Главная » 2016 » Декабрь » 17 » Улуғ авлиёлар мероси маънавиятимиз сарчашмасидир
17:11
Улуғ авлиёлар мероси маънавиятимиз сарчашмасидир

Мустақиллик шарофати ила муҳтарам Юртбошимизнинг миллий маънавиятимизга бўлган чуқур эътиқодлари ва эътиборлари туфайли она-Ватанимизда яшаб, ижод қилиб ўтган юзлаб алломалар, машойихлар ва азиз авлиёларимизнинг тарихини ўрганишга мушарраф бўлдик.
Уларнинг табаррук хоклари ётган манзилларнинг обод этилганлиги, ёзиб қолдирган улкан маънавий меросларни ўрганиб бораётганлигимиз, айниқса, ҳаёт тарзи, пурҳикмат насиҳатлари келажак авлод — ёшларимизнинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишларида дастуриламал бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиздир.
Ана шундай соҳиби каромат, улуғ авлиёларимиздан бири Шайх Хожа Хусрав ҳазратларидир. Бу зот Карманада тахминан XIV асрда яшаб ўтган. Баҳоуддин Нақшбанднинг баланд ма¬қомларига эришган шогирдларидан бири бўлган. Унинг қабри ҳам Карманада жойлашган.
Шайх Хусрав ёшлигида тариқат илми ва одобини ўрганиш учун Бухорога келади. Тариқат сабоқларини дастлаб Саид Амир Кулолдан олади. Саид Амир Кулол ҳузурларида зикри хуфия ва алония билан машғул бўлади. Хожа Хусрав этикдўзлик касби билан шуғулланган. Бухородаги Гулобод гузарида этикдўзлик дўкони бўлиб, ундан топган пулларини муҳтож, камбағал бечораларга хайру эҳсон қилган.
Хожа Хусрав кўнглида Ҳазрат Баҳоуддинга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади ва у кишининг суҳбатлари талабидан беқарор бўлиб, ул зотнинг орқасидан излаб йўлга тушади. Шундай кунларнинг бирида Баҳоуддин Нақшбанд билан учрашади. Ҳазрат Баҳоуддин Хожа Хусравни қалбига таъсир қилиб, уни тарбиялайдилар. Хожа Хусравнинг ботинида маънавий ўзгаришларни кўргач, уни шогирдликка қабул қиладилар.
"Мақомат"да келтирилишича, Ҳазрат Баҳоуддиннинг дуолари шарофатидан улуғмақомларга эришганликларини Хожа Хусрав шундай баён қиладилар: "Бир куни Ҳазрати Хожамиз қаддасаллоҳу сирраҳу-лазиз йўлда кетаётган эдилар. Мен уларнинг муборак изларидан кетиб борардим. Бошқа бир одамга юзланиб, бу фақирга ишора қилиб, "Бу осмонга чиқадиган кишидир", — дедилар. Бир неча кун уларнинг шариф суҳбатларида бўлдим. Уларнинг айтган муборак сўзлари хотиримда эди. Улар мени Кармина тарафга равона қилдилар. Бир куни намоз ўқиб ўтирсам, менда ажаб бир ҳолат пайдо бўла бошлади. Қарасам, гўё осмонга чиқиб бораяпман, бир жойгача етдимки, тил уни тушунтиришга ожиз эди, на осмон эди ва на замин, на қуёш эди, на ой ва на юлдузлар.Қаёққа қарамай, чегараси йўқ бир нур эди, холос".
Шайх Хусрав ўз замонасининг каромат соҳиби, нақшбандия таълимотининг давомчиларидан эди. Кармана ва унинг атрофидаги толиби илмларга маърифат тарқатиш баробарида ёшларни касб-ҳунар ўрганишга ҳам даъват этганлар. Кўплаб ариқлар қаздириб, қўриқ ерларни ўзлаштириш, сув чиқариб боғ-роғларни барпо этишда халққа раҳнамолик қилганлар.
Устоз Баҳоуддин Нақшбанд ҳар гал Карманага келганларида пирлари Мавлоно Ориф Деггароний, шогирдлари Шайх Хусрав, Мавлоно Шайх Нуриддин, МавлоноҲомидуддин, Шайх Сайид Аҳмад ва бошқа бир қанча уламолар йиғилишиб, ҳазратнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлар, файзиёб давралардан олам-олам завқ олиб, маънавий билимларини бойитиб борганлар.
Ҳа, албатта, Кармана нақшбандия таълимотининг ана шундай пиру муридларига бешик бўлган қадимий, навқирон ва муқаддас маскандир. Айни кунларда бу улуғзотларнинг қабрлари устига мақбара ўрнатилиб, обод, файзли зиёратгоҳларга айлантирилган.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 125 | Добавил: admin-1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]