Главная » 2016 » Декабрь » 16 » Нурoтa коризлари
10:41
Нурoтa коризлари

Қадим замонлардан бошлабоқ аждодларимиз нишабсиз текис ерларда қудуқлар қазиб, ковга билан сув тортиб ўз эҳтиёжини қондирган бўлса, паст-баланд адирлардан иборат тоғ этакларида эса юзлаб қудуқларни бир-бирига туташтирган антиқа ирригация иншооти – коризлар воситаси билан ер ости сувларини ер юзига чиқариб, деҳқончиликда фойдаланганлар. Ўзбекистонда мана шундай ирригация иншоотларидан кенг фойдаланиладиган туманлардан бири Нуротадир.

Бу ерда коризлар қадим замонлардаёқ барпо этилган бўлиб, улардан ҳозирги кунларгача фойдаланиб келинади. Нуроталиклар коризлар ковлаб ер ости сувларини юзага чикариш тарихини эрамиздан олдинги 329-327 йилларда Ўрта Осиёга бостириб кирган македониялик Искандар номи билан боғлайдилар. Нуроталикларнинг афсонасига кўра, Искандар Зулқарнайн Зарафшон водийсига қўшин тортиб келганда Нурота тизмасининг жанубий қаноти Оқтоғнинг энг юкори чўққисига чиққан. У тоғдан жануб томонга қараса Зарафшон дарёси ва обод водийни, шимол томонида эса дарахтсиз кенг майсазор яйловни кўрган. Ўшанда ям-яшил поёнсиз кенг даштга қараб Искандар – “бу вилоятнинг дарёси ер остидан оқар экан”, – деган эмиш. Сўнгра Искандар қўшинини Нуротага олиб келиб, 366 ҳарбий қисм саркардаларига ўз отрядлари билан ҳар бири биттадан кориз кавлаши ҳақида буйруқ берган. Натижада 366 та кориз ковланиб, Оқтоғ этакларига сув чиқарилган ва Нурота атрофи обод бўлган.

Шубҳасиз бу фақат афсонагина бўлмай, балки Нуротанинг табиий шароити, жумладан, унинг гидрогеологияси устида маҳаллий аҳолининг узок вақт олиб борган кузатишларидан тўпланган билимнинг натижасидир. Шунинг учун хам Нурота тумани остидаги оқар дарё тўғрисидаги халқ оғзаки ривояти  Искандар тилидан ҳикоя қилиниб, ер ости сувларидан фойдаланиш учун ковланган коризлар унинг номи билан боғлаб кўрсатилса-да, лекин у сувга танқис бўлган Нур халқининг сув манбаларини излаб топиш ва жуда катта машаққатлар билан барпо этилган сув иншоотлари – коризлар оркали ер ости сувларини ер устига чикариш йўлида олиб борган кураш тарихини ифодалайди.

Кориз чиқаришда тажрибакор коризчи ирригаторлар, даставвал, қияликнинг баландрок еридан ер ости сувигача шахмат усулида бир неча қудук қазишган. Қудуқлардаги сув вақти-вақти билан белгиланиб турилган. Ер ости сувлари тортилиб, қудуқлардаги сув сатҳи энг пастга тушган февраль ойида кориз кавлашга киришилган. Иш ер нишабини белгилаш, яъни нивелировка қилишдан бошланган. Чунки ер нишабини аниқ ва тўғри белгилаш кориз трассасини ўтказишда ва ер ости сувларининг кориз орқали ер юзига оқиб чиқишида ҳал қилувчи роль ўйнаган.

Нивелировка қилиб кориз трассасини белгилашда икки ёки уч киши қатнашган. Биринчи киши қудуқ тепасида устурлоб орқали кузатиб турган. Иккинчи киши бўйи қудуқ чуқурлигига тенг узун хода ёки ёғочни олиб, сув чиқариладиган томонда уни тикка ушлаб турган. Устурлоб изодасининг диоптрларидан қараб, ёғочнинг тиклиги аниқланган. Ёғочнинг учи қудуқ оғзи билан бир хил горизонтал йўналишда бўлганда, қудуқдаги ер ости суви ўша нуқтада ер юзига оқиб чиққан.

