Главная » 2016 » Декабрь » 11 » Маънавият сарчашмалари
06:51
Маънавият сарчашмалари

Она сайёрамизда кўп минг йиллар давомида инсоният томонидан гўзал ва бетакрор тарихий обидалар бунёд этилган бўлиб, улар шаҳарлар қиёфасини жозибадор ва аҳоли турмуш тарзини фаровон бўлишига хизмат қилиш баробарида, ёш авлоднинг тарбиясида ҳам беқиёс аҳамиятга эгадир. Истиқлолнинг илк кунларидан миллий қадриятларимизни тиклаш, яшаб ўтган аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни ободонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги билан биргаликда ҳомийлар ва бюджет маблағлари ҳисобидан Мир Саид Баҳром мақбараси ва Ҳазрат Қосим Шайх мақбараси мажмуи тўлиқ мукаммал таъмирланди. Шайх Хожа Хусрав мақбараси қайта қурилди. Нафақат тарихий обидаларимиз қайта таъмирланмоқда, балки уларга монанд тарзда янгилари ҳам бунёд этилмоқда. Бу улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширишда кўп минг йиллик миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолиш баробарида, ривожланган мамлакатларнинг замонавий шаҳарсозлик санъати ютуқлари билан ҳам бойитилмоқда.
Ўтган 25 йил тарих олдида қисқа давр бўлса-да, шу вақт ичида жаннатмакон Ўзбекистонимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Кенг ва равон йўллар, турфа хил гулларга бурканган чароғон ва обод кўчалар, шаҳарлардагидан қолишмайдиган қишлоқ намунавий уйлари, бир-биридан кўркам бунёд этилган истироҳат боғлари, улардаги мусиқий ва раққос фавворалар... Қисқа қилиб айтганда, буларнинг бари халқимизни қувонтирмоқда, хорижий дўстларимизнинг ҳавасини келтирмоқда. Булар, энг аввало фуқароларимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг маънавиятини юксалтиришда бебаҳо тарбия мактаби вазифасини ўтамоқда. Вилоятимизда тарихий-меъморий объектлар сони 63 тани ташкил этиб, истиқлол йилларида ушбу ёдгорликларнинг деярли барчаси қайта реконструкция қилинди. Булардан Нурота туманидаги "Чашма" меъморий мажмуаси тўлиқ таъмирланиб, ободонлаштирилди. Ёдгорлик ҳудудидаги бетартиб жойлашган пастқам тураржойлар ўрнида кўркам ва замонавий "Ёшлар" истироҳат боғи барпо этилди.
Нуроталик нуронийлар ва "Камолот" ЁИҲнинг фаол ёшлари бу файзли боғга алоҳида меҳр билан эътибор бераётир. Юзлаб манзарали кўчатлар ўтқазилди, ранг-баранг гуллар экилди. "Чилустун" ва "Катта гумбаз" масжидлари ҳам¬да туман табиий-меъморий мажмуа музейи мукаммал таъмирланди. Ҳудуддаги улуғ авлиёлар даҳмалари ва зиёратгоҳлари обод этилди. Ҳозирда бутун дунёдан, айниқса, мусулмон динига мансуб мамлакатлардан ҳар йили ўн мингдан ортиқ хорижий ва маҳаллий сайёҳ ҳамда зиёратчилар ташриф буюрмоқда.
Мустақиллик шарофати билан Кармана туманидаги Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандийнинг устозларидан бири, ҳамюртимиз, улуғ авлиё Мавлоно Ориф Деггароний меъморий мажмуаси ҳам обод гўшалардан бирига айланди. Унинг қадимий Чиллахона ва қудуқлари таъмирланди. Мавлоно Ориф Деггароний тарихий музейи ташкил этилди. Ушбу ёдгорлик юртимиздаги энг кўҳна меъморий обида. Унинг ёши минг йилга тенг. Кўплаб тарихий жараёнлар ҳақида гувоҳлик беради ва умуминсоний маънавият сарчашмаларимиздан бири эканлиги билан ҳам қадрлидир.
Улуғ бобокалонларимиз томонидан асрлар давомида бунёд этилган кўркам шаҳарларимиз ва улардаги ноёб меъморий обидаларимиз собиқ тузум даврида вайрона аҳволга келиб қолганлиги тўғрисида кўп маротаба фикр билдирилган. Аммо, бунёдкор-ҳунармандларимиз уларни қайта таъмирладилар ва шуларга монанд тарзда кўплаб янгидан-янги гўзал ва бетакрор иморатлар бунёд этмоқдалар.
Тарихдан яхши маълумки, Амир Темурнинг фармойиши билан 1380-1386 йилларда Шаҳрисабздаги Оқсарой тарихий ёдгорлиги бунёд этилган. Бино тепасига ҳовуз ва фавворалар қурдирилган. Унга Китоб тоғлари булоқларидан қамиш найлар орқали сув олиб келтирилган. Шаҳарсозликдаги бу каби ноёб ечимлар улуғ аждодларимиз томонидан қадим замонларда ўйлаб топилган, ихтиро қилинган ва бунёд этилган. Навоий шаҳридаги истироҳат боғида замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда 3 та мусиқий, рангли ва раққос фавворалар бунёд этилди. Бу ҳам шаҳарсозлик соҳасидаги яна бир ютуғимиз ҳамда аҳоли дам олиши учун севимли маскандир.
Замона зайли билан унутиб юборилган Сармишсой халқаро умуминсоний маданий мерос сифатида энг диққатга сазовор масканлардан бирига айланди. Ҳар йили уни кўриш, ўрганиш мақсадида 4 мингдан ортиқ хорижий, 10 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ ташриф буюрмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг мутахассис олимлари А. Кабиров, М. Хўжаназаров, Кристина Тодарич, Марина Риутовалар билан ҳамкорликда норвегиялик олимлар Анна Сафи ва Кнут Хелс-когглар кўп йиллар давомида қоятош суратларининг сир-синоатларини илмий ўрганмоқдалар. Шунингдек, Италия, Франция, Япония, Россия ва Қозоғистоннинг таниқли олимлари доимий равишда илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Натижада, юртимизнинг кўҳна тарихи ҳақида янгидан-янги қимматли маълумотларга эга бўлмоқдамиз.
Маънавият сарчашмалари ва улуғ қадриятларимиз мавзусида фикр юритар эканмиз, бой тарихимиз ва бетакрор маданиятимизнинг ноёб намуналарини тўплаб, улар асосида халқимизга маданий хизмат кўрсатиб келаётган музейларимиз ҳақида гапирсак тўғри бўлади, деб ўйлайман. Бугунги кунда вилоятимизда мавжуд 12 та музей юртимизнинг ўзига хос табиати, саноати, кўп миллатли навоийликларимиз ҳаёти, тарихи ҳақида қизиқарли ва қимматли маълумотлар бермоқда.

Категория: Ўзбек тилида янгиликлар | Просмотров: 154 | Добавил: admin-1 | Теги: Навоий вилоят | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]