Главная » 2016 » Декабрь » 14 » "Наводир уш-шабоб" ҳикматлари
16:00
"Наводир уш-шабоб" ҳикматлари

Навоий асарлари маъно ва мазмунининг теранлиги, ҳаётийлиги, асрлар ўтса ҳамки, замон руҳига мос келавериши билан кишини ҳайратга солади. Шоирнинг шундай байтлари борки, ҳаёт, тириклик, инсон умри, яшаш моҳияти ҳақидаги катта-катта китоб ёзса бўладиган фикрларни ўзида мужассамлаштиради. Бундай байтлар адабиётшунослар томонидан турлича изоҳланади: "Шоҳ байтлар", "фикрлар қаймоғи", "ибратомуз байтлар", "ҳикматомуз байтлар", "ҳаққоний байтлар", "асрлар оша эскирмас мисралар", "ҳаётий ҳикматлар", "панднома байтлар", "фикрлар қайроғи" ва ҳоказо.
Улардан чиқадиган хулоса битта: ҳаққоний, ҳамма замонда ҳам ўз қимматини йўқотмайдиган, ҳаёт ва инсон хусусидаги ўта ақлли фикрлар. Мана шундай байтлар Навоийнинг "Хамса"сида, "Маҳбуб ул-қулуб", шеърий асарларида кўпроқ кузатилади.
Шоирнинг "Наводир уш-шабоб" девонидан олинган 10-15 байт асосида мулоҳазаларимизни билдирамиз. Бу девон шоирнинг йигитлик даври маҳсули сифатида қаралади. Аммо бу қараш нисбийлиги, ўрта ёшлик ва кексалик даври шеърлари ҳам девондан ўрин олгани олимларимиз томонидан аниқланган. "Хазойин ул-маоний"нинг барча девонларида бўлгани каби, бу девоннинг ҳам асосий жанри ғазалдир. Уларда илоҳий, дунёвий ишқ, диний-тасаввуфий, фалсафий, одоб-ахлоқ мавзулари кенг ёритилган. Ана шу мавзулар сингдирилган ғазалларнинг айрим байтларида шоир юқоридаги руҳдаги фикрларни келтиради. Ҳаётий тажриба ва хулосаларини баён этади.
Маълумки, инсонга яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тилидан келади. У билан кўп фойдали ишлар амалга ошади ёки инсон бошига кулфатлар ёғилади. Шу сабаб халқимиз "Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз", "Қизил тил — қора бошнинг душмани", "Инсоннинг бошига бало тилидан келади", "Яхши сўз — жон озиғи, ёмон сўз — бош қозиғи", "Тилидан бол томади", "Тили заҳар" каби жумлаларни кўп ишлатади.
Юсуф Хос Ҳожибнинг "Қутадғу билиг" асарида тил, унинг фойда ва зарарлари ҳақида кўп ёзилган. Навоий асарларида ҳам бу мавзуга алоҳида эътибор қаратилган. "Наводир уш-шабоб"даги қуйидаги байт бу борадаги фикрларнинг энг юксак ифодаси:
Кимки кўнглин истамас ғамгин тилини асрадег
Ким, тилин тийған кишининг кўнглида озор эмас.
Юқорида таъкидланганидек, барча кўргуликларнинг калити — тил. Одам-зот қалбига шодлик, хушкайфият, руҳий кўтаринкилик яхши муомала, ширин гапу қувончли хабар сабаб уйғонади. Аксинча, кўнгил ғаму озорлари ҳам тил боис ҳосил бўлади. Навоий талқинича, кимки кўнгли ғуссаю нотинчликка тушишини истамаса, тилига эҳтиёт бўлсин. Тилини тийган, бўлар-бўлмас, ёлғон-яшиқ гаплардан йироқ кишининг кўнглига озор етмайди. Бу — ҳақ гап.
Инсоннинг бошига чексиз ташвиш келтирадиган нарса қаноатсизлик. Борига шукр қилмай, ўзини ўтга, чўғга уриб, ҳалолу ноҳалол йўл билан бойлик тўплашга уриниш — охири афсус, оқибати надомат. Бу ҳаётда кўп кузатилган, инсон умри билан ҳамоҳанг кечадиган жараён. "Наводир уш-шабоб"даги мана бу байт мазмуни ҳам шу руҳда:
Бўлма кун қурсин тилаб афлокдек саргаштаким,
Бир фатири хом ила осон ўтар ҳар кун маош.