Ер нишабини олишда ватерпас асбоби ҳам ишлатилган. Тарози – ватерпас ёрдамида ер сатҳини белгилашда уч киши қатнашган. Икки киши ёғоч ходаларни тик ўрнатиб, режа ипини таранг тортиб турган. Учинчи киши тарозини режа ўртасига осиб, шокулга қараб ер нишабини белгилаган. Текширилаётган текислик горизонтал вазиятда бўлса, у мувозанатни сақлаган, аксинча бўлса шокулнинг бир томони оғиб кетган. Шокул оғган томонда ип учини ёғоч ходадан пастга тушириб, шокулни тарозининг тилига келтириш билан ернинг қанчалик қиялиги аниқланган. Шу тариқа бутун кориз трассаси белилаб чиқилган. Демак, ер ости сув иншоотлари – коризлар қазишда устурлоб (астролябия) ва шокулли тарози (ватерпас) каби махсус асбоблардан фойдаланилган. Бу асбоблар ёрдамида ер сатҳидаги нишабликнинг аниқ ҳисоби олинган. Бу маълумотлар маҳаллий ўлкашунос Р.Аҳмедов томонидан ўрганилган.

Нивелировка ўтказилиб, кориз трассаси аниқлангач, трасса бўйлаб ҳар 10 метрда қатор қудуқлар ковланган. Ер ости сувларининг тўпланган қатламига қараб сув чиқадиган бош қудуқларнинг чуқурлиги 18-20 метр, баъзан ундан ҳам ошиқроқ бўлган. Қудуқлар туннель орқали бир-бирига туташтирилган. Бош қудуқлардан йиғилган ер ости сувлари мана шу туннель оркали оқиб чиққан. Туннель “лаҳм” деб аталган. Унинг баландлиги 1,25-1,5 метр, эни 1 метр бўлиб, узунлиги жой нишабига қараб бир неча киломертга чўзилган. Масалан, Нуротадаги Мастон деб аталган коризнинг 280 та қудуғи бўлиб, бош қудуқнинг чуқурлиги 14 метр ва лаҳмнинг узунлиги 3 киломертга тенг бўлган. Коризнинг қудуқлар орасидаги устки қисми “пушта” деб аталган.

Коризни ковлашда лаҳм ўтказиш энг маъсулиятли иш бўлиб, ер ости сувларининг ер устига оқиб чиқиши лаҳмнинг тўғри ковланишига боғлиқ бўлган. Бунинг учун, биринчидан, қудуқларни бирлаштиришда, қарама-қарши томонлардан ковланадиган лаҳмнинг бирор ёққа қийшайиб кетишига йўл қўймай, қудуқларни бир-бирига тўғри туташтира олиш, иккинчидан, кориз оркали ер ости сувларини ер устига оқиб чиқишини таъминлаш лозим бўлган. Шунинг учун ҳам лаҳмлар одатда 0,005 метр нишабликда ковланган.

Кориз ковлашда бир канча коризчи жамоалар ойлаб ва йиллаб лаҳм ҳамда қудуқлар қазиб, минглаб кубометр тупроқ ва шағалларни қазиб чиқаришган. Масалан, узунлиги 3 километр бўлган 250-300 қудуқлардан иборат ўрта ҳажмдаги кориздан тахминан 7-8 минг кубометр тупроқ қазиб чиқарилган. Нуротадаги коризлардан бирининг “Зулмкориз” деб аталишига сабаб Искандар бу коризни зулм билан қаздиргани ва ер ости сувларини ер устига чиқаришдаги меҳнат жараёнининг ниҳоятда оғирлигидан бўлса керак.

Маълумки, коризлардан бир меъёрда сув оқиб туриши учун улар ҳар йили тозаланиб турилган, таъмир этилган. Кориз тозалаш энг машаккатли ва оғир ишлардан ҳисобланади. Чунки кориздор деҳқонлар ҳар йили эрта баҳорда 20-30 кун коризнинг туннели ичида сув кечиб, лаҳм ва қудуқлар ичига чўккан лойқаларни қазиб чиқарганлар. Кўпинча коризнинг пуштаси чўкиб, лаҳмнинг каттагина қисмини босиб қолган. Бундай ҳолларда лаҳмнинг босиб қолган қисми қайта қазилиб, ўпирилган жойларига ёғоч ёки тошлар қўйилиб мустаҳкамланган.

Ҳа, коризлар кўҳна шарқнинг қадимий гидротехника иншооти бўлиб, коризчилик ота-боболаримиз деҳқончилик санъатининг ноёб намунаси ҳисобланади. Ўтмишда бобо деҳқон ўтган аждодларимизнинг ер ости сувларини моҳирлик билан ер юзасига олиб чиққанлигини кўриб лол қоласан киши.

