Главная » 2016 » Декабрь » 15 » Сармишсой дараси
18:08
Сармишсой дараси

Сармишсой — Ўзбекистон ҳудудидаги энг кўп ва беқиёс қоя тош расмларини сақлаб қолган водийдир. Олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, бундан 5-7 минг йил илгари Сармишсойда ҳайвонларни хонакилаштириш ишлари олиб борилган ва бу қоятош суратларида акс этган.
Сармишсой. Бу дарада ҳаёт жуда секин ўтаётганга ўхшайди: сокин ва ўйчан. Неча асрлардан бери “ётавериб” зериккан, елкалари офтобда куйган майсаларга макон адирлар чегараси осмонга туташдай гўё. Ногоҳонда эсган шабада димоғингизга шувоқнинг ажабтовур ёқимли ҳидини олиб келади. Бу ердаги нуроний чолни эслатувчи қоялар эса минг йиллик тарих афсонасини сўзлайди.
Сармишсой. Қачонлардир бу даранинг бағри одамлар билан гавжум, ҳаёт қизғин ўтганига қоя тошлардаги тасвирлар гувоҳлик беради. Манзаралар қошида инсон ақл-заковати шошади. Гажакдор шохли архар, тоғ эчкилари, ёввойи буқалару тўнғизлар суратидан тортиб камонли овчилар, ов жараёни тасвирини томоша қилиб, етти минг йил аввалги мозий кўз олдимизда гавдаланади. Ҳайвонлар галасининг дупурию овчиларнинг қийқириғи элас-элас қулоққа чалингандай бўлади. Аждодларнинг шу қадар нафислик билан мангуга муҳрлаган санъат асарлари тошларга-да жон киритган.
Сармишсой қоятош суратлари аждодларимиз ниҳоятда уста рассом ва зукко бўлганлигини намоён этади. Петроглифларга оддий қоятош суратлари, деб қараш асло мумкин эмас. Масалан, “Нур” мавзуси акс этган бир сурат билан аждодларимиз нима демоқчи эканини англашга уринсак:ўта силлиқ, шишасимон тошга ўйиб ишланган, пастдан тепага қараб тасвири туширилган одамларнинг маълум бир ҳаракатлари бир мавзу, бир ғоя атрофида бирлашади. Яъни, энг пастдаги суратда тиззалаб ўтирган одамнинг нур ёки ўтни кашф этиш ёки олов чиқариш жараёни акс этса, иккинчисида машъалани қўлида кўтариб кетаётган киши, кейингиси тандирда нон ёпаётган инсон тасвири. Энг юқорида эса қуёш ва унинг марказида қўлини белига қўйиб ўтирган шоҳ образи кўринади. Уни пастдаги, ғаройиб жонзот устида турган одамлар бошидан тепада тутиб туришибди. Демак, аждодларимиз зулматни ёритган қуёшни, нурни улуғлашлари ва ўз йўлбошчиларини ҳам қуёш янглиғ барчага бирдек ёруғлик улашувчи зот сифатида ардоқлашганлари ушбу тасвирларда кўриниб турибди.
Сармишсой дараси ва унинг атрофидаги сойларда 10000 дан ортиқ петроглифлар борлиги аниқланган. Расмларнинг асосий қисми сойнинг ўрта қисмида жойлашган зич тошли 22,5 километр масофадаги қоятошларга ўйиб ишланган. Тасвирлар кембрий геологик даврида шаклланган қизил ва қора рангли қумтошлар ҳамда сланецли қояларнинг тик сиртига, баъзилари ётиқ сиртига солинган. Шу жойда қадимий кўчманчи ва ўтроқ аҳолининг мозор қўрғонлари жойлашган. Бу эса, одамлар ушбу ерга қадимдан ҳар хил диний маросимлар, байрамлар ўтказиш ва ибодат қилиш учун қадам ранжида қилган, деган хулосага келиш имконини беради.
Сармишсой петроглифлари энг қадимий услубларда ишланган бўлиб, милоддан аввалги II-минг йиллик охирига тааллуқли археологик материаллар орасида ёввойи буқа, тоғ эчкиси, архар ва қўтосларнинг суяк қолдиқлари ҳам топилган. Милоддан аввалги I-минг йиллик арафасида эса бу ҳайвонлар бутунлай йўқолиб кетган. Кўриниб турибдики, Сармишсойнинг ҳайвонот олами ҳам ниҳоятда бой ва хилма-хил бўлган.
“Очиқ осмон остидаги музей”,деб номланувчи мажмуа дурдоналари 1966 йилдан бошлаб олимлар томонидан тадқиқ этилмоқда. Милоддан аввалги 4-1 минг йилликка ва милодий I-VII асрларга мансуб бўлган расмлар қояларга бронза, темир ва тош ёрдамида схематик, контур, соя ва нақшдор услубларда туширилган. Эътиборлиси, уларнинг баъзилари ёмғир ёққанда кўринса, айримлари қуёш нури тик тушганда пайдо бўлади. Шундай суратлар ҳам борки, уни кўзингиз ёруғлик қия тушганда ёки сояда илғайди.

Сармишсойнинг одамларни ўзига оҳанрабодек тортадиган яна бир жиҳати, — бу, унинг мафтункор табиати. Дара, айниқса, кўклам келиши билан ажиб гўзаллик касб этади. Бинобарин, бу ерда ўсимликларнинг 62 оилага мансуб 650 тури учрайди. Уларнинг айримлари Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган ноёб, эндемик ва доривор гиёҳлардир.
