддам, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" компанияси ташкил этилган ва географик жиҳатдан жуда қулай жойлашган мазкур аэропортга халқаро мақоми берилган эди.
Шундан сўнг бу ерда кенг кўламли қурилиш ва таъмирлов ишлари амалга оширилди. Замонавий, халқаро стандартларга мос жиҳозлар ўрнатилди. Учиш-қўниш йўлаклари бутунлай қайта реконструкция қилинди, ёруғлик тизими янги ускуналар билан бойитилиб, ҳаво ҳаракатини бошқариш янги минораси қурилди. Шу билан бирга, ходимларга талаб даражасидаги меҳнат шароити яратилди ва улар замонавий оргтехника воситалари билан таъминланди.
Хабарингиз бор, 2009 йилда аэропортни янада тараққий эттириш ҳамда модернизация қилишни тезлаштириш шарти асосида, Жанубий Кореянинг авиатранспорт компанияси билан 10 йиллик шартнома тузилган ва ҳамкорликда иш бошланган эди. Қисқа фурсатда бу ерда Марказий Осиёдаги йирик юк ташиш авиация терминали барпо этилиб, 2010 йилнинг 12 августида фойдаланишга топширилди. Бу билан аэропортнинг юк сақлаш, қайта ишлаш ва жўнатиш йиллик қуввати 100 минг тоннага етди.
2008 йилнинг августида кореялик ҳамкорлар томонидан Навоийдан биринчи марта замонавий юк ташиш самолёти учирилган эди. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар натижасида бу ердан ҳавога кўтарилаётган лайнерларнинг учиш частотаси ҳам кенгайди. Эндиликда ҳамкорларнинг "Боинг-747-400Ф" юк самолётлари ҳар ҳафтада 12 марта Инчхон, Брюссель, Милан каби шаҳарларга "Навоий" аэропорти орқали халқ хўжалиги юкларини ташимоқда.
Маҳаллий учувчиларимиз эса 2009 йилнинг май ойида "Навоий" халқаро аэропорти орқали ҳавода юк ташишни йўлга қўйишган эди. Ҳозирда улар ҳар ҳафта 18 марта бу ердан парвоз қилишади. Умуман, айни кунда аэропортдан Кореянинг "Korean Air", Россиянинг "Урал" авиакомпаниялари кенг фойдаланишмоқда. Улар, шунингдек, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси учувчилари бошқарувида дунёнинг саккизта мамлакатига, Бангкок, Деҳли, Мумбай, Дубай, Франкфурт каби тўққизта шаҳрига юк самолётлари қатнамоқда.
Йўловчи ташишда ҳам аэропорт жамоаси ибратли ишларни амалга оширди. Ўтган йил давомида бу ерда МДҲ мамлакатларига 70 га яқин, маҳаллий йўналишларда эса 250 дан ортиқ парвозлар ташкил этилди, 13 мингдан ортиқ йўловчи манзилига етказилди. Кириб келган 2017 йилда янги — "Навоий — Санкт-Петербург" ва бошқа йўналишлар бўйича ҳам қатнов йўлга қўйилиши режалаштирилган. Парвозларнинг хавфсизлиги ва ўз вақтида амалга ошишини таъминлашда жамоа раҳбари Ҳасан Мавлянов, шунингдек, соҳада 25-30 йиллик фаолият олиб бориб, беқиёс тажриба тўплаган устозлардан юкловчи Холмурод Тўхтаев, юкларни қабул қилувчи Юнус Жўраев, бош агент Улбибиш Камалова кабиларнинг меҳнати чексиз.

 

 

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 112 | Добавил: admin-1 | Теги: Ўзбекистон, Навоий халқаро аэропорти | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]