Главная » 2016 » Декабрь » 14 » “Бобурнома” — қомусий манба сифатида
08:15
“Бобурнома” — қомусий манба сифатида

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг дунёга машҳур бўлишида унинг йирик асари "Бобурнома"нинг салмоқли ҳиссаси бор. Мазкур тарихий-бадиий асар 1494-1529 йил¬ларда Мирзо Бобур Мовароуннаҳр ва Хуро¬сонда, Афғонистон ва Ҳиндистонда ўз боши¬дан кечирган, кўрган воқеалар, ҳо¬латлар тўғ¬рисида маълумот беради. "Бо¬бурнома"нинг марказида муаллифнинг ўзи туради ва у бош образ сифатида таърифланган.
Бобурнинг саргузаштлари, турли тарихий воқеалар дастлаб хронологик хотира даф¬тарида акс эттириб борилган ва у кейинчалик "Бобурнома"нинг яратилишига асос бўлган. Бобурнинг қизи, тарихчи олима Гулбаданбегимнинг "Ҳумоюннома" асарида ёзилишича, "Бобурнома" дастлаб "Воқеано¬ма" деб аталган.
Бу олам аро ажаб аламлар кўрдум,
Олам элидин турфа ситамлар кўрдум,
Ҳар ким бу "Вақое"ни ўқур, билгайким,
Не ранжу, не меҳнату, не ғамлар кўрдум.

"Бобурнома" ҳозирги вақтда "Бобурия", "Воқеоти Бобурий", "Тузуки Бобурий" номлари билан дунёнинг Тошкент, Қозон, Санкт-Петербург, Истамбул, Қоҳира, Париж, Калькутта, Агра, Ҳайдаробод, Манчестер, Лондон, Эдинбург каби шаҳарлар кутубхоналарида тарихий ёдгорлик, манба сифатида турли хил вариантлари ҳамда таржималари сақланиб келинмоқда. У қомусий тарихий манба ҳисобланади. Мазкур асар орқали Мовароуннаҳр, Хуросон, Афғонистон, Ҳиндистоннинг XV аср охири — XVI асрнинг 20-30 йилларидаги ижтимоий, сиёсий ҳаётини аниқ, хронологик изчилликда билиб олиш мумкин. Ундаги маълумотларнинг кўплиги, тўлалиги, тарихий воқеалар холис, беғараз, ростгўйлик билан баён этилганлиги асарнинг бошқа замондош манбалардан устунлигини билдиради.
Асарнинг марказида тарихий воқеалар туриб, улар қуруқ санаб, эслатиб ўтилмасдан, балки аниқ образлар, табиат манзаралари, саргузаштлар, латифалар, шеърий парчалар билан йўғрилиб, халқ тили услубида бадиий баён қилинган. Шунинг учун ҳам асар енгил ўқилади, китобхонни ўзига жалб қилиш кучига эга.
Заҳириддин Бобур бирор тарихий воқеа тўғрисида гап очиб, олдин шу ўрин, макон ҳақида тўлиқ маълумот беради. "Бобурнома"ни ўқиганимизда XV-XVI асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Афғонистон, Ҳиндистон ўлкаларининг ўнлаб шаҳар ва қишлоқлари, дарёларининг манзараси, ўсимликлар дунёси, аҳолиси, уларнинг урф-одатлари тўғрисида маълумотга эга бўламиз. Бу хилдаги таҳлилий маълумотлар Бобур истеъдодли адиб, шоир бўлиши билан бирга, кенг қамровли билимдон олим, географ, табиат¬шунос, этнограф, тилшунос, санъат¬шу¬нос, социолог бўлганлигидан дарак беради.
"Бобурнома"да юзлаб тарихий шахслар, уларнинг ижтимоий, маданий, маънавий фаолияти, жамиятдаги мавқеи, ўрни тўғри¬сида маълумотлар берилган. Улар шоҳлар, вилоят ҳокимлари, амирлар, ҳарбий саркар¬далар, илм-фан, санъат, адабиёт намоянда¬лари, дин пешволари, деҳқонлар, ҳунарманд¬лар ва бошқалар. Социолог олим уларнинг ҳар бирига жамиятдаги мавқеи, хулқ-атвори, касби каби сифатларига қараб, хос аниқ илмий-бадиий таъриф берган. Масалан, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Мирзо Улуғбек, Камолиддин Беҳзод, Абдураҳмон Жомий, Аҳмад Ҳожибек каби намояндалар ҳақида илиқ фикрлар билдирган бўлса, Абдулатиф, Узун Ҳасан, Аҳмад Танбал каби шахсларни бадхулқликда,падаркушликда айблаб, лаънатлайди.
Бобур Мирзо асарнинг муқаддимасидан бошлаб, замон ва маконлар оша хотимасигача китобхонга доимий дилкаш ҳамроҳ бўлиб боради. Шунчаки оддийгина, жўн, камсухан ҳамроҳ эмас, ижтимоий-сиёсий воқеаларнинг иштирокчиси, давлат раҳбари, табиат гўзалликларининг бадиий ифодаловчиси, жамиятнинг, маданиятнинг ҳомийси, йирик муҳаббат куйчиси сифатида ҳамроҳ бўлади. Китобхоннинг Бобурдан ажралгиси келмайди.
Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,
Нега ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.