Ҳудуд биохилма-хиллигини бойитишда ҳайвонот дунёси ҳам муҳим ўринга эга. Халқаро “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонлардан капчабош илон, эчкиэмар ва бургутлар билан бирга, қора балиқ, кўлвор илон, сариқ илон, узун оёқли сцинк, жўрчи, зарғалдоқ, каклик, бедана, жайра каби фаунанинг ноёб турлари ҳам учрайди.
Воҳанинг қулай табиий шароити бу ерда одамлар палеолит давридан (300 минг йилдан 15 минг йилгача) яшай бошлаган, деган фикрни инкор этмайди. Воҳанинг жанубида жойлашган Учтут чақмоқтош макони ва шахтаси фикримизга асос бўла олади. Бу жой ўрта тош давридан бронза даврига қадар Зарафшон водийси ва унинг атрофида яшаган қабилаларни чақмоқ тош билан таъминлаган.
Бу ерга келиб,ўтроқлашган одамлар асосан сойнинг кенг ва қулай жойларида истиқомат қила бошлаган. Агар синчковлик билан эътибор бериб қаралса, сой қирғоқларидаги текисликларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун қурилган қадимги суғориш иншоотлари ўринларини ҳам кўриш мумкин. Тоғ шароити одамлар ҳаракатини чеклаши табиий. Шу сабабдан бўлса керак, бир марта ўзлаштирилган жойда қадимги одамлар узоқ муддат яшашган. Авлодлар алмашинуви жараёнида уларнинг дунёқарашидаги ўзгаришлар, янгиликка интилиш, ихтирочилик хусусиятларининг бўй чўзиши натижасида турмуш тарзини ўзгартириб борганлар. Уларнинг хўжалик ишлари оқибатида табиий ландшафт ўзгарган. Шунингдек, чорва моллари сонининг кўпайиши яйловлар ўрнининг қисқариши тоғ бағридаги табиий ўтлоқ ва ўрмонларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келган.
Cармишсойдаги барча ёдгорликлар ўзининг табиий ва тарихий ўрнида бўлиб, асрлар давомида табиат ва инсон синовларига дош бериб келмоқда. Тарихий обидаларга бўлган ҳурмат, улар тўғрисидаги билимларимизни бойитиш маданий меросларимизни,хусусан, Сармишсойдарасиниасраб-авайлашимизга омил бўлади. Табиий ва маданий ёдгорликларимизни сақлаб қолиш ва уларни келажак авлодга ўз ҳолича етказиш борасида ҳукуматимиз томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда «Сармиш» табиат боғи деб эълон қилинган ушбу тарихий мероснинг умумий майдони 5000 гектарни ташкил этади. «Сармиш» табиат боғи Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонуни асосида назорат қилинади. Шунингдек, Сармишсой 2009 йил 14 июлда табиий археологик музей комплекси-қўриқхонасига айлантирилди.
Бугунги кунда Сармишсой петроглифлари нафақат республика, балки жаҳон миқёсида аждодларимиздан қолган энг сара гавҳар — маданий ёдгорлик сифатида тан олиниб, қалбимизга фахр бағишлаб турибди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, 2002 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ҳузуридаги Археология институти, ЮНЕСКО халқаро ташкилоти ҳамда Норвегия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги Маданий мерос директоратининг мутахассис олимлари (Анне-Софие Хюген ва Кнут Хелског) билан ҳамкорликда Сармишсой маданий ёдгорликлари бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилаётир.
2004 йилдан буён доимий равишда “Сармишсой табиий-археологик мажмуа музейи қўриқхонаси”га хорижий ва маҳаллий сайёҳлар ташриф буюриб, уларга музей хизмати кўрсатилиб келинмоқда. Шу ўринда қайд этиш жоизки, 2010 йил май ойида Навоий вилоят ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан ҳамкорликда замонавий, ривожланган, халқаро музейшунослик тажрибаси ва мавжуд қонун-қоидаларга асосан Сармишсой табиий-археологик мажмуа музейи қўриқхонаси ҳудудида туристик база ҳамда “Ташрифгоҳ” қурилиши лойиҳасини тайёрлашга киришилди. Шунга кўра, бу ерда кўприк қурилди, ҳозирга келиб йўл ва бинолар барпо этиш учун ташкилий-тайёргарлик ишлари бажарилаётир.
Сармишсой билан боғлиқ энг катта ва кутилаётган тарихий воқеалардан бири «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси ва ЮНЕСКО ваколатхонаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган йирик лойиҳа — «Асрлар садоси» анъанавий маданият фестивалининг навбатдаги тантаналари жорий йилнинг 4-5 май кунлари Сармишсой дарасида ўтади. Айни пайтда мазкур фестивалга Навоий вилоятида пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Таъкидлаш жоизки, “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивалининг айнан мана шундай кўҳна жойда ўтказилиши мамлакатимиз туристик салоҳиятини юксалтириш, хорижлик сайёҳларнинг қизиқишини янада ошириш, бой маданий меросимиз, миллий ҳунармандчилик, урф-одат ва анъаналаримизни намойиш этиш ва тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, Сармишсой нафақат табиатнинг бебаҳо ёдгорлиги, балки, инсоният цивилизациясини ўрганиш, унинг ноёб дурдоналаридан баҳраманд бўлишга хизмат қилувчи бетакрор манба сифатида ҳам алоҳида қимматга эга санъат галереясидир.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 95 | Добавил: admin-1 | Теги: петроглифлар, Сармишсой | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]