Главная » 2016 » Декабрь » 12 » Машрабнинг Нуротага сафари
09:46
Машрабнинг Нуротага сафари

Ўзбек мумтоз адабиётининг улуғ намояндаларидан бири Бобораҳим Мулла Вали ўғли Машраб 1640 йилда Наманганда туғилган. Ҳаёти ва ижоди XVIII-XIX асрларга хос тазкира, баёз  ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда мухтасаргина баён топган. Бадеҳо Малеҳонинг "Музаккир ул-асҳоб" ("Суҳбатдошлар тазкираси"), Зиёвутдин Боғистонийнинг "Тазкирайи қаландарон", Абдулмуталлибхўжанинг "Мажмуайи  Фаҳмий", Ҳакимхонтўранинг "Мунтахаб ут-таворих" ("Сайланма тарихлар"), Мирзо Олим Мушрифнинг "Ансобус-салотин ва таворихи хавоқайин" ("Султонлар насл-насаби ва хоқонлар тарихи"), Мажзуб Намонгонийнинг "Тазкиратул  авлиё" каби қўлёзма,  тошбосма  китоблар шулар жумласидандир.
Ушбу китобларда баён этилишича, Машрабнинг илк устози илмда замонасининг пешволаридан бўлган Сўфи Эшон Мулла Бозор Охунд (Убайдул¬ло хожа) ҳисобланади. Таҳсили ниҳоялангач, тахминан 1665 йилларда шу устозининг тавсияси билан замонасининг йирик тариқат пири, қашқар¬лик Ҳидоятулло Офоқхожа эшон ҳузурига боради ва 1672-73 йилларгача хизматида бўлади.
Офоқхожа Нақшбандия тариқатининг улкан намоёндаларидан бири Хожа Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Косоний — Махдуми Аъзам (1461/62-1542) авлодидан. Машраб бу зотга зиёда ихлосда Даҳбеддаги мақбаралари зиёратида бўлиб, уш¬бу сатрларини битган: 
Пири Махдуми Аъзам, подшоҳим кўргали келдим,
Итидек остонига юзумни сургали келдим.
Қиёмат боргоҳин тузар ул кун малоиклар,
Ки сен кимёназарсан, мен — мис, зар бўлгали келдим…

Бобораҳим Машраб қаерда, кимнинг даргоҳида бўлмасин, ҳоли ва оташин назмиёти билан назарга тушади. Ҳақиқат акс топган сатрлари тилдан тилга кўчади.
Аммо илмий-маънавий мероси ҳақида аниқ маълумот берувчи манба бор-йўқлиги, ҳаётлигида девон ёки мажмуаси тузилганлиги маълум эмас. Маълумотлар ва ашъорлари туркий халқлар ўртасида кенг тарқалган "Девони Машраб", "Девонаи Машраб", "Эшони Машраб", "Ҳазрати шоҳ Машраб" каби машҳур қўлёзма ва тошбосма тазкира, баёз ва қиссалардан олинган. Улар мухлислар эҳтиромидан пайдо бўлган. Шу сабабдан замонлар оша бу асарларга ўзгартириш ва тузатишлар киритиб борилаверган.
2013 йилда наманганлик манбашунос олим Аҳмад Убайдуллоҳ томонидан "Наманган" нашриётида чоп этилган "Машрабнинг Нуротага сафари қиссаси" хусусида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Асарнинг асли қадимги ўзбек тилида, арабий ёзувда битилган бўлиб, Офоқхожа ва Нурота билан боғлиқ воқеалар Машраб саргузаштлари орқали ифода этилади. 
Китоб сўзбошисида қайд этилишича, қўлёзманинг асли ўтмиш замонлар жабрини тортган, афтода кўринишда. Бир қисми йўқ. Сақланган қисми 104 варақдан иборат бўлиб, 62-104-варақлари "Машрабнинг Нуротага сафари қиссаси" ни ташкил этади, аммо асарнинг айрим варақлари, жумладан, хотимаси йўқ. Қўлёзма таркибида бўлса-да, алоҳида китоб кўринишида. Ҳажми 42 варақдан иборат. Уларда Машрабнинг ҳозиргача маълум бўлмаган 16 ғазали ва 2 мухаммаси ўрин олган.
Қисса — халқона, муаллифи, ҳаттоти кўрсатилмаган. Фақатгина келтирилган тарих, яъни "Таммат алкитоб биавнил ал-маликил Ваҳҳоб, валлоҳу аъламу биссавоб, сана 1294 (ҳижрий)" га кўра мелодий 1876-77 йилларда ёзилган ёки кўчирил¬ганлигини англаш мумкин. Демак, Машраб вафотидан (1711 йилда Балхда қатл этилган) бир ярим асрлардан кейин ёзилган бўлиши эҳтимол.
Халқимиз ўтмишида қисса ва достонлар алоҳида маърифий аҳамият касб этган. Маҳоватли бадиий тўқималар, латифанома ҳангомалар, қочи¬рим ва кесатиқларга ўрин берилиб, ўқувчи ва тингловчиларнинг мушоҳадасига ҳавола этилган. Ҳар ким англашига яраша сабоқ олса-да, "Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил" ҳикмати ғоявий мақсад асосини ташкил этган. Бу назарда тутилган қиссага ҳам хос.
Шу нарса ҳам сир қолмасинки, қисса баҳсли ўринлардан холи эмас, ниятимизда эса баҳсталаблик йўқ. Мақсадимиз, Нурота ва унинг чашмаси зилол суви овоза бўлган яна бир манба билан холис таништириш. Бобораҳим Машраб саргузаштлари талқинида битилишига сабабларни ўз маъносида ва аслида эътиборингизга ҳавола этиш. 
Бинобарин, Машраб  ўз  ғазалларида  ёзишича, "кўҳ-бакўҳ, саҳрома саҳро кезиб" кўпгина ўлка-юртлар, шаҳар-қишлоқларни қаландарларга бош бўлиб кезиб чиққан. Манбаларда Андижон, Ўш, Хўжанд, Тошкент, Сайрам, Туркистон, Самарқанд, Бухоро шаҳру қишлоқларида, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд каби азиз зотларнинг қадамжолари зиёратида бўлганликлари, Хуросон мамлакатларини кезганлиги тасдиғини топган. Шунингдек, Нурота баробарида Навоий вилоятининг Кармана, Хатирчи туманлари сарҳадларида бўлганлиги ҳам эътирофларда бор ...
Назарда тутилган Нурота сафари алоҳида мақомга эга бўлиб, Офоқхожа даргоҳидан кетишидан олдин амалга ошган. Чунки қуйидаги  маснавийсидан келиб чиқиб фикр юритилса, Машраб Нуротада аввалда ҳам бўлган, деган тасаввур тасдиғини топади:
Қум ичиндан Хожаи Ўббондин излаб даво,
Кеча ётиб эрта қилсак орзуйи Нур ото,
Fута урсак моҳи янглиғ чашмаи раҳмат аро,
Тун бориб тоғ узра етиб фажрни қилсак адо,
Кеча айлаб Нуҳдек сайри Бухор истар кўнгил.

