Главная » 2016 » Декабрь » 12 » “Темурхон наслидин султон Улуғбек...”
15:24
“Темурхон наслидин султон Улуғбек...”

Буюк фалакиётшунос олим, темурий ҳукмдорлардан бири Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбекнинг мунаввар номини нафақат Ватанимизда, балки бутун дунёда яхши билишади. Ул зотнинг ҳаёт йўли, давлат бошқарувида сиёсий арбоб сифатидаги роли, дунё фани тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида кўп манбаларда ёзилган.
Амир Темурнинг набираси, беназир алломанинг ўрта асрлар шароитида намоён этган илмий жасорати бугунги кун олимларини ҳам ҳайратга солмасдан қўймайди. Тақдир бу улуғ зотнинг зиммасига беҳад улкан ва машаққатли вазифалар юклади. Саркарда Амир Темур бунёд этган салтанатнинг вориси бўлишдек ўта масъулиятли вазифа айнан насиб этди. У 40 йил Самарқанд тахтини бошқариб, илм-фан, маданият равнақига муносиб ҳисса қўшгани, юрт ободлиги, халқ фаровонлигига катта эътибор қаратгани тарихий манбаларда ўз аксини топган. Улуғбекнинг "Зижжи жадиди Кўрагоний" астрономия жадвали узоқ йиллар мобайнида дунё астрономия фанида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган.
Унинг яна бир муҳим асари "Тарихи арбаъ улус" туркий қавмларнинг тарихини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Шу билан бирга, олим ўз даврида адабиёт, ижод аҳлига катта эътибор қаратган. У ҳукмронлик қилган йилларда мумтоз ўзбек адабиётининг бир қатор вакиллари етишиб чиққан. Сак-кокий, Атоий сингари шоирлар унинг ҳимояси ва эътиборидан баҳраманд бўлишган.
Улуғбек ўта кучли қуввайи ҳофиза соҳиби бўлган. У бўш вақтларида овни хуш кўрар, ов тафсилотларини бир дафтарчага қайд қилиб борар экан. Кунларнинг бирида нима бўладию ўша дафтар йўқолиб қолади. Шоҳнинг дафтарини ҳамма ёқдан қидириб чиқишади. Аммо уни топишнинг иложи бўл-майди. Шунда Мирзо Улуғбек хотирасига таяниб, эсида қолган тафсилотларини бошқатдан янги дафтарга кўчиради. Кутилмаганда эски дафтар ҳам топилиб қолади. Мулозимлар қизиқиш туфайли ҳар икки дафтарни бир-бири билан солиштирадилар. Қизиғи шундаки, ҳар иккала дафтарда деярли бирорта тафовут топилмайди.
Тарихий манбаларга кўра, Мирзо Улуғбек милодий 1449 йилнинг 27 октябрь куни Самарқанд яқинидаги қишлоқларнинг бирида ўлдирилган. Ўша йили Димишқ қишлоғи яқинида ўғли Абдуллатиф билан бўлган урушда енгилган Мирзо Улуғбек шаҳзоданинг таклифи билан ҳажга жўнатилади. Донишманд ҳукмдор ўғлининг ўзига душман эканини яхши билсада, бунчаликка боришини кутмаганди. Хуллас, шаҳзода томонидан ёлланган қотил Улуғбекни қувиб етади ва унинг ҳаётига нуқта қўяди. Ўша пайтларда битилган бир қатор манбаларда, хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"сида ҳам бу хусусида тўхталиб ўтилган. "Шоҳруҳ Мирзо жами Мовароуннаҳр вилоятини ўғли Улуғбек Мирзога бериб эрди. Улуғбек Мирзодин ўғли Абдуллатиф Мирзо олди. Бу беш кунлик ўтар дунё учун андоқ донишманд ва қари отасини шаҳид қилди". Ҳазрат Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис" асарида ҳам Абдуллатиф ўз отасини шаҳид қилгани айтиб ўтилади. Демак, қатор манбалар Улуғбекнинг чиндан шаҳид кетганини тасдиқлайди.
Мирзо Улуғбекнинг умумбашарий қадриятларга қўшган ҳиссаси беқиёс бўлиб, у бугунги кунда ҳам ҳаётимизда улкан аҳамият касб этиб, мамлакатимизнинг халқаро обрўсини ошириш йўлида катта хизмат қилмоқда.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 159 | Добавил: admin-1 | Теги: Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек, Тарихи арбаъ улус | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]