Мумтоз адабиётда "афлокдек саргашта" деган тушунча бор. Бу — фалакнинг айланишига ишора. Тиниб-тинчимас, қорину бойлик илинжида ҳеч нарсадан қайтмайдиган кимсаларнинг ҳолати унга қиёсланмоқда. Шоир фикрича, бу ҳаракат маъқул эмас. Чунки бир кунлик тирикчилик бир хом патир билан ҳам ўтади. "Хом фатир" — қаноат, ҳалол меҳнат билан ўтадиган умр рамзи. Бундай киши учун ҳаёт ташвишлари осон кечади. Мана шу фикрлар мазмуни мазкур мисраларда ўз ифодасини топган:
Майли дунёки, солур кимсани тинмасликка,
Тинибон кўнгли анинг кимки, кўнгулдин чиқариб.
Дунё майли, бойлик, мол-давлатга ҳирслик кишини ташвишга солади. Уни тиниб-тинчимасликка ундайди. Шу сабаб у ўзини турли кўйга солади: тўғри-нотўғри, ҳалол-ноҳалол, рост-ёлғон, тоза-нотоза йўлга бошлайди. Бундай бесаранжомликдан қутулишнинг йўли битта: у ҳам бўлса, шу тамани кўнгилдан чиқариш. Инсон умри даврлар асосида талқин этилади. Умрнинг баҳори, ёзи, куз ва қиши бўлади. Даврлар асоси¬даги қайди ҳам бор: ёшлик, йигитлик, ўрта ёшлик, кексалик. Ҳар бир даврни асословчи, ҳаётдаги маълум нарсалар¬га қиёсланувчи ўхшатишлари ҳам мавжуд. Навоий кексалик, унинг белгилари ҳақида кўп ёзган. Асарда кексалик, умрнинг поёни яқинлашганини кўрсатувчи байт учрайди:
Тишларимдин ики дандонаки чарх айлади кам,
Рахналар бўлди ажал киргали жон чиққали ҳам.
Сочнинг оқариши, белнинг букчайиши, кўз хиралигию вужуд титроғи — кексалик аломатлари. Унинг яна бир белгиси — тиш тушиши. Кексаликда тушган тишнинг ўрни қайта тўлмайди. Бу — ҳаёт қонуни. Навоий изоҳича, икки дона тишнинг тушиши — ажал кириши ва жон чиқиши учун очилган йўл.
Инсон яшар экан, унинг дўсти ҳам, душмани ҳам бўлади. Шоир айтганидек, мевага пўст бўлур, мағз ҳам, кишига дўст бўлур, душман ҳам. Сенга ким душманлигини билсанг, у билан курашиш, қарши туриш осон. Эҳтиётлик билан ҳаракат қиласан. Аммо яширин душмандан Оллоҳнинг ўзи сақласин. Унинг қачон, қай вақтда зарба бериши ноаниқ. Навоий ҳазратлари ёзганларидек, унинг хавфи кўпроқ:
Оғзи жон қасди қилур, жонға таваҳҳум йўқ ажаб,
Хавфи кўпроқдур анинг ким, махфий ўлса душмани.
Навоий ғазалларида ишқ, ошиқ, маъшуқа ва бошқа мавзуларда ёзса ҳам, ҳаётий ҳикматларини у ёки бу шаклда билдириб ўтади. Шоирнинг бу пандлари, хулосалари кўпроқ байтнинг иккинчи мисрасида келтирилади. Биринчи мисрадаги фикрини асослаш, тасдиқлаш учун иккинчи қаторда қатъий ҳукм билдиради. Шоир девонида қуйидаги ҳаётий ҳақиқатлар учрайди: "Киши фарзанди қачон кимсага фарзанд ўлмиш?", "Илм баҳс айлар замон раҳмат бўлур нозил", "Ҳар неким йўқтур, эрур топмақ муҳол", "Вафо аҳлига ким озор етказса, зиён кўрмаса, фойда ҳам қилмайди", "Бўлди ўз нодонлиғимни англамоқ донолиғим", "Эл нетиб топқай мениким мен ўзумни топманом", "Шод бўлма буд ила, ғам ҳам ема нобуд ила", "Ёрдин яхши эмас айламаги ёр гила", "Мен эдим сенинг кеби, мен янглиғўлғунг сен доғи", "Мизбон зоҳид хуш эрмас, бўлса меҳмон ичкучи" ва ҳоказо.
Умуман, бу мазмундаги мисралар шоир қарашлари, ҳаётий кузатишлари ва тажрибалари маҳсули эканлиги билан ҳамма даврда ҳам эътиборлидир.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 153 | Добавил: admin-1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]