Главная » 2016 » Декабрь » 23 » Ўзбек шеъриятининг кўрки ва фахри
15:24
Ўзбек шеъриятининг кўрки ва фахри

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли шоир ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг 80 йиллиги таълим муассасамизда ҳам кенг нишонланди.
Ўтказилган адабий-бадиий кечаларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолиятига назар солинди. Халқимиз қалбида сақланиб келинаётган "Ўзбегим" шеъридан намуналар ўқилди. Дарҳақиқат, Эркин Воҳидов ижодий мероси ўзбек шеъриятининг чинакам маънода фахрига айланди.
Адиб 1936 йил 28 декабрда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида муаллим оиласида дунёга келади. Отаси Чўянбой, онаси Розияхон ая ўз даврининг обрў-эътиборли, маърифатли кишилари эди. Ота-онадан эрта етим қолган Эркин тошкентлик тоғасининг қўлида тарбия олади. 1955 йили ўрта мактабни, 1960 йили ТошДУнинг филология факультетини тугатади. Адибнинг биринчи шеъри 7-синфда ўқиб юрганида "Муштум" журналида босилади.
Эркин Воҳидовнинг биринчи шеърий тўплами 1961 йилда "Тонг нафаси" номи билан босилиб чиққан. Шунингдек, у таржима билан ҳам шуғулланган. Шоир чет эл ёзувчиларидан Гётенинг "Фауст" асарини, С. Есенин, А. Блок, Л. Украинка, М. Светлов, А. Твордовский, Р. Ҳамзатов асарларини моҳирона таржима қилган. Эркин Воҳидов фақат шеър ва достонлар ёзибгина қолмай, бошқа жанрларда ҳам баракали ижод қилган. Унинг "Олтин девор", "Истанбул фожиаси" драмалари ўзбек театри саҳналаридан тушмай келмоқда.
Шоир жамоат арбоби сифатида ҳам ҳамиша эл-юрт хизматида бўлди. У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси каби юксак лавозимларда иш юритиб келган. Адабиётимизнинг беназир намояндасига 1983 йили Ҳамза номидаги давлат мукофоти берилган. 1992 йилда Туркиянинг Юнус Эмро номидаги мукофоти билан тақдирланган.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири унвонлари, "Буюк хизматлари учун" ордени соҳиби Эркин Воҳидов шеърияти адабиётимизнинг кўрки, халқимизнинг фахру ифтихори бўлиб қолади.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 137 | Добавил: admin-1 | Теги: Ўзбекистон халқ шоири, Эркин Воҳидов | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]