Главная » 2016 » Декабрь » 16 » Навоий – кўҳна тарих маскани
21:05
Навоий – кўҳна тарих маскани

Гарчи Навоий, вилоят сифатида нисбатан ёш бўлса-да, ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, бу воҳа ўзининг узоқ тарихига, кўҳна илдиз-томирларига эга.
Бунинг исботини шу заминда азалдан мавжуд бўлиб келган Кармана шаҳри, Нурота каби қадимий манзиллар, Работи Малик, Тошмасжид, Чилустун, Кўкгумбаз каби обидалар, Қосим Шайх, Мавлоно Ориф Деггароний каби азиз-авлиёларнинг муқаддас қадамжолари мисолида кўришимиз мумкин.
                                                                                                                                       Ўзбекистон Республикаси Биринчи 
                                                                                                                                       Президенти Ислом КАРИМОВ

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мустақилликнинг илк даврида – 1992 йилнинг бошида Навоий вилояти қайта ташкил этилди. Шундан буён вилоятнинг республикамиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши йўлида улкан тарихий ишлар амалга оширилди.
Навоий ёш ва навқирон вилоят бўлса-да, унинг инсоният тамаддунига катта ҳисса қўшган қадимий ва бой тарихи бор. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг вилоят аҳлига қарата: “Азиз биродарлар, барака топкурлар, айтинглар-чи, сизлар ҳар куни кўриб ва кезиб юрадиган Кармана шаҳрининг ёши нечада? Ёки Чўли Маликдаги эски Работ ва Сардоба қачон пайдо бўлган? Сармиш Дараси ва Ғоридаги ибтидоий суратлар бу ўлканинг энг қадимий маданият бешикларидан бири эканидан дарак бермайдими?” – деган фикрлари бу диёр тарихининг энг қадимий даврларга бориб тақалишидан далолат беради.
Бугунга келиб, Навоий вилояти ҳар томонлама ривожланган, обод ҳудудга айланди. Навоий вилояти мамлатимизда ҳудудий жиҳатдан энг катта вилоят бўлиб, Қорақалпоғистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Унинг умумий ҳудуди 110,99 минг.кв кмни ташкил этади. Вилоят ўзига хос табиий шароитига кўра йирик уч қисмга бўлинади: Вилоятнинг шимоли-ғарбий қисмини – бағрида не-не сир-синоатларни яшириб ётган Қизилқум чўли эгаллаган. Жануби-шарқий қисмида Нурота тоғ тизмаларига тегишли Қоратоғ, Оқтоғ сингари тоғлар бўй чўзган бўлса, Зарафшон дарёси воҳасининг ўрта қисмида вилоятнинг деҳқончилик зонаси ўрнашган. Вилоят шимолдан ва шимоли-шарқдан Қозоғистон Республикаси ҳудуди билан, Жануби-шарқдан мамлакатимизнинг Жиззах, Самарқанд, жанубдан Қашқадарё, жануби-ғарбдан эса Бухоро вилоятлари билан чегарадошдир.
Навоий вилояти заминида шифобахш, шўр ва ер ости чучук сув захиралари аниқланган бўлиб, Томдибулоқ, Қарақота, Чингилди атрофларидан топилган сувлардан халқ саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда хўжалик юмушларида унумли фойдаланилмоқда. Вилоятнинг асосий сув манбаи Зарафшон дарёси ҳисобланади. Ҳудудда деҳқончилик майдонлари Аму-Бухоро машина каналининг Навоий, Ўртачўл, Аму, Сумбул, Майна тармоқлари ҳамда Зарафшондан сув оладиган Конимех, Тос, Шовот, Човли, Ўнг ва Чап қирғоқ, Навкар каналлари орқали сув билан таъминланади. Шунингдек, Қуйимозор, Тўдакўл сув омборларида куз-қиш мавсумида керакли сув захиралари ҳосил қилинади. Вилоятда 32 та йирик сувчиқариш электр насос станциялари ишлаб турибди.
Вилоятнинг шимоли ва ғарбида кўма қум барханлари, гилли чўл зоналари ястаниб ётади. Мазкур кенгликлар, айниқса, баҳор ойларида турфа табиий гиёҳлар, ўт-ўланлар, ранг-баранг ўсимликлар билан безанади. Астрагал, шувоқ, шўра, исириқ, қамиш, зарпечак, саксовул, юлғун ва бошқа ўнлаб номдаги чўл буталари гўё жонсиздек туюладиган бепоён заминга беқиёс чирой бахш этади. Бу ерларда йил – ўн икки ой чорва боқилади. Қандим, черкез, сингрен, оқпечак, селин, эфемер ва бошқа ўтлар чорва моллари учун тўйимли озуқадир.
Навоий чўллари, дашту далалари, тоғу тошлари минг турли ҳайвонот – ҳашаротларга она бағирлик қилади. Бу вилоятда республикамизнинг бошқа жойларида кам учрайдиган ёҳуд умуман кўзга ташланмайдиган ёввойи ҳайвонлар, кемирувчилар, сут эмизувчилар, судралиб юрувчилар оиласига мансуб турфа хил жониворлар сақланиб қолган. Масалан, Бўкантовда ва Мингбулоқ боғида қобон, бўри, чиябўри, тулки узун думли мушук, чўл мушуги каби ноёб ҳайвонлар эмин-эркин урчиб-кўпайиб бораётган бўлса, чўл ва дашт зоналарида малла юмронқозиқ, суғур, сасиқкўзан, жайра, калтакесак, турфа хил илонлар, тошбақалар ҳар қадамда учрайди. Бу ерда қушларнинг ҳам тувалоқ, қорабовур, олабовур, қирғовул сингари ўнлаб ноёб турлари табиий шароитда сақланиб қолинган.
Юртбошимиз минтақанинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва мавқеига қуйидагича юксак баҳо беради:
“Навоий вилояти деганда, бу гўзал воҳанинг бетакрор табиати, чексиз чўл ва далалар, бепоён яйловлар билан бирга, улкан саноат минтақаси кўз ўнгимизда намоён бўлади”.
Вилоятда 924 мингдан ортиқ доимий аҳоли яшайди. Навоий вилояти таркибида 8 та қишлоқ тумани мавжуд бўлиб, улар – Хатирчи, Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Учқудуқ, Томди туманлари ҳисобланади. Улардан ташқари вилоятда 2 та йирик шаҳар – Навоий, Зарафшон, 38 та шаҳарча, 54 та қишлоқ фуқаролар йиғинлари, 278 та маҳалла мавжуд. Навоий вилоятимизнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутадиган вилоятлардан бири.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 133 | Добавил: admin-1 | Теги: Навоий вилоят | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]