Бу билан Бобур Мирзо ўзининг нафақат лирик сўз соҳиби эканлигини кўрсатаяпти, балки китобхонни чин, тоза муҳаббат дунёсига олиб кираяпти. Буюк саркарданинг китобхонга турли-туман ижтимоий ҳолатда ҳамроҳ бўлиши унинг дунёқараши кўп қутблилигидан, зиддиятлилигидан дарак беради. Зеро, Бобур Ватанга, жамиятга бефарқ бўлмасдан, масъулият билан яшаган. Баъзи бир темурийзодалардек айшу ишратни ёқтирмади.
"Бобурнома" илмий, маънавий, маърифий, тарбиявий билимлар манбаи. Заҳириддин Бобур ўзбек адабий тилини халқ жонли тили ҳисобидан бойитишда Алишер Навоий билан ёнма-ён туради. У ўзбек адабий тилининг XVI асрдаги донишманди ва ҳомийларидандир. Зеро, "Бобурнома" нафақат тарихий манба, ўзбек адабий тилининг муҳим ёдгорлиги ҳамдир. Мазкур асар орқали китобхон XV аср охири — XVI аср бошларидаги ўзбек адабий тили ва унинг Андижон шеваси тўғрисида маълумотга эга бўлади. Ўзбек ва форс халқ мақоллари, сатирик ибораларини бадиий адабиётга олиб кириб, адабий тилни бойитди, юксалтирди. Масалан, "Душман не демас, тушга не кирмас", "Кўзларини туз тутти", "Деҳ кужову дарахтон кужо" (қишлоқ қайдаю дарахтлар қайда) каби юзлаб ўзбек-форс халқ мақоллари "Бобурнома"нинг илмий аҳамиятини янада ошириб турибди. Бобур Мирзо оз сўз билан катта ижтимоий, фалсафий фикрни баён қила билган.
Китобхон "Бобурнома"ни ўқиб, Бобур ватанпарвар инсон бўлганлигини билиб олади. Ул зоти пурҳикмат Афғонистонда ҳам, Ҳиндистонда бўлганида ҳам она-Ватанини — Андижонни қўмсади, ҳавас билан эслади, Ватандан келган одамлардан сўраб-суриштирди. Она-Ватанга қайтиш орзуси у кишини ҳеч қачон тарк этмади. Шунинг учун ҳам Бобурнинг барча тарихий, бадиий, илмий асарлари марказидан она-Ватанга меҳр, соғинчғояси қатъий ўрин олган.
Заҳириддин Бобур Ҳиндистонга борганлигини унча хуш кўрмади, Роббул оламиннинг иши, тақдир тақозоси деб кифояланди. Бу фирдавс маконнинг шахсий фикри, монеълигимиз йўқ. Агар македониялик Александр, Чингизхон Ўрта Осиёга келиб жуда катта ижтимоий, иқтисодий асорат қолдирган бўлсалар, бобурийларнинг Ҳиндистонда қарийб уч ярим аср ҳукмронлик даври тинчлик, иқтисодий, маданий юксалиш, ягона марказлашган қудратли давлат бўлиб дунё¬га чиқиш йиллари ҳисобланади-ку. Бобурийлар ўзбек ва ҳинд халқларини шу даражада яқинлаш-тирдиларки, ўша тарихий анъаналар икки халқ ўртасида ҳамон юксалиб, давом этмоқда. "Бобурнома" анъанавий шоҳномачиликнинг XVI асрдаги янги намунаси бўлиб, унинг интиҳога етказилган макони ҳам Ҳиндистон ҳисобланади.
Бобурийлар ҳукмронлиги йилларида Ҳиндистонда аёлларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий мавқеи юксалди. Улар давлат арбоби, олима, ижодкор аёллар, тафаккур соҳибалари эдилар. "Ҳумоюннома" — "Бобурнома"нинг мантиқий давоми бўлса, унинг муаллифи Гулбаданбегим олима аёлларнинг сарбони ҳисобланади. Шоира, файласуф, илоҳий муҳаббат куйчиси Зебуннисо бегим ўзбек, форс, араб тилларида ижод қилган. Кўплаб ошиқларини доғда қолдирган Зебуннисо:
Лайли зотидан эсамда дилда Мажнунча ҳаво,
Тоғу тош кезгум келур, лекин йўлим тўсгай ҳаё.
Ҳар матога бир харидор ҳусннинг бозорида,
Не учун Зебуннисо қарриб, харидор ўлмаса...

деб, шарқона тавозе билан ўзини муҳаббат пардасига олади.
Мухтасар қилиб таъкидлаймизки, қомусий тарихий, илмий манба ҳисобланган "Бобурнома" ҳам, унинг пурлутф муаллифи Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам халқининг ва башариятнинг ноёб қадрияти саналади. Миллатнинг келажак авлодлари ҳали яна минг йиллар оша Заҳириддин Бобур бобосининг маънавий меросини ўрганаверадилар, ул зоти пурҳикмат руҳига ҳурмат-эҳтиром билдираверадилар.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 114 | Добавил: admin-1 | Теги: Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобурнома | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]