Главная » 2016 » Декабрь » 14 » Дабусия қалъаси
16:14
Дабусия қалъаси

Воҳанинг зар кокили бўлган Зарафшон дарёси қирғоғида жойлашган Дабусия қалъасининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Буюк Ипак йўлида барпо этилган бу иншоот ҳимоя қўрғони бўлиб, қалъа ва унинг атрофларида асосан қўнғирот, олчин, барлос уруғларидан бўлган халқ яшаган ҳамда овчилик, чорвачилик, ҳунармандчилик билан шуғулланган.
Қалъа аҳолиси мард ва жасур бўлиб, орият учун қаттиқ курашган. Кўплаб ҳукмдорлар стратегик аҳамиятга эга бўлган бу сўлим масканни қўлга киритишга интилганлар. Лекин қалъанинг қўрқмас ва матонатли ҳимоячилари бўйсунмаган.
VII асрларда араб лашкарбошиси ибн Қутайба Бухорога босқинчилик уюштириб, шаҳарни қамал қилади. Оғир вазиятда қолган Бухоро ҳукмдори ёрдам сўраб, қалъага элчи жўнатади. Дабусия лашкарлари зудлик билан Бухоро шаҳрига юриш қилади. Дабусияликлар Бухорони қамал қилиб турган араб лашкарлари устига қуюндек бостириб боради. Ҳар икки томоннинг лашкарлари бирлашиб, душманни Амударё соҳилининг нариги қирғоғига улоқтириб ташлайди.
Орадан кўп ўтмай, ибн Қутайба қўшин тўплаб, бу сафар Афросиёб шаҳрига ҳужум уюштиради. Лекин Бухоро ва Дабусия лашкарлари яна бирлашиб душманни мағлуб этади.
Шунда ибн Қутайба аввал Дабусияни бўйсундирмаса, Бухорони ҳам, Самарқандни ҳам ололмаслигини англаб етади. Шунинг учун ҳам кейинги мағлубиятдан сўнг куч тўплаб, Дабусия қалъасига ҳужум қилади. Бир неча кун давом эт¬ган қақшатқич тўқнашувлардан сўнг ибн Қутайба қалъа деворларининг мустаҳкамлиги, ҳимоячиларининг моҳир чавандоз, ўткир мерганликларига тан беради. Камон ўқлари ва қилич тиғларига кучли таъсир этувчи заҳар суртилганлиги боис, ундан енгил бўлса-да жароҳат олган ярадор араб лашкарлари ҳалок бўларди. Шунда ибн Қутайба ҳийла ишлатади ва қалъани қамал ҳолатида сақлашга қарор қилади. Қалъага кириб-чиқувчи яширин йўллар, чашмалардан сопол қувурлар орқали сув оқиб келиши, махсус омборларда озиқ-овқатлар сақланишини душман билмаган. Бу ерда беш йилгача етадиган қуритилган гўшт, мевалар, дон улкан сопол кўзаларда сақланган.
Араблар қўлига асир тушиб қолган дабусияликларни сир олиш учун душман жуда қаттиқ қийноққа солган. Бирорта ҳам сўз айтмаган асирлар хоинликдан кўра мардларча ўлимни афзал билиб, ўз тилларини тишлаб узиб ташлаганлар.
Ниҳоятда танг аҳволда қолиб, дарғазаб бўлган ибн Қутайба қалъа атрофидаги қишлоқлар аҳолисини қатл қилишга фармон беради. Шундан кейин қалъа лашкарларининг сони кескин камайиб боради. Қалъа ҳимоячилари ўзларини ўлимга маҳкум этсаларда, таслим бўлишмайди. Шундан кейингина босқинчилар ҳимоясиз қолган қалъага бостириб кирганлар.
Йиллар ўтсада, қалъа Буюк Ипак йўлини Fарбу Шарқ билан боғлаб турган мустаҳкам кўприк сифатида эътиборда бўлган. Не-не карвонлар бунда қўниб, куч тўплаб, ҳордиқ чиқариб, олис сафарларини давом эттирган. Қалъада олиб борилган илмий изланишлар жараёнида топилган иш қуроллари, рўзғор буюмлари, ҳунармандчилик ускуналари, овчилик ва чорвачилик қуроллари ўша даврга таққослаганда сифати, пишиқлиги, ихчамлиги ва ташқи кўриниши билан анча тараққий этганлигидан далолат беради.Ҳатто, қалъанинг бутун ҳудудига сопол қувурлар ётқизилиб, канализация тизими яратилган, тоза ичимлик сув таъминоти йўлга қўйилган.  
Асрлар силсиласини бағрида асраб-авайлаб, яшириб келаётган қалъа  тарихини ўрганиб, дабусияликларнинг ватанпарварликлари, мард ва жасурлиги, ориятли халқ бўлганликлари келажак авлодни баркамол қилиб вояга етказишда тарбия мактабини ўташи, шубҳасиз.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 102 | Добавил: admin-1 | Теги: Навоий, Дабусия қалъаси | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]