Главная » 2016 » Декабрь » 17 » Сув сақланадиган иншоот
21:09
Сув сақланадиган иншоот

Кармана туманидаги "Сардоба" иншооти кўпчиликнинг эътиборини тортади. Узоқ йиллардан буён сақланиб келинаётган обида чўлга ҳаёт олиб кириш мақсадида бунёд этилган.
Халқимиз азалдан сувни қадрлаб келган. Она-табиат ато этган бу неъматга ҳаёт манбаи сифатида муносабатда бўлинган. Шу боис, аждодларимиз қор, ёмғир ёки оқар сувларни олдиндан жамлашган, усти ёпиқ ва ихоталанган махсус қурилмалар — сардобаларда тўплашган. "Сардоба" форс-тожик тилидан олинган бўлиб, уни ичимлик сув танқис бўлган жойлар, катта карвон йўлларида гумбазли, ихоталанган ҳовузга нисбатан қўллашган. Табиийки, атрофи ўралган бундай иншоот сувни узоқ вақт сифатли сақлашга хизмат қилган.
Тарихий маълумотларга қараганда, Мовароуннаҳр ҳудудида 44 та ана шундай сардоба мавжуд бўлган. Уларнинг 29 таси Қарши чўлида, қолганлари Мирзачўл, Тошкент ва Фарғона водийси карвон йўлларида ҳамда Кармана шаҳри яқинидаги Чўли Малик ҳудудида қурилган. Бизнинг замонимизгача сардобаларнинг атиги 19 таси сақланиб қолинган.
Сардобалар ўзига хос қурилишга эга бўлиб, девори цилиндр шаклида, айланаси 12-17 метргача, чуқурлиги 10-15 метргача етган. Ер сатҳи пишиқ ғишт ҳамда ганчдан ишланган. Тепаси туйнукли бўлиб, атрофига сув тушиши учун махсус тешиклар қилинган. Иншоотга кириб, сув олиб чиқиш учун эшик ўрнатилган.
Олимларнинг фикрича, бугун ер шаридаги мавжуд сув миқдорининг 2,5 фоизи ичимликка яроқли саналади. Дунё аҳолиси ўсишда давом этаверса, 2030 йилга бориб, аҳолининг 67 фоизи сифатсиз ичимлик сувдан фойдаланишга мажбур бўлади. Оқибатда юз йилдан сўнг инсоният ердаги мавжуд барча ичимлик сувидан маҳрум бўлиши мумкин.
Шундай экан, ота-боболаримизнинг сувдан оқилона фойдаланиш тажрибаси, айниқса, ичимлик сувига бўлган муносабати бугунги замондошларимиз учун ибрат мактаби бўлиши лозим. Асрлар оша ўз қадр-қимматини йўқотмаган "Сардоба" бугунги авлодга сувнинг нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини эслатиб туради.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 136 | Добавил: admin-1 | Теги: Сардоба, Кармана тумани | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]