17:54 Сайловчиларнинг фаол иштироки | |
4 декабрь куни халқимиз ўзининг хоҳиш-иродасини намоён қилган ҳолда Ватан, келажак, фарзандларимиз тақдирини ишонган муносиб номзодга овоз берди. Ҳақиқий байрам кайфиятига айланган Хатирчи туманидаги 243-сайлов участкаси ҳам эрта тонгдан ўзларининг фуқаролик бурчларини бажаришга шошганлар билан гавжум бўлди. Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 2693 нафар сайловчининг қарийб 90 фоизи куннинг иккинчи ярмида ўзларининг фуқаролик бурчларини адо этишга улгурди. — Сайлов участкаси бу сиёсий жараённи кўтаринки кайфиятда фаол ўтказиш учун ҳар томонлама шай қилиб қўйилганди, — дейди участка сайлов комиссияси раиси Улуғбек Эшмуродов. — Тиббиёт, Оналар ва болалар хоналари зарур жиҳозлар, дори воситалари билан таъминланди. Шифокорлар навбатчилиги ташкил қилинди. Маҳалла ҳудудида яшовчи 133 нафар ёш йигит-қизларимиз биринчи марта овоз бериш имкониятига эга бўлдилар. Сайлов куни участка ҳудудида истиқомат қилувчи 18 нафар ётоқдаги беморнинг хонадонига совғалар билан борилиб, уларга ҳам овоз бериш шароити яратиб берилди. Чекка ҳудудлардаги аҳоли учун 2 та автобус ажратилди. Дарвоқе, 3 декабрь куни мазкур сайлов участкасига ОБСЕ халқаро ташкилот вакилларидан франциялик Домагала Адриана ва германиялик Бальтес-мейер Цу Атруп Фридхельм ташриф буюриб, бу ерда сайловчилар учун яратилган қулайликлар, сайловга оид қўлланмалар, кўргазмали воситаларни алоҳида эътироф этишди. — Халқингизнинг бу сиёсий жараённи хурсандчилик ва сабрсизлик билан кутаётганлигини юз-кўзларидаги шодликларидан ҳам билса бўлади. Ўзбекистоннинг нафақат иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ютуқлари, балки сиёсий майдондаги нуфузи ортиб бораётганлиги ҳам ўзбек халқининг ҳуқуқий онги, билими, тафаккури юксалиб бораётганлигидан далолат беради. Биз қайси сайлов участкасида бўлмайлик, ана шундай сиёсий фаолликнинг гувоҳи бўлдик, — дейди Домагала Адриана. | |
|
Всего комментариев: 0 | |