Главная » 2016 » Декабрь » 22 » Туризм индустрияси янада ривожланади
19:34
Туризм индустрияси янада ривожланади

Туризм соҳасида кенг имкониятларга эга бўлган бетакрор юртимиз ҳар доим дунё сайёҳлари нигоҳида бўлиб келган. Жаҳон тарихидан дарак бериб турган Ўзбекистонимиздаги муқаддас қадамжолар, айниқса, хорижий сайёҳларни мамлакатимизга кенг жалб этиб, мазкур соҳа салоҳиятининг ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони эълон қилингани мазкур соҳа ривожи йўлида ташланган яна бир муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжат билан эндиликда жаҳоннинг 27 та давлатидан 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга юртимизга келувчи меҳмонлар учун виза тартиби бекор қилинди. 2017 йилнинг 1 апрелидан кучга кирадиган Фармон асосида яна бир қатор имтиёз ҳамда янгича тартиблар берилганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Шунингдек, юртимизда "Ўзбектуризм" Миллий компанияси негизида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилганлиги келгусида бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилишини кўрсатиб турибди.
Вилоятимиз туризми борасида айтадиган бўлсак, ҳудудда ушбу соҳада ишга солинмаган имкониятлар талайгина. Ҳозирда 30 га яқин меҳмонхона бир кунда 1500 нафаргача мижозга хизмат кўрсатиш имконига эга. Янги меҳмонхоналар қуриш борасида тадбиркорлар томонидан бир қатор ишлар олиб борилаяпти. Таъкидлаш керакки, чет элдан ташриф буюрадиганлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ҳар йили ўртача 7 минг нафар чет элликлар хизмат юзасидан ёки саёҳат мақсадида вилоятимиз ҳудудига келиб, меҳмонхона хизматларидан фойдаланаяпти. "Навоий" эркин иқтисодий зонасида янги ташкил этилаётган қўшма корхоналар узоқ муддатга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонлар сонини кўпайтирмоқда. Бу эса туристик хизматлар ҳажми ошишида муҳим омил бўлаётир.
Умуман олганда, юртимизда ушбу соҳанинг юксалиши, бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг кучайиши, жаҳон стандартлари асосида туристик хизматлар кўрсатиш сифатининг янада яхшиланишига олиб келади. Натижада, соҳада иш олиб бораётган субъектлар фаолиятининг тубдан яхшиланиши, янги корхоналар ташкил этилиши ҳамда минглаб ёш мутахассислар учун иш ўринлари ташкил этилишини таъминлайди.

 

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 105 | Добавил: admin-1 | Теги: Навои, Ўзбекистон, туризм | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]