“Кориз” атамаси форс-тожикча бўлиб “ках” – сомон, “рез” – тўк деган сўзларнинг бирикишидан ҳосил бўлган. Боболаримиз кориз суви тўғри оқаётганлигини текшириш учун – биринчи қудуққа ках (сомон) ташлаб, сомонни охирги қудуқдан чиқаётган сувда кўриб, сувнинг равон оқаётганлигини, сув миқдорини текширганлар. Ривоят қилишларича Искандар Нурга келганида охирги қудуқда бир тўда одам қудуқ бошидагиларга қараб ках рез! (сомонни тўк!) деб бақираётганлигини эшитиб: “булар нима деб кичкиришаяпти?” – деб сўраган экан.

Ўзбекистоннинг тоғолди туманларида қадимги замонлардан то ҳозирги кунгача коризлардан фойдаланиб келинмоқда. Ирригация техникасининг бу қадимги тури кенг тарқалган туманлардан бири Нуротадир. Унинг қадимги коризларидан жуда кўпи кўмилиб кетган бўлса ҳам, ҳозирги вақтда фақат Калта-коризда қишин-ёзин сув оқиб туради. Маҳаллий халқ туманда мавжуд бўлган коризларнинг бир қисмини Искандарий коризлар деб Искандар Зулқарнайн номи билан боғлайди. Улар: Товбой, Қайнар, Бошкориз, Мазор, Қувондиқ, Кўнчи, ал-Бухорий, (Алпухори) Сатилгон, Мири, Ялоқ, Тайлоқ, Султон, Мастон, Мастак, Комбой, Зулфиқор, Калта-кориз бўлиб уларнинг номлари йиллар ўтиши мобайнида эҳтимол ўзгарган. Ушбу коризларда 1950-60 йилларда деҳқончилик қилган арбоб Муҳаммад Ҳакимов, Бақобой бобо Қодиров, Узоқ бобо Назаровлар билан суҳбатлашиб улардан қимматли фикрлар олдик. Биз қуйида яна Нурота коризларининг номларини келтирамиз: Тошлоқ, Гажобод, Савробод, Қизил канда, Сатторобод, Тошқудуқ, Ҳайробод, Ямон туркман, Қум кориз, Зулмкориз, Дангал кориз, Жанжалобод, Нуробод, Саҳти, Шеробод, Гўробод, Кулол, коризи Калон, Коризча ва бошқалар. Нурота коризларининг ҳар биридан ўрта ҳисобда секундига 40-50 литр сув оқиб чиқиб, 40-50 гектаргача ер майдонини суғорган.

Нурота коризларининг кўпи охирги марта XVI-XVIII асрларда қурилган бўлиб, ҳатто, айрим коризларнинг номларидан уларнинг қазилиши тарихи-йили чиқади. Масалан, “Зулм” коризининг номидаги ҳарфларнинг йиғиндисидан 970 рақами ва “Зулфикор” коризи номидаги ҳарфлардан 1118 рақамлари чиқади. Ҳижрий йил ҳисобида олинган бу рақамларни мелодий йилга айлантирсак “Зулм” коризи 1533-1534 йилларда ва “Зулфиқор” коризи эса 1706-1707 йилларда қурилганлиги маълум бўлади. Шуниси ҳарактерлики, ҳозирги вақтда охирги марта қазилган кўпгина коризларнинг ёнида, уларга параллел равишда баъзан икки, баъзан уч қатор кўмилиб, суви қуриб қолган кўҳна коризларнинг ўзанлари жойлашган. Бу қуруқ ўзанлари, шубҳасиз, асрлар давомида Нурота коризларининг бир неча бор ишдан чиқиб, қайта тикланганлигининг гувоҳидир.

Кориз ковлаш, шунингдек, коризни тартибли сақлаш учун, уни таъмир этишда бажариладиган қўл меҳнатининг ниҳоятда оғирлиги туфайли кориздор деҳқонлар бундай ер ости иншооти билан боғлиқ бўлган барча ишларни жамоа-жамоа бўлиб, биргаликда амалга оширишган. Кориздан оқиб чиқадиган сув миқдори айтарлик кўп бўлмасди. Шунинг учун ҳам ҳар бир жамоадаги кориз сувидан фойдаланувчи деҳқонларнинг сони қатъий белгили бўлган. Масалан, кичикроқ коризларда кориздор жамоа 24 кишидан ва каттароқ коризларда 36 кишидан ошмаган. Ҳар бир кориз 24 ёки 36 деҳқондан иборат жамоанинг кучи ёки маблағига қурилгани учун, у шу жамоанинг жамоа мулки ҳисобланган. Шунга асосан кориздан фойдаланишда бу жамоа аъзолари тенг ҳуқуқли бўлиб, кориз суви хам, ундан суғориладиган ер майдони ҳам улар ўртасида баб-баравар тақсимланган.

