Главная » 2016 » Декабрь » 15 » "Хамса"да тил гўзаллиги
16:18
"Хамса"да тил гўзаллиги

Шоир ижодида Ватанга садоқат, дўстга вафодорлик туйғулари юксак даражада мадҳ қилинади. Табиатан ғоят камтар ҳазрат Алишер Навоий 23-24 ёшлигида — йигит пайтида устози Ҳасан Ардашерга дил ёриб, кўнгил сирларини маснавий тарзида ёзиб юборганда бу шеърий мактуб эл орасида машҳур бўлиб кетади, деб ўйламаган бўлса керак.
Султон Абусаид томонидан тоғалари ўлдирилган, хонумонидан айрилиб, бошпанасиз қолган ёш шоир замонадан ва жамиятдан истеъдодига яраша эътибор тополмаганидан куюнади:
Вале "айт" деб ким манга тутти юз,
Ки, мен юз учун демадим икки юз.
Бу сатрлардан кўринадики, агар шоирга "Хамса" ярат, деб юз тутадиган, яъни уни қўллаб-қувватлайдиганлар бўлса, шоир бу ишни улар кутганидан ҳам яхшироқ адо этишига ишонади. Ҳазрат Навоийнинг ёшликдаги орзуси, яъни "агар менинг қадримга етиб, ишимни қўллаб-қувватлайдиган мард топилса, Низомий ўттиз йилда қилган ишини икки йилда қилган бўлардим", деган маънодаги улкан нияти Ҳусайн Бойқаро даврида амалга ошди. Шоир орзуси, туркий тилда "Хамса" ёзиш Навоийнинг қалбидан алоҳида ўрин олган эди. Навоий "Хамса"си ҳам миллий, ҳам умуминсоний маъноларни ўзида жамулжам қилган ва эпопея жанрига мансуб бўлган қомусий асардир. 
Унинг ҳаракат доираси Юнонистондан Хитойгача, Ҳиндистондан Ямангача бўлган оламшумул кенгликларни қамраб олди. Шарқ ва Fарбнинг энг машҳур мамлакатларидан чиққан қаҳрамонларнинг номлари, ҳаракат доира¬лари, драматик тақдирлари Навоий "Хамса"сининг маъно ва мазмуни, бадиий тили, тасвир воситалари беқиёс даражада бой ва ранг-баранг бўлишига имкон беради. Ҳазрат Навоий қўллаган тил бойликларининг энг катта қисми бу "Хамса" достонларидан жой олганидир. Чунки уларда туркий, форсий, арабий сўзлардан ташқари юнон, ҳинд ва бошқа тилларга хос номлар, атамалар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Навоий "Хамса" орқали мум-тоз адабиётимизни жаҳон миқёсига олиб чиқар экан, турк оламининг эпик достон яратиш борасидаги бой тажрибасини ва ўлмас анъаналарини ривожлантириб, умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарди. Ҳазрат Навоийнинг ижодига назар солар эканмиз, шуни айтишимиз керакки, бутун дунёда мумтоз адабий тил яратган халқлар унча кўп эмас. Чунки мумтоз адабий тилнинг яратилиши ва ривожланиши Ренессанс деб аталадиган ва ҳар минг йилда бир неча мартагина юз берадиган мустасно маданий юксалиш ҳодисалари билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам биз аждодларимиз қолдирган буюк меросни асраб-авайламоғимиз, қадрламоғимиз керак. Зеро, бу бизнинг бурчимиздир. 

 

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 116 | Добавил: admin-1 | Теги: Алишер Навоий, Хамса | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]