Қисса тасаввуфона руҳда ёзилган. Шу жиҳатдан баён ва ундаги ғазал ва мухаммасларни ўтмишдан табаррук мерос, деб билмоқ мақсадга мувофиқ. Қиссанинг қисқача баёни:
"Аммо ровиёни ахбор (хабарчилар) ва ноқилони асор (асарларни нақл қилувчилар чанин (шундай) ривоят қилурларким, дар вилояти Қошғар (Қашқар вилоятида) Офоқхожа баланд мақом бир кун фикр қилдиларки, дунёни сайр этайин, деб. Бир кеча истихора қилдилар (яъни, ниятига дохил туш кўриш). (Тушларида) гашт этиб (сайр этиб) бир жойга бордиларки, бир чашмаи (булоқ), ул чашма ичинда нур пайдо бўлиб, осмонга чиқабер¬ди ва чашманинг бўйида бир тахтаи санги мармар (мармар тош) турар... (Бу жойни қаер эканлигидан ҳайрон турганларида ғойибдан садо  бўлдики) бул мақомни (жойни) Нурото дерлар..."Ҳар ким риёзат чекиб (машаққатни бўйнига олиб) бул мақомга келса, бир кун келиб луқмасидан (таомидан) еса, гўёки беҳишт (жаннат) луқмасидан (таомидан) егандек бўлади... Аммо бул ма¬қомни хосияти (янада) кўп эрур. Шу сўзнинг устида бедор (уйғондилар) бўлдилар " 
Алқисса, Офоқхожанинг шу чашма сувига ишқи тушади ва аъёнларини йиғиб дилини ёзади, яъни: "Эй ёронлар! Бир марди боҳиммат (мард) борми, дар тарафи Мағриб замин (Қуёш ботартомон), дар Бухоро (Бухоро тасарруфида) Нурота (мақомида) бир чашма  (булоқ) бор. Бориб менга сув олиб келсун. (Ва давом этдиларки) "Бир кун борсун, бир кун турсун, бир кун келсун". Ҳеч бир сўфийдан (муридларидан) садо чиқмади. Уч маротаба айтдилар, ҳеч садо чиқмади. Охири девонаи Машраб масти беихтиёр бўлиб, бир наъра уриб (ҳайқириб) жойидан туриб деди:
"Эй, пирим! Бул хизмат камина қулдан етсун (бажарилсин)", деб ушбу матлаъли (матлаъ: ғазалнинг биринчи икки қатори) ғазалини ўқиди:
Гар ижозат берсангиз, олиб келурман ё пирим,
Мақбули даргоҳ бўлиб, олиб келурман ё пирим!

Офоқхожа бу журъати сабабини сўраганида Машраб ихлосини изҳор этиб, дафъатан жавоб қил¬маганлигини, одоб сақлаганини, охири улуғлардан жавоб бўлмагач, майлини баён этганини айтади. Офоқхожа шоду хушнуд бўлиб, оқ фотиҳа бергач, йўлга отланиб курчисига (ҳамроҳ итига) қараб ушбу матлали ғазалини ўқийди:
Куйибон ишқида хокимтарим суйи само бўлди,
Бу хизматни қилурсан деб, мани ҳаққимга жо бўлди.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 86 | Добавил: admin-1 | Теги: Бобораҳим Мулла Вали ўғли Машраб | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]