Кориз суви билан деҳқончилик қилишда ҳар бир кориздор жамоа 10 ёки 12 та майда гуруҳларга бўлинган. Ҳар бир гуруҳ майда коризларда икки деҳқондан ва катта коризларда уч деҳқондан иборат бўлиб, нуроталиклар бундай гуруҳларни “ҳамбоз” яъни шерик деб атаган. Кориз суви билан суғориладиган ер майдони ҳам ҳамбозларнинг сонига қараб бўлинган. Ҳар бир ер бўлаги “тахта” деб юритилган. Катта коризларда тахта 16 таноб (4 гектар) ва кичик коризларда 6-8 таноб (1,5-2 гектар)га тенг бўлган.

Ҳар йили баҳорда ҳамбозлар ўртасида чек ташлаш йўли билан тахталар тақсимланиб суғориш навбатли белгиланган. Навбат эса ҳафтада бир марта айланган. Ўлкашунос Р.Аҳмедов қуйидаги фикрларни келтиради.

Одатда кориз суви сутка билан ўлчаниб, нуратоликлар уни “Шаби–рўз”, яъни кеча-кундуз деб аташган. “Шаби–рўз” 96 қорага (оби каройи) тенг бўлиб, вақт билан ҳисобланганда кориздан оққан 15 минутлик сув бир қора ҳисобланган. Ҳар бир тахтанинг хакобаси, яъни тегишли суви 48 қора бўлиб, навбат келганда бир кун ёки бир кеча кориз сувининг ҳаммаси шу тахтанинг ҳамбозларига берилган. Кориздан фойдаланувчи ҳар бир деҳқон эса 16 қора сувга ёки коризнинг 4 соатлик сувига эга бўлган. Бу сув наслдан наслга мерос тарзида ўтиши туфайли ҳар бир деҳқон ўз сувини сотиш ҳуқуқига эга бўлган. Коризнинг суви ниҳоятда қимматбаҳо бўлиб, унинг ҳар қораси ботмон ғалла ёки бош қўй ҳисобида сотилган. Нуротанинг кекса соҳибкор деҳқонларидан Ҳамро бобо Хўжаевнинг айтишича Мастон коризининг бир қора суви 20-25 бош қўй баҳосида бўлган. Сувнинг ниҳоятда танқислиги ва қимматлигидан Нуротада кимда ким сув сотиб олса ёки отаси вафот этиб отасининг сувига эга бўлса, кориздан сув ичадиган барча деҳқонларни чақириб катта зиёфат берган ва арбоб ҳамда оқсоқолларга тўн кийдирган. Сув сотиб олинганидан сўнг бериладиган зиёфат “ниммарди”, отасининг вафотидан сўнг унинг ҳакобасига (отасига тегишли сувга) эга бўлган ўғил томонидан қилиб бериладиган зиёфат эса “падари мурд” деб аталган. “Ниммарди” ва “Падари мурд” каби зиёфатлардан сўнг кориздор жамоага қабул қилинган кишилар – ҳамбозлар қаторидан жой олган.

Нурота коризлари ҳозирги кунда ташландиқ ҳолга келиб қолган. Фақат Калта-кориздан сув шариллаб оқиб ётади. Ҳозир ҳам коризларни тозалаб сув чиқарса бўлади, аммо, бу иш жуда оғир меҳнатни талаб этади. Нурота коризлари ҳақида сўз юритар эканмиз, Нур атрофидаги булоқлар ҳақида ҳам икки оғиз фикр юритишни лозим кўрдик. Яқин кунларгача шаҳар атрофидаги мармар булоқлардан ҳам аҳоли яхши фойдаланган. Нурота атрофида Хўжаи Жаҳон, Боумар сўфи, булоқи Чўли, булоқи Каромўла, Оби Савз, булоқи Бегоб, булоқи эшони Содиқхўжа, булоқи Обако, булоқи Жайдоқ каби кўплаб булоқлар қир-адирлар бағрида кўм-кўк бўлиб кўзга ташланиб турган. Ҳозирги кунларда бу булоқлардан чўпонлар фойдаланишади.

 

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 170 | Добавил: ngmk | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]